Сўзнинг боли билан сийланг

Бироқ сўзнинг сўздан фарқи бор. Ҳеч эътибор берганмисиз, қайси ширин сўзингиздан болангизнинг танаси яйраб кетади, чеҳраси очилади, қайси биридан энсаси қотгандай бўлади? Эркалатсанг, эр бўлади, дейишади-ку, ахир. Беш яшар қизалоғим менга:

– Ая, мени попон денг, попоним, мочоним, деб эркалатинг, – деди. Ўйланиб қолдим, сўз танлашни, товушнинг сеҳрини билади-я, шу болам. Иссиқ чойни “папа” деб уқтирдим, ўзимга керакли, болам синдиришидан қўрққан биллур идишни яна “папа” дедим. Қизалоғим, яхшининг илиқ, иссиқ билан боғлиқлигини сезди. Мен сизнинг попонингиз, қайноқ нафас, яхшилардан яхшингиз, меҳрингизга зорингиз, дейди-я. Боламга эртак ўқийман.

“Кампир ва ўғил” эртагида она тилаб-тилаб олган фарзандини, кўзимнинг нури, ширин сўзим, кўрар кўзим, юрар йўлим, ўлтирар ўрним, деб ардоқлар экан. Эртакларни уч оғайни ботирларга улайман… Эртаклар ичра оввораман, фикрлар мунчоғини тергандай, сўзлар маъносини уққандай бўламан: шерюрак, арслонбилак, лочиним, бургутим, деб боласини кўрқмас, элда эломон қиламан, халққа қайиштираман деган ота-она шерга, йўлбарсга менгзайди-да, боласини. Бошига урдинг бегонага, елкасига қоқдинг – ўзингга бўлди, дейди қадимгилар. Пешонаси ёруғ бўлсин, боши тошдан бўлсин, қадри чўкмасин деб, фарзандларимизнинг дўқ-пўписаларимиздан эгилиб бораётган елкаларини силаб қўяйлик гоҳида. Соатлаб ойнаи жаҳонга термулиб, умримизни ўтказмасдан қизимизни, айланаман шу ойимдан, қалдирғоч қош қанотимдан, мен сени берган Худойимдан миннатдорман, дея миттигина жуссасини бағримизга босайлик.

Чопинганим бўридай,

Бўриларнинг зўридай.

Йигит бўлар чироғим

Ўзи эрнинг эридай,

деб суянчиғимиз – ўғлимизни алқаб қўяйлик.

Кечалари бошимиз ёстиққа тегиши билан бирпасда уйқуга кетиб жигаргўшаларимизга алла-ю эртак айтишни унутмайлик! Боғчага судраб “жим бўл!” деявермай, жумбоқларда фикрлатайлик:

Кундузи кўринмади, кечаси кўринди, бири катта, бири кичик туғилгандир бешта кучук, деб ҳар куни битта топишмоқ билан олам идрокига йўллайлик.

Биласизми, фарзандимиз 9 ойлик бўлганда ташқи муҳитга мослашиб боради. Жуссаси, танаси ўсади, бошини ушлайдиган, “ғўнғиллаб” товуш чиқарадиган, онасига, яқинларига интиладиган бўлади. Бу даврда улар билан мулоқотга киришиш, алла айтиб овутиш, меҳр риштасини сўз билан боғлашимиз жуда-жуда зарур. Боламиз тилга кирганда, гапга ўргатайлик. Шеърлар айтиб бериб сўзларга меҳрини уйғотайлик.

Бу нима? Нимага? Нима учун? деб савол бераётган бийронимизга:

Яна ўқинг:  Болаларга зиён етказманг

Боши тароқ,

думи ўроқ,

буни топинг,

жон қизалоқ,

десак ва хўрознинг тожи нега тароқ, думи ўроқлигини кўрсатиб тушунтирсак, эртаклар айтиб улғайтирсак, у 6-7 ёшидаёқ бийрон, нуктадон бўлиб етишади.

Дунёни сўз ўрабди, ширин сўздан гул унибди, чеҳрамиздан қуёш чарақлаб, олам нурга тўлибди. Шер юракли, алп қоматли, мард баҳодирлар болаликдан қўрқмас, жасур ва билимдон бўлиб улғайган болакайлардан чиқибди.

Эртанги кунимизни, миллатимиз тақдирини қадри осмон, ғайрати дунёча, шижоатида ўзбекнинг руҳи уфурган, оёғидан ўт чақнаган, кўзларида меҳр тобланган фарзандларимиз тимсолида кўрамиз.

 

Ширин орзудан орзиқиб кетамиз. Илоҳим, фарзандларимиз биз – ота-оналарнинг ишончини оқласин.

 

Малика МИРТОИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: