Умрнинг улуғвор манзили
Совуқ урушнинг бошлари… Сталинград шаҳри… Замбараклар ўқи қулоқни қоматга келтиргудек гурсиллар, ҳар томондан дайди ўқларнинг “ғизиллаб” учиши кишига ваҳима соларди.
Ҳайитбой шиддат билан душман ҳамласини мардонавор ёриб ўтаркан, бехосдан елкасида қандайдир кучли оғриқни ҳис этди. Бир зумда чор-атроф кўз ўнгида ўз мувозанатини йўқотгандай бетартиб бўлиб кетди…
Жанг майдонида ҳушсиз қолган мард ўғлоннинг ҳужжатлари штабга топширилиб, ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилди. Аммо Ҳайитбойнинг қисматида йигитлик бурчини ўташ ҳали ниҳоясига етмаган эди. Тез орада сафдошлари уни шифохонага етказишди. Соғлиғини тиклаган ёш аскар Днепр дарёси бўйида кечган суронли жангларда ҳам иштирок этди…
Кўплаб сурхондарёлик жасур ўғлонлар каби Ҳайитбой Мусаев ҳам навқирон йигитлик чоғида фронтга сафарбар этилганди. Қўлига қурол олиб, сафдошлари билан жанг майдонида тинчлик учун жон олиб, жон берди. Жароҳатнинг азобли оғриқлари, уйқусиз ваҳимали тунлар, суронли тўқнашувларга гувоҳ бўлган эди, ўшанда. Не-не алпкелбат сафдошлари жанг майдонидан қайтмади, дейсиз?!
Бугун 93 ёшни қарши олган Ҳайитбой ота ҳар сафар урушнинг суронли кунларини ёдга олар экан, кўнглида қандайдир оғриқни ҳис этади. Ана шунда бобо ён-атрофида ўйнаб юрган жажжи чеваралари-ю, эвараларининг шодон кулгусига разм солиб, кўксидаги оғир юкдан халос бўлади. Йиллар давомидаги кўнгил иқрорини яна такрорлайди: “Умрингиз зое кетмади. Бугунги доруломон кунларда сизнинг мислсиз хизматингиз бор, сафдошларим!”.
Урушдан жароҳат билан қайтган Ҳайитбой ота бир зум ҳам бўш қолмади. Меҳнат ва тинимсиз ҳаракат билан кўнглидаги оғриқларни ўзидан аритди. Қарши педагогика институтини тамомлагач, қишлоғидаги 9-, 21-умумтаълим мактабларида ўқитувчи, илмий мудир, сўнг директор лавозимида ишлади. Нафақага чиққанидан сўнг ҳам 11 йилдан ортиқ вақт “Мунчоқтепа” маҳалласида оқсоқоллик қилди. Маҳалла, қишлоқ ободлигига ўз ҳиссасини қўшди. Остонасига кўмак истаб келган эл-улус, узоқ-яқин кишилардан ёрдамини сира аямади. Фидойи, заҳматкаш ва қалбию чеҳрасида қуёш тафти акс этган отахон етти фарзанднинг барчасини ўқимишли, касби-корли қилиб, вояга етказди. 30 нафар невара-ю, 48 нафар чевараларининг меҳрибон бобосига айланди. Ҳозирда Ҳайитбой ота нафақат мунчоқтепаликларнинг, балки Сурхон элининг кайвони отахонларидан бирига айланган, десак асло муболаға бўлмайди. У кишининг иштирокисиз қишлоқ аҳлининг ҳеч бир тўю маъракаси ўтмайди. Хайрли ишларига ўзи бош-қош бўлади. Бир сўз билан айтганда, халқ ғами билан яшайди. Кимдир неки юмуш бошласа, аввал отахондан маслаҳат олиб, у кишининг дуолари билан иш бошлайди.
Ҳайитбой отага кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан унга ҳавас қилишимизни айтсак, бошини қуйи солиб, бироз жим бўлди-да, “Сиз нурли ва келажаги порлоқ Ватаннинг бахтиёр дамларида камол топаяпсиз. Бундан бошқа яна ҳавас қилгулик бахтли онлар бўлмаса керак”, дея аста жавоб берди.
Дарҳақиқат, тинчлик, эрк ва бахтиёрлик насими эсиб турган озод юртда улуғ мақсадларни кўзлаб яшашдан ортиқ бахт йўқ. Зеро, не-не бобою бувиларимиз юрт фаровонлиги йўлида бебаҳо умрини фидо этган. Шукурки, ҳозирда улғайиб келаётган ёшларимиз қўлларига китоб тутиб, юксак марраларни кўзлаяпти. Тинчликнинг қадр-қимматини чуқур англаган Ҳайитбой ота Мусаевга ўхшаган боболаримиз эса ёшларга осойишталик ва хотиржамликнинг бебаҳо қиймати ҳақида сўзлашдан сира чарчамайди.
Маърифат ТОЛИПОВА,
Сурхондарё вилояти