Ўғлим халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаганидан фахрланаман

дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Ҳасанбой Дўстматовнинг отаси Маъруфжон Ҳайитбоев

Бразилиянинг Рио де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 49 килограммгача бўлган боксчилар беллашувида қатнашган ўзбек ўғлони Ҳасанбой Дўстматов олтин медални қўлга киритди ва Олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.

2016 йилнинг 14 август санаси Ўзбекистон спорт оламига яна бир ёрқин саҳифа бўлиб кирди. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида Ҳасанбой Дўстматов шарафига Ватанимиз байроғи ҳилпираб, мадҳиямиз янгради. Унинг ғалабасини нафақат яқинлари, балки бутун Ўзбекистон халқи катта ҳаяжон, қувонч билан қарши олди.

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида қатнашган Ҳасанбой бокс бўйича вазни 49 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, юртимиз ёшлари куч ва салоҳиятда, истеъдод ва маҳоратда ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир бор исботлади.

Шу куни Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани Кулла қишлоғида яшовчи Ҳайитбоевлар оиласи шодон ва бахтиёр ҳайқириқларга, “Баракалла!”, “Яшавор, азамат!” деган олқишларга тўлди. Барча бу оилани фарзандининг улкан ғалабаси билан табриклади.

– Ўғлим Олимпиадада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаганидан фахрланаман, – дейди чемпионнинг отаси Маъруфжон Ҳайитбоев. – 2000 йили Сидней Олимпиадасида Муҳаммадқодир Абдуллаев олтин медални қўлга киритганида чин дилдан қувониб, унга, унинг ота-онасига ҳавас қилган эдим. Қани эди, менинг ўғлим ҳам юртини шундай шарафларга буркаса, деб орзу қилган эдим. Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод камолотига қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик фарзандим тимсолида ана шу орзуимни рўёбга чиқарди. Ўғлимнинг Олимпия ўйинларидаги ғалабаси уни вояга етказган, тарбиялаган, истеъдодини юзага чиқарган мустақил Ўзбекистон ғалабасидир. Зеро, юртимиз мустақил бўлмаганида оддий бир деҳқон фарзанди шундай юксак марраларга эриша олармиди?! Йўқ, асло! Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Маҳалладошлар, яқинларимиз менга “Маъруфжон, кеча ким эдингу, бугун ким бўлдинг? Сенга ҳавасимиз келаяпти”, деганида мен бу дунёларга сиғмай кетдим.

Чемпион Ҳасанбойнинг отаси Маъруфжон ака фермер хўжалигида ишчи, онаси Дилноза опа тумандаги 9-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. Ҳасанбой инсон азиз, унинг қадри муқаддас, деб улуғлаган, тинч-осойишта ва халқи фаровон юртнинг фарзанди, ёшларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун барча шароитларни яратиб бераётган, уларнинг орзу-истаклари рўёби йўлида ҳеч нарсани аямайдиган озод ва обод Ватаннинг мард ва жасур ўғлони.

Яна ўқинг:  2016 йил – Соғлом она ва бола йили: БАРДАВОМ ЭЗГУ МАҚСАД САРИ

1993 йили туғилган Ҳасанбойга спортга қизиқишни бобоси Дўстмат ота ва бувиси Буойшахон ая уйғотган. Орзулари собиқ тузум давридаги бир ёқлама сиёсат туфайли пахтазорда қолиб кетган бобо ва момо Ҳасанбойни беш ёшида қишлоқдаги каратэ ва кикбоксинг тўгарагига етаклаб боради. Тез орада туман ва вилоят миқёсидаги мусобақаларда бир неча бор ғолибликка эришади. Кейинчалик бувиси Буойшахон набирасини Андижон олимпия заҳиралари коллежининг болалар спорт бўлимига олиб келади. Боладаги қатъият ва ишончни, ҳаракатларидаги шижоатни кўрган мураббийлар ҳеч иккиланмасдан уни мактабга қабул қилади. Ўшанда у эндигина 12 ёшга тўлган эди. Машғулотларда астойдил қатнашади, бокснинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганишга интилади. Бир йил ўтмасдан болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритади.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мураббийлар кўмагида маҳоратини доимий ошириб борган Ҳасанбой бугун жаҳон миқёсида эришиш мумкин бўлган энг юксак чўққини забт этди, Ўзбекистон ёшлари нималарга қодирлигини амалда кўрсатди.

Олимпия ўйинларида спортчимиз мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШ вакили Нико Мигель Хернандесни мағлубиятга учратиб, финалга чиқди. Олимпиада олтин медали учун кечган ҳал қилувчи баҳсда Ҳасанбой колумбиялик Юберхен Мартинесни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

– Набирам Ҳасанбойнинг ғалабаси бутун Ўзбекистонимиз ғалабаси бўлиш билан бирга, собиқ тузум даврида очилмай сўлган, қишлоқдан нарига чиқолмай армонда кетган не-не истеъдодларнинг орзу-умидлари рўёбидир, – дейди Дўстмат ота. – Илоҳим, юртимиз доимо тинч бўлсин, ўз юртидан, фарзандлари ютуғидан фахрланиш туйғусини берган мустақиллигимизга кўз тегмасин. Орзуларимиз ижобатига раҳнамо бўлиб турган Юртбошимиз омон бўлсин!

– Ҳасанжоним Олимпиадага кетишидан аввал мен албатта ғолиб бўламан, сизларнинг, Президентимизнинг ишончини оқлайман, деган эди, – дейди онаси Дилнозахон. – Кечаги жангни кўпчилик бўлиб томоша қилишди. Қилишди деяётганимнинг боиси, рости, она фарзандининг бировдан мушт ейишига қараб туролмас экан. Ютишига ишонсам-да, чидолмадим, ҳовлига чиқиб кетдим. Лекин, руҳан мен ҳам Бразилияда, ўша рингда бўлдим. Ичкаридан яшавор, яна, деган овозлар келганида қўлларим беихтиёр силтаниб кетади, гўё мен ҳам рақибга зарба бераётгандек. Сўзининг устидан чиққан бўйларингдан айланай, болам. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг юртимиздаги барча ёшларни менинг фарзандларим деб, ҳамма шаҳару қишлоқда замонавий шароитлар яратиб, уларни қўллаб-қувватлаётгани, маррани баланд олинг, ортингизда халқингиз турибди, дунёда ягона бўлган Ўзбекистон деган Ватан турибди, деган даъватлари самарасидир. Ёшларимиз ана шу буюк даъватдан руҳланмоқда, куч-қувват олмоқда.

Яна ўқинг:  УРГАНЧ – ижтимоий-сиёсий барқарорлик тимсоли

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: