Мутолаа маданияти

Китоб – инсонни эзгуликка чорловчи нурдир. Ким қачон, қандай ҳолатда, қайси йўналишдаги китобни ўқимасин, ундан аввал ўзи билмаган ахборотни олади. Кишилик жамиятида китобни танлаб ўқишнинг ҳикмати катта. Яшаш тарзи, касб-кори, географик ҳудуди, миллатидан қатъи назар, ҳар ким китоб ўқийди, мутолаа орқали билим доирасини кенгайтиради. Ўз олдига қўйган мақсадига эришади.

МАЪНАВИЯТ САРЧАШМАСИ

– Китоб ўқийдиган одамнинг қалби гўзалликка мойил бўлади, – дейди Ўзбекистон Миллий университети доценти, адабиётшунос олим Узоқ Жўрақулов. – Бу яхши, албатта. Китобхонлар тоифаси ҳар хил. Кўпинча бадиий адабиёт билан ошно тутинган замондошларимизни бошқалар билан таққослайман. Уларнинг айримлари китобни танлаб, саралаб, муаллифи кимлигини билиб ўқийди. Айримлари дуч келган роман, қиссани мутолаа қилади.

Сир эмаски, бугун дунёда адабиёт ҳам бизнесга айланиб боряпти. Бозор адабиёти ривожланишида, дўконлар тўлиб кетган. Бадиий адабиёт намуналари ичида ҳақиқий маънодаги маънавий озуқани бера оладиганлари борми? Айрим адиблар ўз руҳиятидаги тушкунликни асарга кўчириб, таъсирли жумлалар билан уни ўқувчи онгига сингдиришга уринмоқда. Қизиқ, “оммавий маданият” кун сайин ўз аудиториясини кенгайтириб бораётган бир даврда кишиларда маънавий иммунитетни шакллантириш ўрнига аксинча, уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатишдан мақсад нима? Тилга тушиш, машҳур бўлишми?

Китобхон ўқиган китобидан ўзига қандайдир хулоса ола билиши керак. Бора-бора бу хулосалар йиғилиб, улкан кучга – маънавиятга айланади. Маънавиятли шахс эса китоб дўконига кирганида, ўз дидига, эҳтиёжига мос китоблар харид қилади. Унинг маънавий диди юксаклиги шу жойда фойда беради, бу эса унда йиллар давомида шаклланган. Оила муҳитининг ҳам бу борада ўрни катта. Аввало, ота-онанинг ўзи китобхонми? Боласи китоб ўқимаётганида унинг айби борми?

ТАНЛАБ ЎҚИШ САНЪАТИ

Шарқ халқларида азалдан илм олишга, маърифатга интилиш юқори бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий беш-олти ёшлигидаёқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ-ут тайр” асарини мутолаа учун танлаган, қисқа муддатда ўқиб улгурган, уни сатрма-сатр ёд олган. Мазмунини мурғак дилига жо айлаган. Шунинг таъсирида шоирнинг китоб танлаб ўқишга нисбатан дид-фаросати шаклланган.

Ҳар бир даврнинг олиму фозиллари, шоиру адиблари кўп. Улар китоб мутолаа қилиб шахс даражасига етишдилар. Бугунги авлоднинг баркамоллиги учун яратилаётган шарт-шароитни санаб адоғига етиш мумкинми? Йўқ. Ўқув муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкам. Ҳар бирида кутубхона мавжуд. Ўқувчи-ёшларнинг касбий билимларни пухта эгаллашини кутубхоналар хизматисиз тасаввур қилиш мушкул.

Яна ўқинг:  Ta’zim sizga

– Кутубхона – иккинчи уйим, – дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети биология факультети талабаси Лазиз Ҳамроев. – Биз талабаларнинг ихтисослигига тегишли бўлган ўқув адабиётлари бу ерда беҳисоб. Илмий китобларнинг энг янгисини, бадиий асарларнинг эса энг қадимийсини ўқиган маъқул, дея кўрсатма беради бизга китоб танлаш бўйича устозларимиз. Биология фани организмларни ўрганади. Битта китобни ўқиб чиқиш, мағзини чаққунча баъзида ойлаб вақт кетади. Агар ундаги маълумотлар сал эскирган бўлса, бундан ҳушёр бўлишимиз керак. Кутубхонага кирарканман, доимо шу қоидага амал қиламан. Агар анча йил аввал нашр қилинган бўлса, кейинги нашрини сўрайман. Ҳар қалай охирги нашридаги маълумотлар талабанинг олдига қўйилган мақсадга мосроқ тушади. Ахир, менга янги китоблар керак. Ҳозир “Одам анатомияси”, “Биология назарияси” каби китобларнинг энг сўнгги нусхасини ўқияпман.

КИТОБ ХАРИДИДА ТАНЛОВ

Китоб босиб чиқаришнинг машаққати ҳам, харажати ҳам оз эмас. У қоғоздан, қоғоз эса дарахтдан ясалади. Бу ишга минг­лаб кишиларнинг меҳнати, кучи ва албатта, қимматли вақти сарф бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Китоб дўконларида тизилиб турган босма маҳсулотларнинг ҳар бири ортида кўплаб инсонларнинг меҳнати ётади. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир китобнинг ўз хариди бор.

“Шарқ зиёкори” китоблар дўкони гавжум. Ҳар бир харидор ўзини қизиқтирган бадиий, илмий-оммабоп асарни танлаш билан банд. Кимдир эртаклар жавонида тўхтаса, кимдир жаҳон адабиёти дурдоналарига кўз югуртиради. Айримлар ўз касбига оид илмий-оммабоп китоблар, турли қўлланмалар билан танишмоқда.

– Университетимиз ўқитувчиларидан ўрганган энг катта сабоқларимдан бири китобни танлаб мутолаа қилишдир, – дейди китобхон харидор Ситора Раҳмонова. – Уйи­мизда китоб кўп, аксарияти жаҳон адабиёти дурдоналари. Фарзанд­ларим баъзан бу китобларни қўлига олиб кўришади. Уларни китобни танлаб ўқишга ўргатяпман. Маънавиятни шакллантиришдан олдин кишининг руҳияти соғлом бўлиши ҳақида бош қотириш лозим. Ҳаётни эрта англашга ўргатиш – муҳим масала. Бунинг учун бола эртак тинглаши, ўқиши, шу орқали ҳаётни ўрганиши лозим.

БИР ҚАДАМ ОЛДИНДА

Дадам менинг қўшни қишлоқдаги обрўли мактабда ўқишимни хоҳлаганлар. Ҳар куни эрталаб оғриниб йўлга чиқардим. “Ўзимизнинг мактабда ўқисам бўлмайдими”, дея савол берсам, “У мактабда яхши ўқитувчилар кўп”, деб ўзини оқларди дадам. Энди ўйлаб қарасам, отам тўғри йўл тутган экан. Барча ота-оналар каби у киши ҳам боласининг ҳар томонлама етук инсон бўлишини хоҳлаган-да.

Яна ўқинг:  Биотехнологиядаги кашфиётлар амалиётга татбиқ этилмоқда, —

– Ўқитувчи китобни танлаб ўқишга мажбур, у оддий китобхон сингари ҳуда-беҳудага вақт сарфлаб, китоб варақламаслиги керак, – дейди халқ таълими аълочиси Бахтиёр Абдиев. – Унинг оқсашга ҳам ҳаққи йўқ, ўз фани доирасида доимо изланишда бўлиши шарт. Мен жаҳон математикларининг китобларини кўп ўқийман. Улар асосида қўлланмалар қилиб, ўқувчиларимга тарқатаман. Фойдаланган манбаларим рўйхатини кўрсатаман. Болалар мазмунан шу адабиётларга яқин бўлган бошқа китобларни топиб ўқишади, буни кўриб ич-ичимдан севинаман. Уларда китоб танлашдек дидни шакллантира олибман, деб ҳурсанд бўламан. Икки нафар ўқувчим хал­қаро олимпиадада иштирок этиб, бу фандан фахрли ўринларни қўлга киритди.

Атоқли адиб Асқад Мухтор “Китоб – бойлик, сотиб олингани эмас, ўқилгани”, дея бежиз айтмаган. У фақат инсонга хос бўлган илмий-маънавий эҳтиёжни қондирувчи восита. Китоб чоп этилар экан, у албатта, китобхонларнинг дунёқарашини кенгайтириш учун хизмат қилади. Кимдир ижтимоий-сиёсий, яна кимдир илмий-оммабоп асарларни ўқийди. Айримлар эса ички эҳтиёждан келиб чиқиб бадиий адабиётларни мутолаа қилади. Бошқа бировлар илмий-оммабоп қўлланмаларни ўрганиб, унинг мағзини чақишга интилади. Муҳими эса, ҳар бир китоб ўз аудиториясига етиб бориши, ўз ўқувчисини топишидадир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: