Изҳор

Яна баҳор келди… Ўрик гуллари менинг армонларим, бодом гуллари менинг орзуларим. Ўйлаб-ўйлаб қоламан, ўйга толиб-толиб қоламан. Ниманидир соғингандек бўламан. Баҳорними? Баҳор келди-ку? Меҳрними? Ҳамма менга меҳрибон. Йўлда кетиб-кетиб бораман. Манзилимга етиб-етиб бораман.

Орзуларим осмон қадар, кўнглимдаги армон уммон билан баробар. Сени сўраб-сўраб кетавераман, сен юрган йўллардан ўтавераман. Изларингдан юриб-юриб кетавераман. Бироқ сен билмайсан армонларимни, юракдаги беҳисоб азобларимни. Ортингдан телба дарёдек бўзлаб-бўзлаб оқавераман, сени излаб-излаб кетавераман. Юрагимни ғашлаб-ғашлаб излайман сени, аламларни ортимга ташлаб-ташлаб излайман, излайвераман. Аммо сен йўқсан.

Қуёш новдаларни эркалайди, эрка шамол сочларимни силайди. Негадир юрагим симиллайди. Сен бунинг баридан бохабар баҳор янглиғ гўзалнинг сочларини силайсан, эркалайсан. Мен эса ҳамон сени кутаман. Водийлар гулга бурканибди. Сен яшайсан ўша ёқларда, демакки баҳор яшайди. Баҳорни соғинсам сени, сени соғинсам баҳорни эслайман. Демакки, мен тирикман. Кўзларимни юмиб-юмиб оламан, баҳор ҳавосидан тўйиб-тўйиб оламан. Ахир еллар сенинг ифорингни олиб келади димоғимга. Илк майсани қошларингга ўхшатаман, қошларингдек майин улар. Туну тонг хаёлимни банд этади хаёлинг… Хаёлим сенга етишмоқ эмас, сенинг соғ-омонлигингнинг ўзи кифоя. Сени шунчалар севаманки, ҳудди минг йиллардан бери юрагимда сақлаб юргандекман гўё…

Гуллар узра арилар ғувиллайди, капалаклар рақс тушади, ниначи нағма қилади. Буларнинг барча-барчаси жуда гўзал. Уларга тўйиб-тўйиб боқаман, ҳамма ишимни қўйиб-қўйиб боқаман. Токи сенинг ҳижронингдан ўтиб кетсам, бу гўзалликлар армон бўлмасин менга. Кўзимдан ёшлар дарё бўлиб оқади, ой тунда юзларимга ҳайрон бўлиб боқади, кўнглимни олиш илинжида осмон юлдузлардан исирғалар тақади. Бироқ, мен ҳамон баҳорни, сени соғиниб яшайман. Ахир сенсиз яшамоқ… Йўқ, сенсизлик мен учун эмас. Мен ахир сени севиш учун яралганман. Сен эса мени азоблаш учун. Нақадар бахтлиман!

Саида Ибодинова

Яна ўқинг:  Чин юрак сўзини айтиб

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: