“Хавфли” бармоқчалар

Фарзандингиз бўлажак ихтирочи. Ёш бўлишига қарамасдан жуда қизиқувчан, шундай эмасми!? Жажжи қўлчалари билан чиройли ва бежирим нарсалар ясайдики, асти қўяверасиз. Майда тошлардан ажойиб декорациялар тайёрлайди. Хазонрезги мавсумида дарахт оралаб, турфа баргларни танлаб олади-да, улардан гўзал коллекция яратади. У шу йўсинда дунёни англайди, ҳаётни ўрганади. Боланинг келажаги ана шу моҳир, бунёдкор қўлларида. Шунингдек, бебаҳо саломатлиги ҳам.

Бежизга саломатлик борасида тўхталмадик. Зеро, қизиқувчан болажон кўпгина жисмларни ушлаб кўриб, улардан турли буюмлар ясайди. Натижада у бехосдан қўлларини оғзига солади, улар ёрдамида кўзларини ишқалайди. Организмнинг юза қисмидаги хатар энди ички муҳитга хавф сола бошлайди.

Изланишлар шуни кўрсатадики, ер юзида 100 миллионга яқин турли бактериялар мавжуд. Уларнинг айримлари киши саломатлиги учун у қадар хатарли эмас. Аммо микроб ва бактерияларнинг кўпи одамда, айниқса, болаларда жиддий касалликларни қўзғаши мумкин. Таъкидлаш жоизки, бактериялар +10 дан +55 даража шароитда ҳам кўпайиши мумкин. Улар 100 даража совуқ ҳароратда ҳам яшай олади. Айримлари эса +110 даражада ҳам кўпая олиш хусусиятига эга. Баъзи бактерия ва микроблар +140 даража иссиққа ҳам бардошли.

Инсон танасидаги микроблар организмдаги тўқимларда яшовчи зарарли бактериялардан 10 баробар кўп бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига кўра беш ёшгача бўлган 1,5 миллионга яқин болалар ич кетиши (диарея)натижасида ҳаётдан эрта нобуд бўлади. Бу айнан ювилмаган қўллар орқали содир бўлади. БМТ ва ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан 15 октябрь санасини “Тоза қўллар куни” деб эълон қилиниши ҳам мазкур муаммонинг нечоғлик аҳамиятли эканини кўрсатади.

Болаларимизни тез-тез безовта қилиб турадиган меъда-ичак тизимидаги муаммоларнинг асосий сабабчиси ҳам қўллар орқали организмга тушаётган микроблардир. Шунинг учун болажонларда тозалик кўникмаларини уларнинг кичиклигиданоқ шакллантириб, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишини назоратга олишимиз муҳим саналади. Мутахассисларнинг берган маълумотига кўра ер юзидаги кўпгина инсонлар, шу жумладан, болалар қўлларини тоза ювмайди. Бор йўғи 5 фоизгина инсонлар бундан мустасно. Шахсий гигиенанинг етарли даражада шаклланмаганлиги туфайли мактаб ёшидаги болаларнинг ҳар 10 тасининг олти нафарида қўллари нопоклиги сабабли кўпгина дардни юқтиради. Натижада улар тез-тез ич кетиши, қорин оғриғи, сальмонеллёз ва нафас йўллари тизими йўлларида ўткир бронхиал астма хасталигига чалинади. Шунингдек, болаларнинг тоза ювилмаган қўлларида гельминтларнинг тухумлари яширинган бўлиши мумкин. Бу эса уларнинг организмига паразитларнинг тушиш хавфини оширади. Гельминтлар қулай муҳитда жуда тез тарқалади. Зеро, острица тухумлари болаларнинг қўллари ва тирноқлари орасида уч ҳафтагача яшаши мумкин.

Яна ўқинг:  Хушовоз Сарвиноз

Ҳимоянинг энг содда йўли болага аввало тозаликка амал қилиш кўникмаларини қатъий ўргатинг. У фойдаланадиган ўйинчоқ, идишлар, буюмларининг тозалигига эътиборли бўлинг. Мунтазам қўлларини ювиб туришини назоратга олинг. Бунда уларни тез кўпирадиган ва хушбўй хидли совунлар билан сийлаш яхши самара беради. Зеро, кўпиклар билан ўйнаш, болаларнинг жону дили.

 

Қўлларни ювиш вақти 20-25 сониядан кам бўлмасин. Бу жараёнда кафтлар, бармоқлар оралиғи ва учларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зеро, бола қўл ювиш пайтида тананинг айнан ана шу соҳалари тоза ювилмай қолади.

 

Болангизга оддий тажриба орқали микробларнинг тез юқтириб олиши ҳақида яхши тушунча бериш мумкин. Бунинг учун фарзандингиз қўлларига оқ кукун, ёки ун сепиб қўйинг. Маълум муддат у билан юриб кўрсин. Хона бўйлаб қолган оқ излар айнан у микробларни илинтириб олган жойлар эканлигини уқтиринг. Жониворлар билан мулоқотда фарзандингизни қатъий назоратга олинг. Зеро, ит ва мушуклар нафасидан ҳам хавфли микроблар ажралиб чиқиши мумкин.

Ўқувчиларнинг мактаб сумкасида, албатта, антибактериал нам сочиқчалар ёки бактериялардан ҳимоялайдиган санитайзер (махсус гел)лар бўлишини таъминланг. Махсус спрейлар таркибида антисептик спирт мавжуд. Бу эса микробларни танада кўпайишидан асрайди. Унинг қулайлиги шундаки, бола махсус сочиқ, сув ёки совунга эҳтиёж сезмайди. Маҳсулот танлашдан аввал унинг аллергик хасталикларни қўзғамайдиган, ўткир ҳидли эмаслигига эътибор беринг.

Бўлғуси билағонларга микроблар ва бактериялар ҳақида кўпроқ маълумот беринг. Уларга бир маротаба бўлса ҳам микроскоп ёрдамида кўз илғамас хавф-хатарнинг кўринишини кўрсатинг. Бу албатта ўз самарасини беради.

 

М. ТОЛИПОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: