Сабоқ ҳам бол каби меъёрида тотли

Хушнудбек 6 ёшда биринчи синфга қадам қўйди. У ҳамма нарсани дарров ўзлаштириб оларди. Ота-онаси уни мактабга чиққунигача ҳам кўп тўгаракларга олиб борди. Болакайнинг куни дақиқама-дақиқа режалаштирилган эди.

Афсуски, ноябрь ойининг охирига бориб, унинг соғлиги бирданига ёмонлашди. Бола қаттиқ бош оғриғидан шикоят қила бошлади. Мутахассис шифокорлар муаммо сабабини ўта оғир ақлий юкламада, деб кўрсатишди…

Бу ҳаётий мисолда замонавий ота-оналар ўз зурриёдларини имкони борича барча нарсага ўргатишга қанчалар интилаётгани акс этади. Аммо тиббиёт бунга мутлақо қарши.

– Мактабгача билим олиш жараёни ҳафтасига 2-3 маротаба 15-20 дақиқали дарслардан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир, – дейди пойтахтимиздаги 125-мактаб амалиётчи – психологи Матлуба Тагаева. Бу машғулотлар боланинг имкониятларига мос равишда ва ўйин тарзида олиб борилиши лозим. Унутманг, миттивойнинг имкониятлари чегарасиз эмас. Бу машғулотлар давомида баъзи болалар 3 дақиқагина, баъзилари эса 5 дақиқа ўз диққатларини жамлай оладилар. Аммо уларнинг ҳеч бири 20 дақиқа диққатли бўла олмайди.

Болакай 100 гача санай олмаса ҳам, 10 гача бўлган сонларни билиб, улар орасидаги катта ва кичигини белгилай олиши афзалроқдир. 4 ёшгача бўлган болани ўқишга мажбурласа, унда мақсадга мувофиқ бўлмаган ўқиш механизми шаклланади. У 2-3 ҳарфни кўзи билан илғаб олиб, сўзнинг қолган қисмини таваккал қилиб топишга ҳаракат қила бошлайди. Кўз қорачиғининг тинимсиз ҳаракати болани толиқтиради, ўқиб чиқилган гапнинг маъносини англай олмайди, натижада унинг китобга бўлган қизиқиши аста-секин йўқола боради.

Ўқувчини сентябрь ойи бошидан турли тўгарак ва қўшимча дарсларга кўмиб ташламаслик, аксинча уни мактаб ҳаётига мослашиб олишига имкон бериш мақсадга мувофиқдир. Қўшимча машғулотлар болага оғир юк бўлмаслиги, аксинча, дунёқараши кенгайишига, жисмоний фаоллигининг ошишига, руҳан дам олишига ёрдам бериши керак. Масалан, чиройли ёза олмаётган 1-синф ўқувчисининг бармоқларини “тарбиялаш” га пластилиндан шакллар ясаш ва расм чизиш машқлари ёрдам беради. Равон ва тўғри нутқни бадиий тўгараклар ривожлантиради. Шахмат, конструкторлик, кашта тикиш каби машғулотлар эса унинг мия фаолиятини, мантиқий фикрлашини чархлайди.

– Албатта, ҳар бир ота-она фарзандининг истеъдод соҳиби эканлигига ва ҳар қандай юкламаларни енга олишига ишонади, – дейди тиббиёт фанлари номзоди, невропатолог Сатима Қуронбоева. Аслида болаларда маълум бир соҳага қобилият ўн икки, ўн уч ёшдан бошлаб намоён бўла бошлайди. Агар фарзандингизнинг имконият даражасини билмоқчи бўлсангиз, уни кузатинг. У машғулотлардан бош тортса, дарсларда ухлаб қолса, сабабсиз жаҳли чиқса, йиғласа, иштаҳаси йўқолса, кечаси қийинчилик билан ухласа, бошидаги, қорнидаги оғриқлардан шикоят қилса, демак, юкламалар унга мос эмас. Болакай чарчоқ даражаларини фарқлай олмаслиги, доимо ёдингизда бўлсин. Агар фарзандингиз “чарчадим” деса, билингки, унинг ортиқ кучи қолмаган.

Яна ўқинг:  МТМларда пул тўлаш тартиби ўзгарди

 

Қўшиқ куйлаш нафас йўллари яллиғланишининг олдини олади

Калифорния университети олимларининг тадқиқотларига кўра, мусиқа машғулотлари миянинг асаб ҳужайралари фаолиятини яхшилайди, болага математика ва ўқиш дарсларини ўзлаштиришида, фикрини жамлай олишида кўмак беради. Жўр куйлайдиган болалар кам касал бўладилар. Чунки, қўшиқни чиройли ижро қилиш учун тўғри нафас олиш керак бўлади. Кундалик нафас гимнастикаси ўпка ва томоқ йўлларини мустаҳкамлайди. Нутқида нуқсони бор ва бронхиал астмадан азият чекадиган болалар учун бундай машғулотлар жуда фойдали. Жўр бўлиб куйлашни 4-6 ёшдан бошлаш мақсадга мувофиқ.

 

Ўзбек тилими ёки инглиз тили?

Сарварбек икки ёшга тўлгач, кичкинтой тимсолида билимдон ва бошқарувчи шахсини кўрган ота-она чет тилини ўргатиш вақти келди, деган қарорга келдилар. Мана ярим йилдирки, ҳали яхши гапиришни билмайдиган миттивойни оила ҳайдовчиси инглиз тили машғулотларига олиб боради.

Натижани олдиндан айтиб бериш қийинчилик туғдирмайди: у на ўзбек, на инглиз тилини яхши билади. Болада она тили нутқи шаклланмагунча,(ҳозирда 60 фоиз болалар нутқида нуқсон бор) иккинчи тилни ўргатиш тавсия этилмайди.

 

Агар 5 ёшли боланинг сўз заҳираси етарли бўлса, товушларни тўғри талаффуз қилса, гап туза олса, кўрган мультфильми ёки бирор эртак ҳақида гапириб, саволларга жавоб бера олса, чет тилини ўрганишни бошлаши мумкин.

 

Рекордлар кутиб турсин

Шифокорларнинг таъкидлашича, спорт машғулотларисиз фарзандни соғлом вояга етказишнинг имкони йўқ. Шундай экан фарзандингизни бирор спорт турига беришдан аввал, албатта мутахассис шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Бунда боланинг ёши, жисмоний имкониятларини ҳисобга олиш муҳим. Чунки, ҳар бир спорт тури ўзига хос қарши кўрсатмаларга эга. Масалан, сузиш тери касалликлари мавжуд болалар учун мумкин эмас. Теннис спорт турини 6 ёшдан бошлаш мумкин аммо, ясси тавон хасталигида ҳамда узоқни яхши кўра олмасликда у ман этилади. Курашни бола 7–8 ёшдан бошлаши мумкин. Бироқ, машғулотларнинг бир маромдалиги болани тез толиқтиради. Шунинг учун мураббийлар жиддий машғулотлар 15-16 ёшдан бошланади деб ҳисоблайдилар. Асосийси, фарзандингизни эрта чемпион қилишга шошилманг.

Азиз ота-оналар! Ёдингизда бўлсин, машғулот болага хурсандчилик олиб келса, бу унинг келажакдаги ютуқларига замин ҳозирлайди.

 

Дилафрўз ЗАЙНИЕВА,

Яна ўқинг:  Мутахассислар ҳар куни бодринг истеъмол қилишни маслаҳат беради

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: