Илмга бахшида умр

Атоқли олим Муҳсин Қодиров анъанавий ўзбек театр санъатининг йирик мутахассиси бўлган. У санъатшунослик фанида тарихий, этнографик манбалар асосида санъат тарихини тиклашдан иборат илмий йўналишга асос солган. Театршунослик фанининг равнақида, шунингдек, саҳна ижодкорлари, ёш олим ва педагогларни тарбиялашда унинг хизмати беқиёсдир.

М.Қодировнинг “Ўзбек театри анъаналари”, “Ўзбек анъанавий қўғирчоқ театри”, “Сеҳр ва меҳр”, “Саҳнамиз лочинлари”, “Навоий ва саҳна санъати”, “Томоша санъати ўтмишидан лавҳалар” каби асарлари бугунги кунда бой илмий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Олим Муҳсин Халил тахаллуси билан йигирмадан ортиқ пьеса ёзган. “Танбур ноласи”, “Кенжа қиз”, “Сирли най”, “Сеҳрли узук”, “Бахт қуши”, “Олтин бошоқ” сингари саҳна асарлари шулар жумласидан.

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида ўтказилган “Илмга бахшида умр” фотокўргазма ва хотира кечаси Ўзбекистон фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳсин Қодировнинг ҳаёти ва серқирра ижодига бағишланди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Б.Сайфуллаев, филология фанлари доктори, профессор Тўра Мирзаев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Муҳсин Қодировнинг олим, педагог ва ижодкор сифатида ўзидан қолдирган ижодий мероси ёш авлод тарбияси ва камолотида, уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишида муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Муҳсин Қодиров илмий раҳбарлигида йигирмадан ортиқ фан номзоди, ўндан ортиқ фан доктори етишиб чиққан, – дейди санъатшунослик фанлари доктори, профессор М.Тўлахўжаева. – Устоз жуда талабчан бўлиши билан бирга бағрикенг, меҳрибон ва жонкуяр эди. Биз, шогирдларини фарзанди қаторида кўрарди. 

Кўргазмада намойиш этилаётган элликдан ортиқ фотолавҳа Муҳсин Қодиров ҳаёти ва ижодини қамраб олган. Бу суратлар нафақат мухлислар, балки у билан бирга ишлаган ҳамкасблари, шогирдлари учун ҳам қимматли манбадир.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Фарзандингизни тўғри тарбиялаяпсизми?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: