Соғлом ва баркамол фарзандлар орзу-мақсадимиз, ҳаётий манфаатларимиз тимсолидир

Юртимиздаги ҳар қайси инсон, ҳар қайси оиланинг энг эзгу орзу-мақсадлари, ҳаётий манфаатлари, авваламбор, унинг фарзандлари тимсолида намоён бўлади, рўёбга чиқади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Ҳар бир инсон учун дунёда энг муҳими, озод ва ҳур диёрда ҳеч қандай ҳуқуқлари чекланмай, эмин-эркин яшаши, касбу кор танлаши ҳамда оила қуриб, фарзандлар тарбиялашдир.

Донолар фикрига кўра одамга ота-она томонидан қўйилган чиройли исм, тўғри танланган касб, шунингдек, яхши умр йўлдоши унинг тақдирини белгилар экан. Қувонарлиси, мустақил Ўзбекистонимизда барча миллат ва элат вакилларининг ана шу бахтга сазовор бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани, қалбимизни шукроналик туйғусига тўлдиради.

Мамлакатимиз мустақиллик йилларида оғир ва машаққатли улкан ислоҳотлар даврини ўз бошидан кечирди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг халқ билан ҳамжиҳатликда олиб борган ва узоқни кўзлаган одил сиёсати сабабли ҳар жабҳада катта ютуқларга эришдик.

Тарихан қисқа давр, яъни ўтган 25 йил давомида одамлар онгу тафаккури бутунлай ўзгарди. Эзгуликка асосланган динимиз, бой она тилимиз ўзимизга қайтди. Миллат қадди тикланди. Миллий қадрият ва анъаналар бор бўй басти билан жаҳонга юз тутди. Миллий армиямиз шаклланди. Дунё бизни таниди ва биз ҳам “ўзбек модели” деган ўзига хос тараққиёт йўлимиз билан оламшумул ютуқларни қўлга киритдик.

Мустақил ўзбек давлати асосчиси, буюк йўлбошчимиз ва Юртбошимиз томонидан истиқлолнинг илк йиллариданоқ аждодларимизнинг бой маънавий ва маданий меросига таянган ҳолда амалга оширилган халқимизнинг генофондини яхшилашга қаратилган “Соғлом она – соғлом бола” ғояси амалда кенг қулоч ёйди. Диёримизда ҳукуматимиз томонидан спортга, айниқса, болалар спортига қаратилаётган катта эътибор туфайли мамлакатимиз ёшлари жаҳон ареналарида энг юқори шоҳсупаларни забт этиб, турли халқаро нуфузли мусобақалар ҳамда Олимпия ўйинларида дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Нафақат тўрт мучаси соғлом йигит-қизларимиз, балки имконияти чекланган спортчиларимиз ҳам ўтган йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик ёшлар нималарга қодир эканлигини исботлаб, юртимизнинг спорт салоҳиятини бутун дунёга намойиш этди.

 

Ўзбекистонда илк бора 1993 йилда таъсис этилган “Соғлом авлод учун” I ва II даражали ордени ҳам юртимизда келажак авлод саломатлигига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яққол тасдиғидир.

 

Яна ўқинг:  Пуфакчали соҳил

Шунингдек, аҳолининг кам таъминланган, кўп болали, имконияти чекланган, кекса ва ёлғиз ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам 1993 йил 23 апрелда ташкил топган. Ушбу фонд ўтган вақт давомида эл орасида маънавий-маърифий, ижтимоий, гуманитар, таълим, спорт, соғломлаштириш йўналишларидаги давлат дастурлари ва халқаро лойиҳаларни мунтазам амалга оширишда кўмаклашмоқда. Жумладан, ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган ва оёқларнинг туғма нуқсонлари (маймоқлик), бўйин қийшайиши билан боғлиқ туғма ортопедик касалликларга чалинган, туғма юрак нуқсонлари билан туғилган ва сурункали остеомиелит билан касалланган болаларни чет эл клиникаларида тезкор даволаш ва соғломлаштириш, куйишнинг асоратлари бўлган болаларни пластик операция қилиш бўйича кўплаб хайрли ишлар қилинди. Қолаверса, мана бир неча йилдирки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди анъанавий тарзда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизнинг энг чекка ва экологик жиҳатдан яшашга ноқулай ҳудудларига “Саломатлик” поездини юбормоқда. Бу поездда малакали мутахассис шифокорлар жойлардаги “Амбуланс” тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари ходимлари билан ҳамкорликда фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишмоқда.

Фонднинг Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳудудий филиаллари ҳамда уларнинг туман таянч масканлари билан халқ саломатлигини муҳофаза этиш йўлида жонбозлик кўрсатишмоқда.

Шуни қувонч билан айтиш жоизки, 2016 йилги эркин ва демократик ҳамда ошкоралик билан ўтказилган сайловда сайланган Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги ўз маърузасида жойларда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўтган йилнинг 25 сентябрида Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхона ташкил этилган эди. Бугунгача ушбу қабулхонага 386 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг электрон қабулхонасига айланган бу тизим халқ билан мулоқот учун очиқ майдонга айланди, десак асло муболаға бўлмайди. “Куч – адолатда” дея буюк Амур Темур бобомиз ўз “Темур тузуклари”да ёзиб қолдирган. Одамлар тили билан дили бир раҳбарга эргашади. Унинг адолатли қарорига ишонади. Шундай экан, ҳар биримиз энг аввало ўз уйғоқ виждонимиз овозига қулоқ тутиб яшасак, ишимиз унади ва ҳамиша халқ орасида юзимиз ёруғ бўлади.

Яна ўқинг:  Никоҳ олди тиббий кўрикнинг аҳамияти

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам бевосита аҳоли билан ишлайди. Бир сўз билан айтганда ходимларимиз эл ичида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганади. Энг чекка ва узоқ қишлоқларда яшовчи ижтимоий ёки тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг ҳам мурожаатини эътиборсиз қолдирмайди. Уларни атрофлича ўрганиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда масалага ечим топишга ҳаракат қилади.

Ўйлайманки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг муносиб издоши, халқимиз ишониб сайлаган Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқимиз “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да қабул қилинадиган давлат дастури асосида аҳолининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлиги янада юксалишига ишонади.

Бу эзгу мақсадларни амалга оширишда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшади, деб ишонч билан айта оламан.

 

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: