Юксак марраларга эришган ёшлар
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчилари ва фаоллари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ва бошқа стипендиялар истеъдодли йигит-қизларни рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун Ўзбекистон ёшлари “Эртанги кун бизники, марра бизники! Ватанимизнинг эртанги тараққиёти бизнинг қўлимизда!” деган эзгу ғоя ва эътиқод билан яшамоқда.
Биринчи Президентимизнинг 2003 йил 4 августдаги фармонига асосан “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан халқимизнинг ифтихорига айланган, юксак ватанпарварлик, фидойилик туйғуси, меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳратини юксалтиришга, унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилаётган, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, тенгдошларига намуна бўлаётган ёшлар тақдирлаб келинмоқда.
Ушбу кўкрак нишонига номзодлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қуйи ташкилотлари ва жамоатчилик томонидан тақдим этилиб, совриндорларга мукофот Ҳаракат марказий кенгашининг қарори асосида берилаётир. Зеро, бугун мамлакатимизда соғлом фикрли ёшларни ўз атрофида бирлаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва манфаатларини таъминлашда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳам муҳим ўрни бор. “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонининг Ҳаракат томонидан топширилиши ёшларни ушбу ташкилот атрофида янада жипслашишга, уларни бир куч бўлиб, ўз билим ва истеъдоди, фидойилиги билан Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга рағбатлантирмоқда.
Маросимда илм-фан, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда ўқиётган, ишлаётган ҳамда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиб, юксак натижаларга эришаётган 50 нафар йигит-қизга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони тантанали топширилди.
Тақдирланганлар орасида Тошкент давлат аграр университети магистранти Маъмура Халилова ҳам бор.
Маъмура 2015 йил Беруний номидаги давлат стипендияси, “Камолот” стипендияси соҳиби, “Юрт келажаги”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловлари ғолиби бўлган.
– Биз, ёшларнинг мана шундай табаррук юртда туғилиб ўсганимиз, шу муқаддас замин, шу азиз Ватан фарзанди эканимиз энг буюк бахтимиздир, – дейди Маъмура Халилова. – Илмий изланишларим натижалари мамлакатимиздаги ва халқаро журналларда нашр қилинган. Барча ёшлар қатори Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилиш – энг улуғ мақсадимдир.
Тадбир ёш ижрочилар ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Дилшод КАРИМОВ,
ЎзА мухбири