Музаффар юртнинг ғолиб фарзандлари
23 август. Шу куни “Тошкент” халқаро аэропортида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчиларимиз тантанали тарзда кутиб олинди. Барчанинг кўзида қувонч ва шодлик, юзида фахр-ифтихор ҳисси балқиб турибди. Айниқса, музаффар ўғлонларнинг ота-оналари, яқинларининг ҳаяжонини англаш, ҳис қилиш қийин эмас.
Тантанали кутиб олиш маросимида давлат ва жамоат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари, эл севган санъаткорлар, ёшлар, спортчиларнинг ота-оналари, оила аъзолари ва яқинлари жам бўлишди.
Чор-атроф анвои гулларга бурканган, ранг-баранг чироқлар қалбларга нақшланган, бугун ҳар бир юртдошимизнинг юрак нидосига айланган сўзларни ёритиб турибди: “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!”.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 5-21 август кунлари бутун дунё аҳлини ҳаяжону ҳайратга солган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари тўртта олтин, иккита кумуш ва еттита бронза медалига сазовор бўлдилар. Хусусан, тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида истеъдодли чарм қўлқоп усталаримиздан Ҳасанбой Дўсматов (49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (52 кг), Фазлиддин Ғойибназаров (64 кг), оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов (105 кг) олтин, боксчиларимиз Шаҳрам Ғиёсов (69 кг), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) кумуш, дзюдочиларимиз Диёрбек Ўрозбоев (60 кг), Ришод Собиров (66 кг), юнон-рум курашчимиз Элмурат Тасмурадов (59 кг), боксчиларимиз Рустам Тўлаганов (91 кг), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг), эркин курашчиларимиз Ихтиёр Наврўзов (65 кг), Магомед Ибрагимов (97 кг) бронза медалини қўлга киритиб, Ватанимиз шаъну шавкатини кўкларга кўтардилар. Олимпия чемпиони, полвонимиз Руслан Нурудиновнинг оғир атлетика бўйича Олимпиада рекордини янгилагани, кўксимизни фахру ифтихорга тўлдирди.
Ёруғ юз билан йиғилганларга пешвоз чиққан Олимпиада қаҳрамонлари гулдурос, давомли қарсаклар ва “Яшасин, Ўзбекистон!” деган ҳайқириқлар билан кутиб олинди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев, Ўзбекистон халқ артистлари Э. Комилов, О. Назарбеков, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Д. Холжигитова, Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматовнинг онаси Д. Ҳайитбоевалар сўзга чиқиб, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг шароитлар ва уларнинг самараларини мамнуният билан таъкидладилар.
Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нурудинов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқўзиев бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
Олимпиада иштирокчилари ва уларнинг яқинлари жам бўлган автобуслар карвони шаҳримиз кўчалари бўйлаб ўтиб бораркан, қалб амри ва ватанпарварлик ҳисси туфайли кўчаларни тўлдириб турган минглаб юртдошларимиз чемпионларга, уларнинг ота-оналарига эҳтиром билан қўл силкиб, эзгу тилакларини йўллади. Айни манзара фарзанди туфайли шундай эҳтиромга сазовор бўлиб турган ота-оналарни қанчалар ҳаяжонга солаганини сўз билан таърифлаш мушкул.
…Барчамиз ёшлигимиздан эртак эшитиб катта бўлганмиз. Болаликдаги энг севимли эртагим “Кенжа ботир” ҳақида бўларди. Бувимдан қайта-қайта унинг жасоратлари ҳақида сўрардим. Кенжа ботирни ҳаётда учратишни, у билан дўстлашишни орзу қилардим.
14 август куни болалигимдаги эртак қаҳрамони ҳақиқатга айланганини кўриб, севинчдан ичимга сиғмадим. Орзуим амалга ошганидан, тасаввуримдаги қаҳрамон – ўзбек ўғлони, бутун дунёга ўзининг нималарга қодир эканлигини намоён этганидан қувондим.
Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида вазни 49 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги финалгача бўлган баҳсларда мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШлик Нико Мигель Эрнандесларга қарши рингга чиққан Ҳасанбой Дўстматов рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳал қилувчи финал баҳсида колумбиялик Юберхен Мартинес Ривасни ҳам мағлуб этган ҳамюртимиз, якунда олтин медалини қўлга киритди.
– Аввало, Ватанимга чексиз меҳр-муҳаббатимни изҳор қилмоқчиман, – дейди Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўстматов. – Бу ғалабага юртимизда биз ёшлар учун яратилган чексиз имкониятлар туфайли эришдим. Ватаним байроғини юксакка кўтарганимдан, халқим ишончини оқлаганимдан чексиз бахтиёрман. Мусобақага кетаётганда мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига тўёна билан қайтиб келишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Шукр орзуимга етишдим.
Яна бир қувонарли жиҳати, чарм қўлқоп устамиз Рио Олимпиадасининг энг яхши боксчиси деб тан олинди. Унга Вэл Баркер кубоги топширилди. Ушбу мукофот 1936 йилдан бери Олимпия ўйинларининг энг юқори техникали боксчисига тақдим этилади.
…Рустами достон болаликдаги энг севимли эртакларимиздан яна бири. Унда ҳам Рустамнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қаҳрамонликлари ҳақида сўз боради. Бугун эса Руслан полвоннинг рекордлари мухлислар оғзидан тушмаяпти. Қувонарлиси, оғир атлетика баҳсларида иштирок этган спортчимиз Олимпиада рекордини ўрнатиб, сизу бизга қувончли онларни ҳадя этди. Вазни 105 кг гача бўлган спортчилар баҳсида жаҳон чемпиони, Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ғолиби, ҳамюртимиз Руслан Нурудинов даст кўтаришда 194, силтаб кўтаришда 237 кг оғирликни бўйсундириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.
– Мамлакатимизда ёшлар камолотига, хусусан, спортга берилаётган юксак ғамхўрлик туфайли бугунги кунда спортчиларимизнинг халқаро миқёсда қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи ортиб бормоқда. Олимпия ўйинларида эришган ғалабам ана шу эътибор самарасидир, – дейди Руслан Нурудинов.
“Қувонч кўз ёшларини яширма. Халқнинг ишончини оқлаш, Президентимиз яратиб берган шароитларга жавобан юксак ғалабаларни қўлга киритиш улкан бахт. Агар шундай қила олсанг, йиғла!”. Чемпионнинг онаси Рио-де-Жанейро сафарига отланган ўғли Фазлиддинга худди шу сўзларни айтганди.
Истиқлол тенгдоши бўлган Фазлиддин Ғойибназаровни Осиё ва жаҳон чемпионати, Лондон Олимпиадаси каби йирик мусобақалардаги муносиб иштироки, уни Рио-де-Жанейродаги баҳсларда ҳам ғалаба сари ундади. Халқнинг ишончини қалбдан ҳис қилган ўғлон якунда Олимпия ўйинлари чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлди.
– Мусобақада конголик Дивал Малонган, ҳиндистонлик Манож Кумар, АҚШ вакили Гари Рассел, россиялик Виталий Дунайцев, финалда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилган Лорензо Коллазо Сотомайорни енгиб, олтин медалга сазовор бўлдим, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғойибназаров. – Айниқса, финал баҳси муросасиз тарзда кечди. Рингга чиққанимда залга йиғилган юртдошларимнинг баланд овозда қўллаб-қувватлаши менга куч-қувват бахш этди. Ҳакам қўлимни кўтарганида кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Ўша лаҳзада туйган ҳисларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Энг муҳими, Президентимиз ва халқимиз ишончни оқладим.
52 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган маҳоратли боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров ҳам Олимпиада ғолиблигини қўлга киритди. Мусобақаларнинг финал баҳсида у россиялик Миша Алоянга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.
– Риодаги иштирокимни саралаш босқичидан бошлаганимда вақти келиб, Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев ва Фазлиддин Ғойибназаров қаторида бокс беллашувларининг финалига йўлланма олишим хаёлимга ҳам келмаган эди, – дейди Шаҳобиддин Зоиров. – Финал жангига киришишдан аввал устозим “сен бу ерга нафақат ўзбекистонлик боксчи, балки Ўзбекистоннинг юзи ҳам бўлиб келгансан. Юзинг ерга қарамасин”, деди. Шундан сўнг ҳал қилувчи жангда бор маҳоратимни ишга солиб, рақибимни таслим этишнинг уддасидан чиқдим.
Спорт – тинчлик, ҳамжиҳатлик элчиси. У инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини боғлайди. Спорт туфайли юрт байроғи баланд кўтарилиб, Ватан мадҳияси янгарайди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.
Фарҳод ТОЛИПОВ