Бори элга яхшилиғ қилғилки…

Бобур ғазали билан айтиладиган қўшиқ янграмоқда. Мумтоз куй ва қўшиқ оҳанграбоси кўнгилларни сел этади:

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ,

Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

 

Бобур номидаги Андижон давлат университети хорижий тиллар факультетида ўтказилган адабий тадбир иштирокчилари инсон қалбининг туб-тубига етиб борадиган, ҳар қандай кўнгилни ларзага соладиган қўшиқ сўзларига ҳамоҳанг тебранади, маънавий озуқа олади. Талабалар шоир ғазал ва рубоийларини ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида ўқийди. Беш асрдан кўпроқ вақт аввал яшаб ўтган улуғ аждодимиз ҳаёти ва ижодига бугун ҳам жаҳон миқёсида қизиқиш тобора ортаётгани қалбларни ифтихорга тўлдиради.

 

Жаҳон маданияти, илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти беҳаловат ўтса-да, ижодни унутмади, аксинча, адабиёт, мусиқа, тарих, география ва бошқа фанлар ривожига хизмат қиладиган дурдона асарлар яратди.

 

Собиқ тузум даврида бошқа улуғ аждодларимиз қатори Бобурнинг ҳам шахси ва ижодини ўрганиш тақиқланди. Мустақиллик йилларида жаҳон маданияти ва илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган бобокалонимизнинг шахси ва ижоди кенг ўрганилди, тадқиқ қилинди, юксак қадр топди.

 

Андижонда «Боғи Бобур» мажмуаси барпо этилиб, унинг рамзий қабр-мақбараси қад ростлади. “Бобур ва жаҳон маданияти музейи” ташкил этилди. Вилоят марказида адибнинг ҳайкали ўрнатилди. Бугун Бобур шоҳ кўчаси Андижон шаҳридаги энг обод кўчалардан биридир. Андижон давлат университети, вилоят театри ва кутубхонаси унинг номи билан юритилади. Бобур ёдгорлик музейи фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали, Бобур халқаро жамоат фонди томонидан Бобур халқаро мукофоти таъсис этилган.

 

“Боғи Бобур” мажмуаси нафақат вилоят аҳли, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан келадиган юртдошларимиз, хорижлик сайёҳлар билан ҳамиша гавжум. Бу ердан қишин-ёзин зиёратчиларнинг қадами аримайди.

 

– Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Андижонни замонавий шаҳарга айлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли “Боғи Бобур” ҳам ғоят гўзал ва обод масканга айланди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Ҳанифа Солиҳова. – Мен фарзанд ва набираларим билан бу ерга тез-тез келиб тураман. Бобур мақбарасини зиёрат қилиб, ёшларимизга боболари қандай улуғ зотлар бўлганлиги ҳақида фахр билан сўзлаб бераман. Улуғ шоир руҳи озод ва обод юртимизда рўё бераётган беқиёс ўзгаришлар, юксалишларни кузатиб, бизни қўллаб тургандай бўлади.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014-49)

 

Бобур номидаги Андижон давлат университети мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртларидан. Йигирмадан зиёд йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаётган илм даргоҳининг бакалавр ва магистратура йўналишларида 7 мингга яқин талаба замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Кейинги йилларда бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бобур номидаги мусиқали комедия ва драма театри ҳамда ахборот-кутубхона маркази маданият, маънавият ва зиё маскани сифатида халқимизга хизмат қилмоқда. Бобур халқаро жамоат фонди томонидан шоир ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

 

– Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатларга илмий экспедициялар уюштирилди, – дейди Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. – Илмий сафарлар давомида қўлга киритилган Бобур ҳаёти ва ижоди, юртимиз тарихига оид кўплаб ноёб қўлёзмалар, илмий маълумотлар “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан ўрин олган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Бобур ўз даврида “Бобурнома” асарининг уч нусха қўлёзма нусхасини тайёрлатгани маълум. Айни пайтда ана шу қўлёзмалардан бири Оксфорд, яна бири Ҳайдарободдаги музейда, учинчи нусхаси айнан бизнинг музейда сақланмоқда.

 

“Бобурнома” ҳозиргача ўттиздан зиёд тилга таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилган. Ана шу китоблардан йигирмадан ортиғи музейимиз экспонатлари қаторидан жой олган.

 

Улкан шоир меросини ўрганишда Бобур ёдгорлик музейининг ҳам алоҳида ўрни бор. Музей Андижоннинг Эски шаҳар ҳудудидаги Ҳожар Нойиб мадрасаси меъморий обидасида жойлашган.

 

– Ҳожар Нойиб мадрасаси қадимий меъморий ёдгорликлардан биридир, – дейди вилоят адабиёт ва санъат музейи директори ўрнбосари Дилшодбек Юсупов. – Тарихдан маълумки, Бобурийлар томонидан ва Бобургача қурилган Аркону давлат, подшоҳ саройи XVI аср бошларида Шайбонийлар томонидан вайрон қилинган. Талон-тарождан омон қолганлари турли зилзила ва бошқа табиий офатлар туфайли йўқ бўлиб кетган. Бизгача қадимги қалъа деворлари сақланиб қолган, холос.

 

Тарихчи олимлар Ҳожар Нойиб мадрасасида ёш Бобур таҳсил олган деган фикрни илгари суради. Меъморий обида бетакрор, ўзига хос тарх асосида бунёд этилган бўлиб, олти бурчакли ёпиқ ҳовли, учта гумбазли хона, 27 ҳужра ва нақшинкор айвонли намозгоҳдан иборат.

 

Музейга келган киши аввало қадимий меъморий санъат асари – Ҳожар Нойиб мадрасаси билан танишади. Бу маскан ёз ойлари жуда сўлим ва гўзал қиёфа касб этади, шунинг учун зиёратчилар билан гавжум бўлади. Музей экспозициясидан Бобур ҳаёти ва ижоди, унинг жаҳон маданияти, адабиётида тутган ўрни, шажараси, қудратли темурийлар салтанатини тиклаш йўлида чеккан машаққатлари, она юртдан бош олиб кетиши, Ҳиндистонга юриши, 332 йил ҳукм сурган Бобурийлар империясига асос солиши, Бобур авлодлари – Акбар, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон, Аврангзеб салтанати ва буюк Бобурийлар сулоласининг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси, Бобурийларнинг боғлар яратиш санъати, сулола томонидан барпо этилган мафтункор Тожмаҳал ҳақида кўплаб маълумотлар ўрин олган.

Яна ўқинг:  Президент янги қарорни имзолади

 

Музейдаги манбаа ва маълумотлар Бобур шоир, тарихчи, табиатшунос, тилшунос, мусиқашунос, қўйингки, унинг қомусий билимлар соҳиби бўлганидан дарак беради. Бобурнинг адабий мероси, “Бобурнома” асари, ғазал, рубоий, мухаммас, фард ва қитъа жанрларидаги бетакрор шеърияти, мусиқа санъати, жанг санъати, тилга оид асарлари ҳақида кўплаб маълумотлар музейдан ўрин олган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Ўз ижодида Ватанни улуғлаган, бир умр она юрт соғинчи билан яшаган шоир ижоди бугун ҳам ёш авлодни ватанпарварлик, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби юксак инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

 

 

Фахриддин Убайдуллаев,

ЎзА мухбири     

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: