Ҳомиладорлик – нозик давр

бўлажак она ва боланинг саломатлиги яқинлари эътиборига ҳам боғлиқ

Моҳирахон фарзанди янги туғилганида унинг меъёрида ухламаслиги ва ҳадеб йиғлайверишидан қаттиқ ташвишга тушарди.

Бола улғайгани сари инжиқлигу хархашалари ортса орттики, асло камаймади. Ниҳоят, у шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

– Ҳомиладорлик даврида сизда депрессия ҳолати кузатилганми? – дея шифокорнинг берган саволи Моҳирани таажжубга солди. Мутахассиснинг сўзларини тинглаб, беихтиёр ҳомиладорлик даврида юз берган нохуш воқеалар кўз олдида гавдаланди.

 

Статистик маълумотларга қараганда, ҳомиладор аёлларнинг қарийб 20 фоизи енгил ёки ўрта даражадаги депрессияга мойил бўлишади. Бироқ, бу холат қандай салбий оқибатларга олиб келишини ҳатто, ўйлаб ҳам кўришмайди.

 

Гинеколог Малоҳат Юнусова бу борада бизга қуйидаги маълумотларни берди:

– Ҳомиладорлик давридаги депрессияга беэътибор қараш бу нозик даврнинг кўнгилдагидек кечиши ва ҳомиланинг меъёрда ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Яъни, ҳам она, ҳам туғилажак бола учун у ёки бу асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳомиладорликдаги депрессияни даволаш мумкин. Аввало, унинг сабабларини ўрганиб чиқиш керак бўлади. Агар ҳомиладор аёлда оилавий муносабатларда муаммолар, стресс (руҳий зўриқиш)ли вазиятлар, жисмоний ўзгаришлардан қўрқиш, болани тарбиялаш билан боғлиқ молиявий қийинчиликлар, ёнида турмуш ўртоғининг бўлмаслиги, режалаштирилмаган ҳомиладорлик каби омиллар кузатилса, бу тушкунликка сабаб бўлиши мумкин.

Хуллас, бўлажак оналарда депрессиянинг юзага келиши, ҳомиладорлик даврида мия таркибини ўзгартирадиган гормонал мувозанатнинг бузилиши билан изоҳланади. Лекин уларда бу ҳолат юзага келишига нима сабаб бўлишидан қатъий назар ўз вақтида шифокорга мурожаат этиш шарт.

Депрессия ҳолати турли салбий ҳислар, руҳий-ҳиссий кечинмалар билан боғлиқ. Бу даврда ҳомиладор аёлда ланжлик, ўзи ва туғилажак фарзанди учун мунтазам қўрқувни ҳис қилиш, толиқиш, инжиқлик, ғамгинлик, хавотир, уйқусизлик ва одатдагидан кўпроқ ухлаш истаги, жиззакилик, қизиқишнинг сўниши, иштаҳа йўқолиши ёки ҳаддан зиёд овқат ейиш, диққатни жамлай олмаслик, ўзига бўлган баҳонинг тушиб кетиши, умидсизлик, айбдорлик ҳисси, йиғлоқилик каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Узоқ вақт бундай кайфиятда бўлиш аёлнинг ўзи учун ҳам, ҳомилага ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки, боланинг ривожланишида ҳиссиёт ва кечинмаларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Улар ҳатто боланинг туғилгандан кейинги ривожида ҳам аҳамиятлидир.

Яна ўқинг:  “Ширин” касалликнинг аччиқ оқибатлари

 

КАСАЛЛИКНИ ДАВОЛАШ ЧОРАЛАРИ

Ҳомиладор аёл толиқаётган бўлса ҳам шундай ҳол кузатилади. Бундай пайтда сайр-у саёҳатга чиқиб, ҳаво алмаштириш унга ижобий таъсир кўрсатади. Бирор дам олиш масканида ҳордиқ чиқариш, маълум муддат яқинлариникига меҳмонга бориш наф келтиради. Шунда унинг асаблари тинчланади. Шунингдек, бўлажак онага нисбатан яқинлари ўз муносабатини ижобий томонга ўзгартириши жуда фойдали. Ҳомиладор аёлга қайнонаси, турмуш ўртоғи ва бошқа яқинлари ҳар доимгидан кўра ширинсўз, эътиборли, меҳрли бўлишлари лозим. Бундан ташқари ҳомиладор аёлда магний ва йод минерал моддалари етишмаганда ҳам унда тушкунлик ҳолати кузатилади. Шунинг учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда магний-В6 дори воситаси ва йодомарин – 200ни қабул қилиш мақсадга мувофиқ.

Ҳомиладор аёлда депрессия икки ҳафтадан кўп вақт давом этса, албатта, даволовчи шифокорга мурожаат қилиш лозим. У тегишли текширувларни белгилайди. Агар текширувлар ҳеч қандай ички касалликларни тасдиқламаса, шифокор парҳез ёзиб бериши, муайян жисмоний машқлар белгилаши, масалан, сузиш, йога билан шуғулланиш, бўлажак онанинг эътиборини туғруққа тайёргарлик жараёнига қаратишни тавсия этади.

Юқорида кўрсатилган чоралар кутилган самарани бермаса, антидепрессантлар ёки психотерапия ёрдамида даволаш таклиф этилади. Антидепрессантлар ёзиб бериш – энг охирги чора ҳисобланади.

Психотерапия аёлларга зарарли дорилар қабулисиз, ижобий маслаҳатлар бериш орқали ҳомиладорликда депрессиянинг юзага келтирадиган омилларни бартараф этади. Агар ҳомиладор аёлнинг турмуш ўртоғи ёнида бўлмаса, унинг ўз кучига бўлган ишончини оширишга ҳаракат қилинади.

 Шунингдек, парҳезли таомлар истеъмол қилиш ва бирор янги юмуш билан машғул бўлиш ушбу хасталикни даволашда муҳим аҳамият касб этади.

 Албатта, бундай ҳолатлар кузатилмаслиги учун ҳомиладорликни режалаштириш ва унгача бўлган даврда бўлажак она соғлиғини тиклаб олиши, бу каби салбий вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳомиладорликкача бўлган даврда депрессия бошланса, аёл нима қилиш кераклигини билиб олса, ўзини турли ўзгаришларга тайёр ҳис этса, кўнгилсизликларнинг олди олинади. Оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши, мунтазам машқлар, медитациялар, тўғри ва сифатли овқатланиш ёрдамида ҳомиладорлик давридаги тушкунлик ҳолати хавфини камайтириши мумкин. Энг муҳими, ҳомиладор аёл вужудида бўлажак ворисни кўтариб юрганлигини ҳис этиши керак. Зеро, соғлом онадангина соғлом фарзанд туғилади.

 

Яна ўқинг:  Ҳаётни асраш омиллари

Майна ҲАСАНОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: