Тиббий-ижтимоий патронаж тизимига 20 йил: анжуманда галдаги вазифалар белгилаб олинди

Пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон Республикасида Тиббий-ижтимоий патронаж тизимининг ташкил топганига 20 йил тўлиши муносабати билан ташкиллаштирилган республика конференцияси том маънода тиббиёт ходимларининг байрамига айланиб кетди.

“Соғлом авлод – юрт келажаги” номли мазкур тадбирда юртимизнинг турли минтақаларидан келган соҳа фаоллари, фахрийлар, патронаж бригадалари, соғлиқни сақлаш ва мудофаа вазирликларининг етакчи вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Бинонинг кириш қисмида патронаж тизими фаолиятини очиб берувчи деворий стендлар, фотоальбомлар, шунингдек, фармацевтик компанияларнинг кўргазмаси ташкил этилди.

Дастлаб “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси С. Инамова конференцияни табрик сўзи билан очиб берди. Сўнгра соҳа ривожига ҳисса қўшган бир гуруҳ фахрийлар республикамизда тиббиёт соҳаси ривожига бўлган юксак эътибор, унинг келажакдаги истиқболи хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. Қолаверса, тизимдаги янгиликлар ва юксалишларни алоҳида эътироф этишди. Тадбирнинг фахрий меҳмонларидан бири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наима Маҳмудова Тиббий-ижтимоий патронаж тизимининг кечаги ва бугунги ҳолати ҳақида тўхталиб, шундай деди:

– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1993 йилнинг 23 апрелдаги фармонига биноан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташкил этилган эди. Унинг мақсад ва вазифалари мамлакатимизда жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлоднинг туғилиши ва тарбияланишига эришиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдан иборат этиб белгиланди. 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Тиббий-ижтимоий патронажнинг ўтган даври билан бугунги кунини солиштирар эканман, қисқа давр ичида улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдаман. Бир сўз билан айтганда, 20 йиллик натижалар таҳсинга лойиқ. Буни соҳада қўлга киритилган ютуқлар мисолида кўриш мумкин.

Тадбирнинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лазиз Тўйчиев бир қатор касб фидойиларини “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлади.

– Менинг камтарона хизматларим юксак баҳоланганидан жуда хурсанд бўлдим. Қувончимни сўз билан таърифлай олмайман. Ушбу мукофот менга келажакда ўз устимда янада қатъий ишлашимга туртки бўлади, – дейди “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони соҳибаси Зулхумор Шарапова.

Яна ўқинг:  Виртуал қабулхона: муаммолар ўз ечимини топмоқда

Шундан сўнг “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқарув раиси С. Инамова Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимининг 20 йиллик натижалари хусусида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида республикамизда кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан 4 миллиондан ортиқ фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 1 миллион 972 мингдан ортиғи аёллар, 1 миллион 131 минг нафари болалар ҳиссасига тўғри келади.

Биргина 2016 йилнинг шу даврига қадар республикадаги 3 мингдан зиёд оилаларга манзилли мурувват ёрдамлари етказиб берилди. Шунингдек, 1323 нафар фуқарога мурожаати бўйича ёрдам кўрсатилди.

Анжуман давомида “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Республика бошқарув раиси ўринбосари Дилшода Мирзажонова “Аҳоли саломатлиги йўлида маҳалланинг роли” мавзуида маъруза қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Қиличев 2016 йилда “Соғлом она ва бола” йили Давлат дастури доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан амалга оширилган тадбирлар борасида ўзининг ижобий фикрларини баён этди.

Тадбирнинг биринчи қисми якунида Тиббий-ижтимоий патронаж тизимида фаолият кўрсатган фахрийлар ва ходимларнинг бир гуруҳи фонд томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Конференциянинг илмий-амалий қисмида Тошкент тиббиёт академиясининг Акушерлик ва гинекология, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг Кардиология ва герантология кафедраларининг фан докторлари, профессорлари, шунингдек, Тиббий-ижтимоий марказ мутахассислари томонидан “Темир етишмовчилиги камқонлиги диагностикаси, уни даволаш ва олдини олиш стандартлари”, “Юрак касалликларининг диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари”, “Бачадон миомасини консерватив даволаш усуллари” каби мавзуларда маърузалар ўқилди. Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари мутахассислари ўзаро тажриба алмашди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: