Хўшали қишлоғининг хуш одатлари

Эзгу сўз, эзгу ўй, эзгу амал ила ўғлонини вояга етказган ота-она Алпомишига монанд қизни сайлайди. Бунда яқин қариндошлари, таниш-билишлар ҳам эш бўлади.

Муносиб Барчин топилганидан сўнг совчилик жараёни бошланди. Ўзга хонадонга отланар экан, эркак совчининг кўнглини алланечук ўйлар қуршаб олди. Ортидан аёли хиёлгина эшикдан мўралади-да оҳиста “бўри бўлинг” деди.

 

ОВНИНГ БАРОРИ

“Хўшали” қишлоғида йигитга муносиб қиз топилгач, уникига ўғил томондан эркаклар совчи бўлиб боради. Қадимдан қўшнисиникига совчи келганини одамлар унинг уйи олдида бегона улов тез-тез пайдо бўлаётганидан билишган. Шуниси қизиқки, агар қиз томон норози бўлса, меҳмоннинг уловини қўйиб юборган. Бундан совчи томон қизнинг муносабатини билиб олган ва сира хафа бўлмаган. Одатни қарангки, ўртада инсоннинг кўнгли улуғланади. Қиз томон йигитдан келган вакилга дилидагини тўғридан-тўғри юзига айтолмай, ана шу тарзда ўз норозилигини ифода этади. Шунинг учун ташқарига чиққан ҳар бир эркак совчи дарҳол дарвоза остонасида турган улови томон қарайди. Белгилаган манзилда оти ул-булни тамшанаётганини кўргач, кўнгли бироз таскин топади.

Шу тариқа савобли иш бошланади. Совчи қиз томонга яна бир-икки қатнагач, қариндош-уруғлар билан “тўй солди” маросими ўтказилади. “Нон синдириш” маросимида эркак совчи бошлиқ қуда томон келин уйига ташриф буюришади. Одатларга кўра бундай вақтда эркак қудаларни қиз томон юзларига ун суртиб, кутиб олишади. Бунинг замирида келаётган меҳмонларнинг қадами қутлуғ, икки томоннинг юзлари ёруғ, ниятлари ойдин бўлсин, деган маъно мужассам. Аёл қудаларни эса ойнага қаратиб, ширинликлар билан кутиб олишган. Уйга киришгач эса дастурхонга дастлаб ширин сув тортилади. Ниятлар эса ана шу амаллар билан муштарак.

 

ВАКИЛ СЎРАШ

Бўлажак келин хонадони. Бугун бу ерда “Никоҳ қуйиш” маросими ўтказилмоқда. Бир уйда йигит имом бошчилигида ўз яқинлари билан, иккинчи уйда эса қиз ўз қадрдонлари билан ўтиради. Икки уйнинг ўртасига иккита ёш болани вакил қилиб қўйишган. Маросимгача имом бўлажак келинга ким “гунг ота” бўлишини қизнинг ота-онасидан аниқлаб олади. “Қиз ота”, “Гунг ота” асосан қизнинг тоғаси бўлиши лозим. Ана шундан кейин вакил болаларни қиз ўтирган уйга жўнатишади. Болалар уйнинг эшиги ёнига бориб, ичкаридагиларга қараб:

Яна ўқинг:  Аёл қачон бахтли бўлади?

– Биз йигит томондан имом қўйган вакилмиз – дейишади. Шунда қизнинг ёнида ўтирган ота томондан амма, она томондан хола вакиллар кўчадаги болаларга қараб:

– Илҳом сенмисан? Вакилликка сени сайлашдими? Жўраларингдан яна кимлар бор? – дейди.

Шу пайт эшик орқасидан овоз келади.

– Суҳроб, Муродилла…

– Хўш, бошланглар бўлмаса, вакилликни.

– Бўлажак келин “Никоҳи жавобимдан вакилимни фалончи тоғамга бердим”, деб айтсин экан. Имом бува шундай деб тайинлади.

Амма қизга қараб, шу сўзни такрор қайтар дейди. Қизнинг ҳаёси устунлик қилиб, сўз очмайди. Хола қизни секин туртиб қўяди. Амма-хола эса вакил болаларга юзланиб:

– Агар қизни гапиртиришимизни хоҳласанглар йигит томондан назирини олиб келинглар, – дейди.

Бу одат уч маротаба такрорланади. Назир кўнгилдагидек бўлгач, қиз вакил отасини сайлайди. Бу одат якун топгач, қизнинг дугоналари келинни “никоҳ қуйиш” маросимига тайёрлай бошлайди. Сочларини майдалаб ўриб, борган жойида мулойим келин бўлсин, деб икки чаккасидаги ўрим сочига пахта қўшиб ўришади. Қат-қат кўйлак кийдиришади. Баъзан қизнинг дугоналари айёрлик қилиб, келинни йигит чимилдиқда кўтарганда қўли тойиб кетсин, деб келин болага нафис, қўлга илинмайдиган атласдан либос кийдиришган. Қат-қат рўмол ўрашган. Сўнгра, “ёр-ёр” садолари остида йигит ўтирган уйга олиб боришади. Шундай бўлса-да, жисмонан ва руҳан бақувват ўзбек йигитлари келинни даст кўтаришган. Гўзал нақшлар солинган чимилдиқда момоларимиз бошчилигида яна айрим урф-одатлар бўлиб ўтади. Ниҳоят, никоҳ ўқилади.

 

КУЁВНИНГ “НОЗИ”

“Никоҳ қуйиш” маросими ўтгач, эртаси куни куёв келинни олиб кетиш мақсадида яна келин уйига ташриф буюради. Шунда “Тўш еяр” маросими бошланади. Дастурхон турли ноз-неъматлар, тансиқ таомлар билан безатилган. Уй тўрида куёв юзига дастрўмол тутганча вазмин, салобат билан ўтирибди. Унинг ёнига қўй гўштининг пиширилган тўш қисми қўйилган. Бундан маъно шуки, куёв оиласига, рўзғорига бош эгсин деган мақсадда гавданинг эгилишига ёрдам берадиган тўш қисми қўйилади. Куёв ёнида ўтирган жўралардан бири унга гўштни ейишга ундайди. У одоб сақлайди. Шунда ўтирганлардан бири:

– Қуда бува, куёвингиз тўшни емаяпти-ку, балки бирон нарса кутаётгандир. Ҳа, бу атаганингиз бўлса беринг.

Шунда қайнота:

Яна ўқинг:  Дарддан халос бўлдим

– Ҳа, шундайми. Ундай бўлса, бузоқли сигир бераман, – дейди.

Куёвнинг жўралари:

– Ана, қайнотанг берарини берди, энди дастурхонга қара. Куёв таомилга кўра яна одоб сақлайди. Шундан сўнг навбат қайнона-ю, келин томондан бошқа қариндош-уруғларга келади. Куёвга атаган инъомларини беришади. Ниҳоят куёв дастурхонга қарайди. Шундан сўнггина у тўшни тановул қилади. Барча удумлар тугагач, куёв тўлин ойдек чирой очган келинни ўз уйига олиб кетади.

 

“ЮЗ ОЧАР, КЕЛИН САЛОМ”

Бугун “юз очар”. Бобо набирасига бир уринишда келиннинг юзини очишга ҳаракат қилгин, дея тайинламоқда. Той бола қўлига учига пахта ўралган ўқлоқни ушлаганча машқ қилмоқда. Катта рўмол остидан қистирилган зарли рўмолча той болага бир уринишда насиб қилди. У зар рўмолчани белига маҳкам ўраганча, қўлларида ширинликлар билан ўртоқлари ёнига югуриб чиқиб кетади. Энди навбат келин саломга. Барча яқинлар саломдан сўнг келинга атаган ҳадяларини беришади. Қайнона алоҳида тайёргарлик билан бир қўлида супра, бир қўлида икки иссиқ нон билан келин билан саломлашади. Бундан улар бир-бирига меҳрли, ризқ-насибали бўлсин, деган маъно англашилган. Бундан ташқари қайнона бу одатдан рўзғорни, нон ёпишни бугундан бошлаб келинга топширгани ҳам тушунилади. Келиннинг қўлини ёғга, унга ботириш каби урф-одатларнинг ўтказилиши замирида янги оила бекасининг қўли ёғдан, рўзғори қут-баракадан чиқмасин, деган ният мужассам. Келин ўз ибоси ва ҳаёси билан гўзал кўринади. Шунинг учун янги келинчак қайнона-қайнотасидан уялиб анча вақт катта рўмол остида юзини беркитиб юради. Ўша хонадоннинг бошқа вакилларини эса исмлари билан чақириш келин учун уят ҳисобланади. Шунинг учун келин бу вазиятда асосан қайнука, қайнсингилларига ўзларига ярашган ва бирон-бир фазилатларига мос бошқа исм билан чақиришади.

 

Дарҳақиқат, тўю тантаналар – миллий қадриятларимиз улуғланадиган боқий анъанадир.

 

Қизиқарлиси, республикамизнинг барча вилоятларида урф-одатлар турлича. Ҳатто, бир вилоятнинг ўзида тўй маросимлари турфа кўринишда ўтказилади. Нима бўлганда ҳам тўйлар миллийлигимизни ўзида ифода этадиган гўзал қадриятдир.

 

Ойжамол МУҚИМОВА,

Қашқадарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: