Уй шароитида чанқовбосди коктейль

Бу йилги рамазон ойининг ёзнинг энг иссиқ ва узун кунларига тўғри келиши кўпчилик рўзадорларнинг чанқоқдан қийналишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабдан ҳам айрим рўзадорлар ифторлик қилишлари биланоқ кўп миқдорда суюқлик (асосан сув) ичиб, бошқа қувватбахш неъматларни истеъмол қила олмай қолишмоқда. Бу эса организмнинг янада ҳолсизланиши, овқат ҳазм қилиш аъзоларининг нотўғри ишлашига ҳам сабаб бўлаяпти. Қуйида таклиф этаётган салқин, чанқовбосди ичимлик ана шу муаммони ҳал этса ажаб эмас.

Бу ичимлик дунёда “мохито” номи билан машҳур. ХХ асрнинг 40-йилларида Кубада илк бор тайёрланган “мохито”ни тайёрлашнинг турли-туман усуллари мавжуд. Бироқ таркиби асосан лимон (лайм, яъни лимоннинг бир тури бўлса янада яхши), ялпиз ва шакардан тайёрланади. Кўп ҳолларда сув ўрнига газланган ширин ичимлик – “Спрайт” қўшилади.

Анъанавий “Мохито” коктейлининг тайёрланиш усули:

Стаканга лимон ёки лайм (хом лимон) бўлаги, бир неча ялпиз барглари солинади.

1 чой қошиқ шакар солиниб, бир оз аралаштирилади ва масаллиқлар таъми ҳамда ҳиди чиқиши учун эзилади.

Стакан ярмидан сал кўпроқ қилиб “Спрайт” қуйилади ва энг охирида стакан тўлгунича муз бўлакчалари солинади.

“Мохито” коктейли ялпиз баргчалари билан безатилади.

Уй шароитида рўзадорлар учун кўп миқдорда “Мохито” тайёрлаш учун эса қуйидаги рецептни тавсия этамиз (1 литр учун):

Бир дона бутун лимон худди бодринг тўғралгандек узунасига тўрт бўлак қилиб кесилиб, сўнгра майда тўғралади. Беш-олти дона ялпиз барглари ва таъбга кўра шакар солиниб, шакарнинг кўп қисми эригунича аралаштирилиб, ялпиз ва лимон яхшилаб эзилади. Сўнгра устидан қайнатилган сув (энг яхшиси газсиз минерал сув) қуйилиб, музлаткичга қўйилади.

Рўзадор оғиз очгандан кейин мазкур салқин ичимликдан бир-икки стакан ичса, чанқоғи бир зумда қонади.

 

Лимоннинг фойдалари

Лимон организм учун фойдали витамин ва микроэлементларга бой. Унинг таркибида энг кўп С витамини учрайди. Мазкур витамин моддалар алмашинуви ва тўқималар озиқланишида ўта муҳим. Бундан ташқари А, В1, В2, D ҳамда цитрус мевалар учун хос бўлган цитрин (Р витамини)га бой. Ўз таркиби билан юқори биологик фаолликка эга бўлиб, организмнинг тезда қувватга киришига ёрдам беради. Қувватбахшлиги билан бир қаторда, турли инфекцион, замбуруғли, меда-ичак, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар), пешоб йўли касалликларига ҳам шифо бўлади.

Яна ўқинг:  7 кун давомида

 

Ялпизнинг рўзадор учун фойдалари

Ялпиз – инсон организми учун фойдали ўсимлик. Таркибида унинг таъми ва ҳидини белгилаб берадиган 2, 5 фоиз миқдорда ментол эфир мойи мавжуд. Бундан ташқари, феландрен, пинен, ясмон, пиперитон, ментофуран ва бошқа эфир мойларига ҳам бой. Кучли бактерицид хусусиятга эга. Ялпиз оғриқ қолдириш ва томирларни кенгайтириши билан ҳам ажралиб туради.

Ялпиз овқат ҳазм қилишни яхшилайди, чанқоқни қондиради, ўт чиқаришни кучайтиради. Унинг дамламаси асабларни тинчлантиради, бронхлар, ўпка яллиғланиши, юрак-қон томир, гинекологик касалликларга шифо бўлади.

 

Cанжар РУСТАМОВ тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: