АКТ мутахассислари учун янги таълим лойиҳаси
“ICTWEEK – 2016” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Тошкент ахборот технологиялари университетида Марказий Осиёдаги дастлабки Ахборот технологиялари ва тармоқлари автоматлаштирилган академияси очилди.
АКТ мутахасиссисларини тайёрлаш ахборот-коммуникация саноатини барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан. Марказий Осиёдаги дастлабки Ахборот технологиялари ва тармоқлари автоматлаштирилган академияси Huawei компанияси билан ҳамкорликда Тошкент ахборот технологиялари университетида жорий этилган янги “HAINA” илмий-таълим лойиҳаси доирасида ташкил этилди. “HAINA” лойиҳаси доирасида иқтидорли талабалар салоҳиятини юзага чиқариш ва АКТ саноатини оммалаштириш мақсадида кўплаб олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик кўзда тутилган.
Тошкент ахборот технологиялари университетида махсус smart-лаборатория жиҳозланган. Бу ердаги ўзига хос дастурий таъминот, замонавий ўқув технологиялари ёшларга назарий билим олиш ва амалий кўникмаларга эга бўлиш имконини беради. Бу борада янги ахборот-коммуникация технологиялари бўйича қатор таълим курслари ва онлайн-тренинглар ташкил этилди.
Шунингдек, лойиҳада ўқитувчилар учун ўқитишнинг дастурий таъминотини лойиҳалаштиришга доир машғулотлар, тренинг-марказлар ташкил қилиш бўйича маслаҳатлар ўтказиш кўзда тутилган.