Фармацевтика ютуқлари намойиши

Навоийда барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, фармацевтика саноатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида, ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади. Юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилгани учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган. 

Навоий вилоятида ҳам ушбу ҳужжат ижроси доирасида дори-дармон воситаларининг чакана ва улгуржи савдоси назоратини жамоатчилик асосида амалга оширувчи жамоатчилик назорат гуруҳлари ва улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Ишчи гуруҳлар томонидан барча дорихоналарнинг сотув залида дори-дармонлар нархини талаб даражасида ёзиб қўйиш, нархлар истеъмолчига яққол кўринишига, нархдаги бир хилликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча дорихона ва тиббиёт муaссасалари, шунингдек, жамоатчилик ўртасида кенг тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Кўргазмада фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган дори воситалари  намойиш этилди. 

Кармана туманидаги “Кармана Ал-Азиз Авиценна” масъулияти чекланган жамиятида табиий гиёҳларни қуритиш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. Навоий шаҳридаги “Bagil medical new technology” қўшма корхонасида замонавий технологиялар асосида бир марталик шприц ишлаб чиқарилмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, тиббий гиёҳларни қуритиш ва қадоқлаш цехини ишга туширдик, – дейди “Кармана Ал-Азиз Авиценна” масъулияти чекланган жамияти раиси Шоҳрух Шаропов. – Жорий йилнинг иккинчи чорагида доривор экстракт ва қиёмлар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади. Бу лойиҳа асосида қўшимча ўндан ортиқ иш ўрни яратилади ва  яна 5 турдаги тайёр табиий дори воситалари ишлаб чиқарилади.

Яна ўқинг:  Аёл сийрати суратларда

Ўтган йили вилоятда тиббиёт воситалари, тайёр дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 4 лойиҳа ишга туширилиб, 40 янги иш ўрни яратилган. 2017-2021 йилларга мўлжалланган тизимли режага асосан яна 26 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу 357 янги иш ўрни яратиш имконини беради.

 

Н.Раҳимов,

ЎзА мухбири

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: