Оқилона овқатланиш – сарвқоматлик мезони

ёки ортиқча вазннинг саломатликка хавфи хусусида

Сўнгги йилларда ортиқча вазн аҳоли саломатлигини сақлашнинг энг муҳим муаммоларидан бирига айланган.

Биринчидан, бу йилдан-йилга тана вазни ошиқча бўлган одамлар сони кўпайиб бориши билан боғлиқ. Иккинчидан, семизлик юрак-қон томирлар (атеросклероз, артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги – ЮИК, метаболик синдром), суяк-бўғинлар (остеохондроз, деформацияловчи остеоартроз) ва эндокрин тизими (инсулинга қарам қандли диабет, 2-турдаги қандли диабет), онкологик касалликларнинг кўплаб турлари (тўғри ичак, кўкрак бези, простата бези саратонлари) каби аъзолар ва тизимларда турли хасталикларни юзага келишининг асосий омилларидан биридир. Семизликка ирсий мойиллик мавжудлиги аниқланиб, бу эпидемиологик тадқиқотлар ёрдамида тасдиқланган.

Хасталикнинг клиник манзараси етарлича ўрганилган. Бироқ, этиология ва патогенез масалалари кўплаб назарий баҳслашувларга сабаб бўлади. Ҳар қандай кўринишдаги семизликни даволаш асоси таомномадаги озиқ-овқатлар калориялигини камайтиришга асосланган бўлиб, унинг даражаси овқатланишнинг хусусиятлари, семизликнинг ифодаланганлиги (тана вазни индекси), беморнинг ёши, жисмоний юкламалар даражаси ва касбига боғлиқдир.

Маълумки, катталарда ортиқча вазннинг 30-60 фоизи болалик ва ўсмирлик даврида бошланади. Бунда вазн қўшилиши нисбатан кўзга яққол ташланади. 80 фоиз семиз ўсмирлар улғайганидан кейин ҳам ортиқча вазнини сақлаб қолади.

Семизлик – кенг тарқалган эндокрин касаллик тури бўлиб, ёғ тўқималари ортиқча ривожланиши билан боғлиқ модда алмашинув бузилиши тарзида тавсифланади.

Бирламчи ёки алиментар-экзоген (ЭКЗ) бошқа бирон-бир касаллик мавжуд бўлмагани ҳолда ёғ тўпланиши туфайли меъёрий тана вазни кўрсаткичлари ошиши тарзида ифодаланади. У нисбатан кўпроқ тарқалган ва семизликнинг 80 фоизга яқинини ташкил этади. Иккиламчи семизлик эндокрин ва церебрал касалликлар (эндокрин ва церебрал семизлик турлари) натижасида юзага келади.

Бирламчи семириш энергия организмга овқат билан қувват сарфланишига нисбатан кўпроқ тушишида ривожланади. Бу эса ёғлар алмашинуви бузилишига олиб келади. Ортиқча вазн ривожланишида овқат калориялилиги ошиқчалиги билан ифодаланувчи алиментар мувозанат бузилиши етакчи бўлиб, бу асосан ҳайвон ёғлари ва углеводлар (бирламчи семиришнинг 60 фоиз ҳолларида), овқатланиш тартиби бузилиши (бир кеча-кундузлик калориянинг асосий улуши кечқурунга тўғри келиши, кам-кам, аммо кўп тановул қилиш) ҳисобига содир бўлади. Овқат тановулининг кўпайиши ва овқатланиш тартиби бузилиши билан бир қаторда жисмоний фаоллик камлиги организмда ортиқча қувват тўпланишига ва тана вазни ортишига туртки беради. Бола ҳаётининг дастлабки даврларида ортиқча овқатланиш ва ҳатто, аёлнинг ҳомиладорлик давридаги ҳаддан ташқари кўп овқатланиши ҳам инсон ҳаёти давомидаги ёғлар алмашинувининг ўзига хосликларини белгиловчи тизимларнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.

Яна ўқинг:  Уқалаш муолажалари мижозни мўътадил қилади

Семизликни ташхислаш ва унинг оғирлигини баҳолашнинг асосий кўрсаткичи сифатида тана вазни индекси – килограмдаги тана вазнининг метрдаги бўй квадратининг нисбатидан фойдаланилади.

Семизликни даволашда энг муҳими, парҳезнинг самарасини кучайтирувчи жисмоний фаоллик бўлиб, бунда ўз-ўзидан юрак қон-томир касалликлари асоратлари хавфи камаяди. Жисмоний юкламаларни танлашни беморнинг ёши, жисмоний ҳолати, ҳамроҳ касалликлар бор-йўқлиги ва шу кабиларни назарда тутган ҳолда индивидуал равишда амалга ошириш лозим. Интенсив(жадал), аммо нисбатан қисқа жисмоний машқлар ёки аксинча интенсивлиги нисбатан пастроқ, бироқ нисбатан узоқроқ муддатли юкламаларни қўллаш ёрдамида айнан бир хил самарага эришиш мумкин. Умуман олганда, барча беморларга кунига, жуда бўлмаганида, ҳафтасига 5 марта 30-45 дақиқа (ёки кўпроқ) яёв юришни тавсия этиш мумкин.

Меъёрий тана вазнини сақлаб қолиш муаммоси гипокинезия(кам ҳаракатлилик)ни бартараф этиш билан жипс боғланган бўлиб, семизликнинг олдини олиш ва даволашда аҳолидаги рационал овқатланиш, озиқ-овқатлар истеъмоли маданиятини ўстириш муҳим ўрин тутади.

Семизликдаги парҳез овқатланиши қоидалар қуйидагилардан иборат бўлади:

Яъни, углеводлар ва қисман ёғлар камайтирилиб, таркибидаги барча алмаштирилмас озуқа моддалари сақланиб қолиши ҳисобига қувват қиймати камайтирилган рационни тайинлашдир. Таомноманинг қувват қийматини белгилашда беморнинг семизлик даражаси, ҳолати, даволаш жойининг самарадорлиги (шифохона, санаторий, парҳез ошхонаси)га қараб қувватга бўлган эҳтиёж индивидуал равишда 20-50 фоизга камайтирилади. Қувватга бўлган индивидуал эҳтиёж тана вазнининг жинс, ёш, жисмоний фаоллик ва бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

– Рациондаги оқсил миқдори камаймайди. Балки бироз ошган – меърий тана вазнининг 1 кг га 1,5 г гача бўлиши ва кунига 100-110 г. дан кам бўлмаслиги мумкин. Бу тўқимада оқсил йўқотилишининг олдини олиб, оқсилли таом ўзлаштирилиши ҳисобига қувват йўқотилишини оширади. Тўйганлик ҳиссини пайдо қилади. Парҳезда камида 400-500 г оқсилли озиқ-овқатлар (масалан, 150 г гўшт, балиқ, творог) бўлиши мумкин. Тухум оқсилининг ўзлаштирилиши (оқсилли қуймоқлар) гўшт ёки творогга нисбатан кўпроқ қувват сарфланишини талаб қилади. Шунингдек, денгиз маҳсулотлари тўлақонли оқсиллар манбаи бўлиши мумкин. Улар таркибида алмаштирилиб бўлмас аминокислоталар, органик йод бўлиб, углеводлар қарийб бўлмайди. Ёғлар эса ниҳоятда кам бўлади.

– Углеводлар, энг аввало, енгил сўрилувчи қандлар – шакар, қандолатчилик маҳсулотлари, ширин ичимликлар, шоколад ва бошқалар ҳисобига кунига 100-200 г. гача кескин камайтирилади. Углеводларни 100 г. дан кўпроқ камайтиришга бир неча кун давомида рухсат берилади. Нон кунига 100-150 г. гача, калориялиликни янада пасайтириш тақозо этилганида эса 50 г. гача ёки бутунлай камайтирилади. Таом ва ичимликлардаги шакар ксилит ёки сорбит билан алмаштирилади (кунига 30 г гача) ёки бошқа қанд ўрнини босувчи моддалардан фойдаланилади.

Яна ўқинг:  Фарзандингиз йўталса...

– Рациондаги ёғ миқдори 80 г. гача камайтирилади. Ёғлар меъдада кўпроқ ушланиб қолади ва миядаги иштаҳа марказининг қўзғалувчанлигини пасайтириб, очлик ҳиссини бартараф қилади. Баъзи ҳолатларда 3-4 кун давомида ёғли парҳезлардан фойдаланилади. Бу парҳезларда сариёғ, ўсимлик ёғи ва сметана ҳисобига ёғлар кунига 100-110 г гача кўпайтирилган бўлади.

– Турли суюқликлар – чой, қаҳва, сут, шўрва, компотлар ва бошқалар кунига 1-1,2 л. гача чекланади. Бу ёғнинг “ички” сув манбаи сифатида парчаланишини кучайтиради, организмдаги ортиқча сув эса чиқиб кетади. Йилнинг иссиқ даврида суюқликни истеъмол қилиш чекланиши шарт эмас.

– Ош тузи истеъмоли кунига 5-8 г. гача камайтирилади. Овқат деярли тузсиз тайёрланади. Таомга истеъмол пайтида салгина туз қўшилади.

– Овқат ейишни бошқаришни сусайтирадиган, иштаҳани очадиган ва ўзи ҳам қувват манбаи бўлган алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш таъқиқланади.

– Иштаҳани очадиган хуштаъм сабзавот ва таомлар – қалампир, хантал, ерқалампир, шўрвалар ва гўштли, балиқли, қўзиқоринли қайлалар, дудланган маҳсулотлар, тузламалар истеъмолдан чиқарилади.

– Кунига 5-6 марта тўйганлик ҳиссини ҳосил қилувчи овқатланиш тартибига амал қилиш ва асосий овқатланиш муддати орасида паст калорияли, аммо ҳажми кўпроқ бўладиган, айниқса, тўйганлик ҳиссини пайдо қиладиган хом сабзавотли ва мевали салатлар киритилади.

Ортиқча вазнли беморлар парҳезга амал қилиб овқатланиши ва узоқ вақт давомида (камида бир ой), стационар шароитда муолажа олишади.

Хулоса ўрнида айтганда доноларнинг”… сиҳат тиласанг кам е” деган ўгитлари нақадар ҳақлигини даврнинг ўзи исботлаб турибди.

 

Баҳодир РАҲИМОВ,

Тошкент тиббиёт академияси ўқув-услубий бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: