Она ва бола саломатлиги – доимий эътиборда

Мамлакатнинг гуллаб-яшнаши ҳамда жамиятнинг ривожланишига, энг аввало, соғлом ва бахтли оилалар асос бўлади. Бу эса халқимизнинг азалий ва эзгу орзусидир. Ушбу улуғ мақсаднинг асосий ҳаракатлантирувчи омили баркамол шахс тарбияси билан боғлиқ.

Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир йилга ном берилиши ва шу асосида давлат дастурининг қабул қилиниши ҳамда уни ҳаётга кенг татбиқ этилиши эзгу анъанага айланди. Айниқса, бу ислоҳотлар инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Ҳар бир инсон учун уни ва оиласининг саломатлиги бебаҳо бойлик ҳисобланади. Бизнинг гўзал ва бетакрор, жаннатмакон юртимизда эса инсон омили ва унинг манфаатларини ҳимоя этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган, десак муболаға бўлмайди. Она Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида шуни ишонч билан айтиш керакки, ҳеч бир муболағасиз мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлод тарбияси, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларимиз дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Юртимизда тизимли ва мунтазам равишда ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол бўлиб вояга етишлари учун ҳукуматимиз ғамхўрлик кўрсатмоқда.

Президентимиз ўз маърузаларида “Энг муҳими соғлом она ва бола – бахтли оила асоси, бахтли оила эса гуллаб-яшнаётган жамият асоси эканлиги ҳаётимизда ўзининг чуқур тасдиғини топди. Уни амалга ошириш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир” дея соғлом авлод тарбиясининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди.

Соғлом бола туғилиши масаласига соғлом ва аҳил оила меваси сифатида қараш зарур. Оила – бу ҳаёт мангулигини таъминловчи етакчи ва ягона куч. У муқаддас ўчоқдир. Чунки, ҳар бир одам ўзининг соғлом оиласи бағрида баркамол вояга етади. Унинг инсоният ривожланишидаги ўзига хос ўрнини аллақачон жаҳон ҳамжамияти тан олган. Ҳозирги глобаллашув даврида эса Ватан ичра мўъжаз Ватан бўлмиш оиланинг аҳамияти долзарб тус олди. Шу сабабли оила институтидан улкан мақсад – ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида самарали фойдаланишимиз зарур.

Барчамизга маълумки, мустақиллик йилларида “Соғлом авлод йили”, “Соғлом бола йили”, Соғлом она ва бола йили” муносабати билан давлат дастурлари қабул қилинди. Жумладан, “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, энг юксак инсоний туйғулар ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатлар барқарор муҳит ҳукм суриши зарурлиги ҳақидаги муҳим жиҳатлар таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, ёш оилаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза этиш, хотин-қизларнинг иқтидорини юзага чиқариш каби долзарб масалалар ҳам ўз ифодасини топган.

Яна ўқинг:  Жажжи маликаларнинг катта ғалабалари

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди юқорида таъкидлаб ўтилган йўналишлар бўйича бир қатор нуфузли маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳоли саломатлигини асраш, айниқса, хотин-қизлар ва болалар соғлиғини муҳофаза этиш, шунингдек, оилалар мустаҳкамлиги йўлида кенг қамровли эзгу ишларни амалга оширмоқда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини асраш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Фонднинг “Амбуланс” кўчма тиббий-ижтимоий бригадалари маҳаллий ҳокимият, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла ва овул, фуқаролар йиғинлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда оилалардаги психологик муҳитни ўрганиб, аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Қувонарлиси, ушбу ҳамкорлик ижобий самара бермоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ҳамкорларимиз томонидан ажратилган мурувват юклари фуқароларга беғараз ҳадя этилмоқда. Бу инсонпарварлик юклари сирасига дори-дармонлар, гигиена воситалари, чойшаблар, қуритилган сабзавотли шўрва ва озиқ-овқат маҳсулотлари киради.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг 2-бандида олис ва чекка туманлардаги аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза этиш, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш алоҳида белгилаб ўтилган. Ушбу дастурнинг бажарилишида фонд Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда 2016 йилнинг иккинчи чорагида 14 та кўчма тиббий-ижтимоий бригада ҳамда пойтахтдаги Тиббий-ижтимоий марказ томонидан юртимизнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган қатламига мурувват ёрдами кўрсатди. Ҳомиладор аёллар бепул поливитаминлар билан таъминланди. Шунингдек, туғруқ ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар ва кекса, ёлғиз қариялар ҳам чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга малакали шифокорлар томонидан зарурий тавсиялар берилди. Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида жойларда мутахассисларимиз турли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришмоқда. Шу мақсадда маҳалла, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртларида мутахассис-шифокорлар томонидан тиббий мавзуда ўтказилган тадбирлар аҳолида катта қизиқиш уйғотмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва унинг ҳудудий филиаллари фаолиятида тиббий-ижтимоий кўчма бригадаларнинг алоҳида ўрни бор. Улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида кенг қамровли ишларни олиб боришмоқда.

Яна ўқинг:  Сил билан касалланган аёл фарзанд кўра оладими?

Бир сўз билан айтганда мутахассисларимиз фуқаролар билан яқин мулоқотда бўлиб, уларнинг соғлиқлари ҳақида қайғуришади. Шунингдек, “Меҳрибонлик”, “Гўдаклар” уйи тарбияланувчилари, “Саховат” уйидаги кекса ва ёлғиз қариялар ҳолидан ҳам тез-тез хабар олиб туришади. Уларга фонд томонидан нафақат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилади, балки бу фуқаролар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолатларда соғломлаштириш учун нуфузли тиббий муассасаларда йўлланма асосида даволанадилар. Бу каби инсонпарварлик эзгу амаллари давлатимиз сиёсатининг асосий тамойилларидан биридир.

Яна бир гап. “Соғлом она – соғлом бола” миллий дастурида саккизта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, янги оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, санаторий ва курортлар, энг чекка ҳудудларда эса 195та замонавий маиший хизмат комплексларини қуриш кўзда тутилган. Бу каби улкан мақсадлар замирида Президентимизнинг одил сиёсати ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимидаги туб ислоҳотлар самараси сифатида ташкил этилган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларида энг аввало оналар ва болаларнинг малакали ва ихтисослашган тиббий хизматдан кенг фойдаланишига катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам аҳолининг юқори сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун барча имконият яратилган. Айни пайтда юртимизда 3200та қишлоқ врачлик пунктлари самарали фаолият юритаётгани ана шу сўзларимиз тасдиғидир.

Ихтисослаштирилган тиббий марказларда эса касалликларни даволашнинг янги ва замонавий усуллари амалиётга татбиқ этилмоқда. Шу ўринда бир далилни тилга олиш жоиз деб биламан. Пойтахтимизда МДҲ мамлакатларида ўхшаши йўқ кўп тармоқли болалар маркази қурилмоқда. Унинг яқин кунларда ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу марказ дунёдаги энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари мамлакатимизда яна бир қатор йирик тиббий муассасалар, клиникалар, вилоятларда кўп тармоқли болалар тиббий марказларини қуриш ҳам амалга оширилади.

Яна болалар ва ҳомиладор аёлларга хизмат кўрсатувчи тиббий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, бемор болаларни юртимизда ва хорижда даволанишлари учун шароит яратиш, аҳолига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида анъанавий тарзда “Ўзбекистон темир йўллари” АК билан ҳамкорликда ташкил этилаётган Марказий Осиёда қиёси йўқ “Саломатлик” поезди мамлакатимизнинг энг олис гўшаларидаги фуқаролар соғлиғини асрашда муҳим ўрин тутмоқда. Қувонарлиси, бу хайрли ишларни амалга оширишда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Яна ўқинг:  Энг яхши тиббий муассасаси: эътирофга қандай эришилади?

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, Ўзбекистонда соғлом ва бахтли ҳамда фаровон оилалар сони қанча кўп бўлса, улар давлатимизнинг бугуни, эртаси ва порлоқ келажаги учун сидқидилдан хизмат қилувчи ватанпарвар фарзандларни тарбиялаб вояга етказади.

 

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: