“Саломатлик” карвони юртимизнинг жанубий ҳудудларида

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Ўзбекистон темир йўллари” АК ҳамкорлигида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чекка, тоғли ва экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида ташкил этилган “Саломатлик” поезди ҳафталик фаолиятини якунлаб, пойтахтга қайтиб келди.

Меҳр-мурувват, саховат халқимизнинг юксак инсоний фазилатларидир. Ҳаётимиз, турмуш тарзимизга сингган азалий қадриятларимизда ҳам у ўз аксини топган. Ҳамжиҳат элимиз топса ҳовучида, йўқса ширин каломи билан бир-бирининг дардини енгил, эҳтиёжини бартараф этади.

Юртимизда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини муҳофаза қилиш, ёш авлоднинг бенуқсон дунёга келиши ва баркамол вояга етиши борасида амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бемисл ғамхўрлик алоҳида таҳсинга лойиқ.

Мамлакатимизнинг жанубий воҳаси – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига сафар уюштирган саломатлик ва эзгулик карвонининг мақсад-муддаоси ҳам эл саломатлига камарбаста бўлишдир. Ушбу “Саломатлик” поезди ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

– “Сариосиё”, “Бойсун”, “Дарбанд”, “Қумқўрғон” темир йўл бекатларида малакали шифокорлар ва кўчма тиббий ижтимоий ёрдам бригада мутахассислари болалар, хотин-қизлар, кўп болали оилалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сурхондарё вилояти ҳудудий филиали директори Ҳулкар Эгамбердиева. – Аниқланган касалликларни даволаш бўйича зарур тавсиялар берилди. Жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган суҳбат ва учрашувлар ташкил этилди.

“Саломатлик” поезди етиб борган станциялар доимо аҳоли билан гавжум бўлди. Марказий Осиёда ягона ўзига хос бичим ва қулайликда ишланган, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган поликлиника вагонларида фидойи шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга, соғлом турмуш тарзи борасида ҳам суҳбатлар ўтказди. Мазкур тиббий-ижтимоий акция доирасида вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари ва кам таъминланган оилалар 300 дан ортиқ турдаги дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббий анжомлар билан таъминланди.

Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис, тиббий кўрик давомида аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилади.

Яна ўқинг:  Билим ва маърифат маскани

– Ушбу акция давомида 2 минг 546 нафар кишига сифатли тиббий хизмат кўрсатилди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АКнинг “Саломатлик” тиббий санитария ёрдам поезди шифокори Ўткиржон Мардонов – Кўрикдан ўтганларнинг 647 нафарини аёллар, 466 нафарини болалар ва ўсмирлар ташкил этди. Малакали тиббий текширувлар давомида шифокорлар томонидан маслаҳатлар берилди.

“Саломатлик” поезди Сариосиё, Узун, Қумқўрғон, Деҳқонобод туманларида бўлиб, кўп болали оилалар, хотин-қизлар, болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига беғараз ёрдам кўрсатди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш ушбу хайрия акциясининг олий мақсадидир.

Жобир ҲИКМАТУЛЛАЕВ,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди етакчи мутахассиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: