ТУРМУШ ОБОДЛИГИ

ва табиатга оқилона, одилона муносабат

Экология – бу сиз билан биз яшаб турган муҳит, яшаётган жой, қишлоқ ва шаҳарларимиз. Ҳар куни саҳар тонгдан боғча, мактабга, ўқув юртларига, ишга, эл хизматига чопамиз. Атроф- муҳитга эътибор билан қарашга вақт йўқ. Қарасак ҳам, қарамасак ҳам, худди ҳаёт бир маромда давом этаётгандек. Лекин бир зум тўхтаб яшаётган жойимизга, атрофга назар ташласак, далаларимиз, боғларимиз нақадар гўзал, чиройли эканлигини кўриб қалбимиз яйрайди. Она еримиз бой, саховатли ва ундан олинаётган кўплаб ноз-неъматлар, хом ашёлар, оқар дарёларимиз, ўсимлик дунёси, ҳайвонот оламига эгамиз. Булар барчаси табиат томонидан берилган инъом. Хўш, мана шу берилган инъомлардан оқилона фойдалана олаяпмизми? Табиатнинг ифлосланиши нафақат маҳаллий ёки минтақавий бўлибгина қолмай, балки бугунги кунда умумбашарий тус олмоқда.

Табиатда юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар, албатта, унинг мувозанатига таъсир қилади. Биз буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ҳозирги даврга келиб, экологик муаммолар инсоният олдида турган энг асосий масалалардан бири бўлиб қолди. Бугунги кунда экологик муаммоларни ҳал этиш ва экологик хавфни бартараф қилиш қанчалик муҳимлигини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўзининг “Ўзбекистон ХXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида батафсил ёритиб берганлигини алоҳида қайд қилиб ўтиш лозим. Чунончи, Президентимиз бу асарларида “Биздаги барқарорлик ва хавфсизлик йўлида таҳдид бўлиб турган муаммоларни англаб етаяпмизми? Хавфсизликка таҳдид солиб турган муаммоларга нимани қарши қўя оламиз?.. Биз истиқомат қилаётган минтақада жуғрофий-сиёсий мувозанатнинг сақланишига нималар кафолат бера олади. Хавфсизликни қандай қилиб сақлаб қолиш мумкин?” каби саволлар долзарб муаммолар сифатида кун тартибидан ўрин олган.

Экологик хавфсизлик – миллий хавфсизлигимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис биз умуммиллий бойлигимиз бўлган Она замин, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳираларимизни асрашимиз, улардан оқилона фойдаланишимиз лозим. Чунончи, Конституциямизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб таъкидланган. Шунингдек, 50-моддасида эса, “фуқаролар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб қайд қилингани ҳам бежиз эмас. Шундай экан, умуммиллий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш барчамизнинг ҳам мажбуриятимиз, ҳам фуқаролик бурчимиздир, ундан нотўғри фойдаланиш экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Экологик хавфсизликни таъминлашда хар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Зеро, бежизга 2013 йил – “Обод турмуш йили”, деб эълон қилинмади. Хонадонимиз, уйимиз обод бўлса маҳаллалар жамоли яна очилади. Юртнинг кўркига кўрк қўшилади.

Яна ўқинг:  Илҳомбахш ижод маскани

Аслида қадимдан халқимиз она ерни, табиатни эъзозлаб, ундан оқилона фойдаланиб келган, уни қадрлаган, инсон билан табиат ўртасидаги боғлиқликни, унинг сирларини ўрганишга интилган, табиатга бўлган ўз эҳтиромини намоён қилган.

Табиат ҳодисаларининг такомиллашиб боришидаги тушунча ва таълимотлар, инсон билан табиат ўртасидаги боғлиқлик Абу Наср Фаробий, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларнинг асарларида ўз ифодасини топган. Амир Темур, Алишер Навоий каби давлат арбоблари доим ободонлаштириш, боғ-роғлар барпо этиш ишларига алоҳида эътибор қаратган.

Табиат сирларини ўрганишга бўлган интилишни, буюк аждодларимиз томонидан яратилган дурдона асарларни ўрганиш орқали билиб олиш мумкин. Ал-Хоразмийнинг “Китоб сурат ул -арз” номли асарида 637 та ноёб табиий жойлар, 209 та тоғнинг географик тафсилоти, денгизлар, дарёлар, океанлар, ҳавзалар шакли, уларда жойлашган ороллар координатлари тўғрисида фикрларни баён қилган. Абу Райҳон Беруний ўзининг “Сайдана” асарида 1116 турдаги доривор хусусиятга эга наботот ва ҳайвонот оламига мансуб 750 ўсимлик ҳамда 101 та ҳайвонларни батафсил таърифлаб берган. Энг оламшумули шундаки, у ўз тажрибалари орқали табиатдаги барча ҳодисалар муайян табиий қонуният асосида юз бериши, ташқи кучлар таъсири уни издан чиқариши мумкинлиги тўғрисидаги хулосага келган.

Шунингдек, Фаробийнинг “Ҳиндистон дорилари ва доривор ўсимликлари”, “Наботот деҳқончилиги ҳақида” китоблари, “Инсон аъзолари ҳақида рисола”, “Ҳайвон аъзолари ҳақида сўз” каби асарлари унинг табиат, наботот ва ҳайвонот оламини улуғворлигини ифода эканлигининг исботидир.

Буюк саркарда Амир Темур томонидан давлат бошқарувида бирламчи ободонлаштириш ишларига катта эътибор қаратгани “Темур тузуклари”да ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, асардаги қаровсиз ерларни обод қилишга, уларни ҳосилдор ерларга айлантириш ҳақидаги кўрсатмаларига асосан хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса, яъни давлат ерларини бошқарувчи маҳкама томонидан обод қилиниши қайд қилинганлиги эътиборга лойиқ. Яна унинг хароб бўлиб ётган ерларда қурилишлар қилиниши, бузилган кўприкларни тузатиш ва дарёлар устига кўприклар солиш каби қатор кўрсатмалари атроф- муҳит, табиатга бўлган эътибордан далолат бериб турибди.

Бугунги кунда экологик муаммоларни ҳал этиш ва атроф муҳитни мухофаза қилишда, жамиятда экологик онг ва экологик маданиятни шакллантиришда халкимизнинг бой миллий анъаналаридан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Экотуризм – ёввойи табиат қўйнига саёҳат

Мамлакатимизда сўнгги 20 йил мобайнида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик соҳаси босқичма босқич янгиланиб такомиллашиб бормоқда ва шу соҳада мажмуавий қонуний-ҳуқуқий база яратилди. Ҳозирда қарийб 30 га яқин қонун ва 350 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган ҳамда фуқароларнинг мақбул атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини кафолатлайдиган халқаро конвенциялар, шартнома ва битимлар ратификация қилинди ҳамда имзоланди.

Олдимизда турган вазифа мамлакатимизнинг ноёб табиатини асраб-авайлаш, миллий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий ҳамда халқаро қонун ҳужжатлари талабларига қатиъй риоя қилиш ҳамда ижросини таъминлашни талаб этади.

Бизнинг асосий мақсадимиз – юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини ошириш, мана шу мақсадимиз йўлида экологик хавфсизликни таъминлаш бурчимиз эканлигини унутмайлик.

Мавжуда РАЖАБОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: