Қарс икки қўлдан…

дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг арзонлашиши барчамизга боғлиқ

Бемор бўлмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган. Бироқ одамлар пешона тери билан топган пулига қиммат нархда дори-дармон сотиб олишга мажбур бўлса, бир дорини турли дорихонада ҳар хил нархда кўриб, арзонроғини излаб сарсон-саргардон юрса, бу борада ижтимоий адолат таъминланмаганидан норозилик пайдо бўлмайдими? 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борадаги муаммоларни кун тартибига қўяркан, унинг ҳаётий ечимларини ҳам белгилаб бераётгани, аввало, соҳада аниқ ишлайдиган тизимни яратишга, бу борада ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

“Бу қарзни узиш вақти келди”

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 16 сентябрдаги қарори билан 2016-2020 йилларда мамлакатимиз фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир 67 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съездида “арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва, ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди. Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз”, деб таъкидлади.

Кўп ўтмай – 2016 йил 31 октябрда давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ 2017 йил 1 январдан маҳаллий ва импорт дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотувида, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чегараланган савдо устамалари белгиланган.

Президентимизнинг 2016 йил 20 декабрдаги қарори билан бу борада 343 дори-дармон воситаси ва тиббиёт буюмининг рўйхати шакллантирилди, уларнинг 227 ном ва турдагиси импорт қилинади. Мамлакатимиздаги даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси уларнинг чегараланган нархларини тасдиқлади. Шу йил 1 январдан мамлакатимиздаги барча дорихонада маҳаллий дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг чегараланган чакана нархлардаги сотуви йўлга қўйилди.

Яна ўқинг:  “Саломатлик” поезди: МАНЗИЛЛАРДА

Ўртача нарх 44 фоизгача арзонлашди

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, бугун халқимизга қарийб 5,5 минг дорихона ва уларнинг икки мингдан зиёд филиали хизмат кўрсатмоқда. Республика комиссияси тасдиқлаган рўйхатдаги чегараланган нархлар билан маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ўртача нархи 8 фоиздан 44 фоизгача арзонлашди. Дейлик, чакана савдода “Левокарнитин” препарати (50 мл) 2016 йилда ўртача 92 минг сўмдан сотилган, энди 89,7 минг сўмдан ошмайди ёки “Галантамин” препарати (1 мл) олдин ўртача 52 минг сўмдан сотилган, бугун унинг чакана нархи 48,3 минг сўмгача…

Тошкент шаҳридаги қатор дорихоналарда вазиятни ўрганиб, Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги қарори ижросини таъминлашга киришилганига гувоҳ бўлдик. Аксарият дорихоналарда барча дорихона учун мажбурий бўлган энг зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, рецептсиз бериладиган дори воситалари, Республика комиссияси тасдиқлаган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг чегараланган нархлари рўйхатлари, 2016-2017 йиллар учун фармацевтика воситаларининг қиёсий жадвали илиб қўйилган. Бироқ айрим дорихоналарда бу рўйхатлар бус-бутунлигича ойнали рамкага солиб қўйилган. Бу аҳоли учун муайян ноқулайлик туғдиради. 

Кучли жамоатчилик назоратига эҳтиёж

Шу кунларда кўпчиликни бир савол қизиқтирмоқда: энди дорихоналарда нарх бир хил бўладими?

– Аввало, бир жиҳатни яхши англаб олиш керак: бугун бозор иқтисодиёти – бир дорихона биноси хусусий мулк, яна кимдир бинони ижарага олган, транспорт харажатлари ҳар хил, шу боис улар чакана нархларни шу омиллардан келиб чиқиб белгилайди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло Жалилов. – Лекин бунда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чегараланган нархлардан ошмаслиги шарт. Агар қайсидир юридик шахс дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартибини бузса, уларга қатъий жазо қўлланилади, ҳатто лицензиясини бекор қилиш ҳам кўзда тутилган…

Мутахассисларнинг айтишича, дорихоналар ўртасида рақобат кучайса, нархлар пастлайверади: кимдир кеча 19 фоиз чегараланган савдо устамаси қўйган бўлса, энди уни 15 фоизга туширади ва ҳоказо. Бироқ яна бир масала кўндаланг турибди – рақобат кам жойда, дейлик, қишлоқдаги ягона дорихонада 20 фоизгача чегараланган савдо устамаси қўйиш ҳуқуқи сақланиб қолаверади.

Яна ўқинг:  ОСТОНАСИ ОЛТИН ДЕЙМАН УЙИМНИ

Бугун “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимида 232 дорихона, 1 минг 184 дорихона филиали бор, мингдан ортиқ дорихона филиали қишлоқларда, жумладан, уларнинг 758 таси қишлоқ врачлик пунктларида ташкил этилган, 114 “сайёр дорихона” мавжуд, ижтимоий дорихоналар кўпаймоқда. Лекин улар барча ҳудудни қамраб олмаган. Шу боис қишлоқларда дори савдосида кучли рақобат муҳитини яратиш долзарб масала бўлиб турибди.

Бу борада бугун аҳолини қизиқтираётган яна бир муҳим масала, шубҳасиз, импорт дорилар нархининг тартибга солиниши. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 14 январда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида таъкидлаганидек, “бу соҳада қиммат дориларнинг 45 фоизини импорт дорилар, бунинг устига, нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилган дорилар ташкил этади”.

Республика комиссияси 227 ном-турдаги импорт дори воситалари ва тиббиёт буюмларига чегараланган контракт нархларни тасдиқлаган. Энди тендерда ғолиб чиққан компаниялар уларни чегараланган контракт нархларда импорт қилади, сўнг рўйхатдаги фармацевтика препаратлари миллий валютамизда белгиланадиган чегараланган улгуржи ва чакана нархларда сотувга чиқарилади. Натижада бу борада ҳам нархлар ҳозиргисига нисбатан анча арзонлашади… 

Врач зарур дорини ёзиб бериши керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев тиббиёт ходимларининг “керагидан ортиқча дорини беморга ёзиб бериши тиббиётнинг ҳамма тизимида бор, қишлоқ врачлик пунктларида ҳам, туман-шаҳар поликлиникаларида ҳам, ҳатто шифохоналарда ҳам бор. Буни бартараф қилишнинг йўли битта: ҳамма бўғинда ҳар бир касаллик бўйича аниқ клиник стандартларни татбиқ қилиш керак. Чунки битта диагноз билан қайси ҳудудда ва бўғинда бўлмасин, врач зарур дорини ёзиб бериши керак”, деб таъкидлади.

Бу масалага кўпчилигимиз дуч келганмиз: муайян касаллик билан икки шифокорга борсангиз, иккови икки хил дорини ёзиб беради. 

– Икки-уч йил аввал қизимнинг томоғидаги бодомчасимон безлари яллиғланди, яъни тонзиллитга чалинди. Бир қанча шифокорларга олиб бордим, улар қулоч-қулоч антибиотиклар ёзиб бераверди, қизим бир тузалиб, тағин касал бўлаверди, – дейди пойтахтлик Ғайбулла Эшбобоев. – Шифокорга боришдан безиб қолдик, бир куни поликлиникамиздаги оила шифокори қизимни текширгач, танбеҳ бериб, “бу касаллик ҳар куз-баҳорда қайталанади, антибиотикларга ружу қўйиб қизингизнинг ўзи шундоқ ҳам сусайган иммун тизимини бутунлай ожиз аҳволга солибсизлар-ку. Чунки антибиотиклар касаллик вируси билан бирга, фойдали ичак микрофлораларини ҳам нобуд қилади, оқибатда, одамда касалликка қарши курашиш сусаяди”, деди. Сўнг у қизимни назоратга олиб, керакли дорилар воситасида, шунингдек, режим билан оддий намакобга ғарғара қилдириб, мевалар шарбати ва турли витаминлар ёрдамида тонзиллитни даволади. Шундан буён дори сотиб олишдан олдин унинг йўриқномасини синчиклаб ўқийдиган бўлдим. 

Яна ўқинг:  “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” нима?

Ҳа, Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт мутахассислари билан учрашувда “халқимизнинг тиббий маданиятини юксалтириш, бу борада менталитетни ўзгартириш” ҳақида бежиз куюниб гапирмади. Бу – дори харид қилиш маданиятига ҳам дахлдор масала.

Ўнлаб дорихоналарда харидорларни кузатдик. Дорининг сертификати ёки унинг йўриқномаси билан қизиққанларни, афсуски, кам учратдик. Баъзилар ҳатто тўлов чекини ҳам олмай чиқиб кетмоқда. Жамоатчилик назорати суст бўлса, дорилар нархидаги тафовут камаярмиди? Ахир, қарс икки қўлдан эмасми?!.

Қисқача айтганда, мамлакатимизда аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш борасидаги ишлар қатъий тартибга солинмоқда. Бу тез орада ҳал бўлиб қоладиган, осон битадиган иш эмас, албатта. Мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг ҳаётимизга тезроқ сингиши ва реал фойда бериши учун барчамиз бирдай ҳаракат қилишимиз керак. Зотан, “сен – менга тегма, мен – сенга тегмайман”, деган кайфият билан ишлашнинг, яшашнинг вақти ўтди. Мавжуд аҳволни, вазиятни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз, меҳнатимиз билан ўзгартирмасак, ҳеч ким четдан келиб бу ишни биз учун қилиб бермайди.

 

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: