Сангардак – она юрт мўъжизаси
Сурхон воҳаси ўзининг гўзал манзараси, бетакрор табиати билан алоҳида ажралиб туради. Бойсун тоғларидаги шифобахш сувлар, Боботоғ пистазорлари, Шеробод тоғларидаги тошларга ўйилган қадимги битиклар, Денов, Сариосиё тоғларидаги кўҳна арчалару гўзал шаршаралар, барча-барчаси юртимизнинг бетакрор экооламга эга эканлигини билдиради.
Булутларга бош қўйган пурвиқор тоғлар бағрида сизни илк қарашданоқ ўзига мафтун этадиган ажойиб масканлар талайгина. Шулардан бири Сангардак шаршарасидир.
Ёз фаслида кунлар исиб, одамлар ўзини соя-салқинга ола бошлайди. Ана шундай вақтда тоғ ён-бағирларидаги сўлим гўшаларга бориб дам олгингиз, маданий ҳордиқ чиқаргингиз келади. Мен ҳам ишхонадан меҳнат таътили олиб, юртимизнинг сўлим воҳаси Сурхондарё сари йўл олдим.
Болалигим ўтган ушбу жаннатмакон ўлкада бир-биридан гўзал, такрорланмас тароватга эга табиат масканлари жуда кўп. Айниқса, Сангардак шаршараси табиат яратган буюк мўъжизадир.
Денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликдан отилиб чиқувчи шаршара 150 метрдан ортиқ баландликдан, атрофдаги қояларга урилиб оқади. Атроф ҳудудларида анжир, наъматак, узум каби бир қанча дарахт ва буталар ўсади. Бу ҳудудда табиат ёввойи тарзда сақланган бўлиб, инсон томонидан зарар етказилмаган. Маълумотларга қараганда, Сангардак шаршарасини ҳосил қилувчи булоқнинг манбаи қоялар ичидаги кўлда жойлашган. Бу шаршара “Шаршарамозор”, “Шарракмозор” номлари билан ҳам машҳур бўлиб, ҳар йили ёз мавсумида мазкур гўша зиёратчилар билан гавжум бўлади. Унинг атрофида кишини ҳайратга соладиган сержило камалак ҳосил бўлади. Сангардак тоғларида яна кўплаб булоқлар ҳам мавжуд бўлиб, улар Сангардакбулоқ, Ширинбулоқ, Қорабулоқ, Сирсойбулоқ каби номлар билан аталиб келади. Булоқ суви тоғ ён-бағирларидаги турли гиёҳ илдизларини ювиб чиққанлиги сабабли ҳам инсон организми учун шифобахшлик хусусиятига эгадир.
Шаршарага етиб боргач, таърифлаганларидан ҳам ортиқроқ гўзалликка гувоҳ бўлдим. Саратоннинг иссиқ тафтидан салқин жой излаб келган одамлар бу ерда жуда кўп экан. Кимдир баландликдан маржон доналари каби қуёшда товланиб тушаётган шаршарани томоша қиляпти. Яна кимдир Сангардак дарёсида мазза қилиб чўмиляпти. Бошқалар эса шаршара яқинидаги соя-салқин жойлардаги супаларда оилавий ҳордиқ чиқаришяпти. Бу жараённи кузата туриб, қалбимда шундай гўзал юртда туғилиб-ўсганлигимдан фахрланиш ҳисси жўш урди. Ушбу гўзалликларни тарихга муҳрлаш учун суратга ола бошладим. Шу онда кўзим бир чеккада ўйчан нигоҳлар билан тоғларга боқиб турган отахонга тушди. Басавлатлигидан тоғлик бўлса керак, деб секин ёнига бориб салом бердим. Саломимга алик олгач, ўткир нигоҳлари билан менга боқди-да, “меҳмонмисиз” дея сўради.
– Ҳа меҳмонман, бу ерларни гўзаллиги ҳақида эшитиб, зиёратга келдим, – дедим.
– Баракалла, юртни таниш, унинг ҳар бир гўшасини муқаддас билиш инсоннинг бурчидир, – дея гапимни маъқуллади. Шундан кейин ўзини шу қишлоқдан эканлигини, 40 йил мактабда физика фанидан дарс берганликлари, ёшликларида тўйларда кураш тушиб, от миниб, улоқ чопганликлари ҳақидаги қизиқарли хотираларини сўзлаб берди. Саломатхон деса қишлоқдаги ёшу қари бирдай ҳурмат қиладиган бу инсон шу ёшда ҳам Алпомишдай куч-қувватга эга эканлиги, ёшлигида моҳир чобохон (улоқчи) ва полвон бўлганидан дарак бериб турарди.
– Отахон нега бу шаршарани “Шарракмозор” деб атайсизлар, – дея сўрадим қизиқсиниб.
– Бу ҳақда аниқ маълумотга эгамасману, аммо болалигимда отамдан эшитган бир афсона эсимда. – Қадимда Сангардак катта қишлоқ бўлиб халқи тўкин-сочинликда яшаган, бойлари кўп, йигитлари полвон бўлган. Қизлари жуда гўзаллиги учун тилларда достон бўлган экан. Бир куни тунда қароқчилар қишлоққа хужум қилиб, одамларнинг мол-мулкини талабди. Сон жиҳатдан кўп бўлган ёв, қўлига қурол олишга қодир барчани қиличдан ўтказади. Гўзаллиги тилларда достон бўлган қишлоқ қизларини асир қилиб, олиб кетишмоқчи бўлади. Бундан хабар топган ҳур қизлар тоғ томон қоча бошлашади. Қароқчилар изма-из қувиб келади. Мана шу ерга келганда қизлар ҳолдан тояди ва кўкка қўл чўзиб “Бизларни душман қўлида хор қилма, ор-номусимизни сақла”, – дея Яратганга нола қилади. Шу онда катта тошдан эшик очилади. Барча қизлар киргач, эшик ёпилиб, ўрнидан катта шаршара отилиб чиқади. Шу-шу бу ер “Шарракмозор” деб аталадиган бўлган экан, – дея Саломат ота сўзини якунлади ва чуқур ўйга толди.
Ҳа, бу афсона қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмадиму, аммо ўзбек қизларини қадимдан ор-номусини ҳаётидан устун қўйгани ҳақиқат. Қишлоқ одамлари орасида юрган яна бир афсонага кўра кўнгли тоза, қалби пок, мард инсонлар шаршарага яхшилаб разм солса, қоядаги тошларда ўша ҳур қизларнинг акси кўринар экан.
Жамолиддин АБДУЛЛАЕВ