МАШАҚҚАТЛИ ЙЎЛ МАЛИКАСИ

Жаҳонда фарзандини дунёга келтиргандан сўнг, фақат тўрт нафар гимнастикачи фаолиятини давом эттирган, булар – россиялик Лариса Латинина, кубалик Леянит Гонсалес, голландиялик Сюзан Хармслар ҳамда юртдошимиз Оксана Чусовитинадир. Ниҳоятда мураккаб, қизлардан куч, бардош, чаққонлик ва эгилувчанлик хусусиятларини талаб этадиган спорт гимнастикасида бунчалик узоқ вақт давомида чиқиш қилиш учун ирода, сабр тоқат, энг муҳими катта иштиёқ зарурлигини Оксана алоҳида таъкидлайди.

Ҳар бир аёлнинг бахти, келажакдаги орзу истакларининг рўёби – унинг фарзандидир. Фарзанд – эртанги кунга ишонч, умрининг зое кетмаганлигининг исботидир.

Фарзандим менинг борлиғим… Усиз мен ҳеч кимман. Доимо оилам, ўғлимга вақт ажрата оламан. Шу билан бирга ўзимни спортсиз умуман тасаввур қила олмайман. Ҳар бир кишининг қандайдир ботиний қуввати бўлади. Қийин вазиятларда, ўзим билмаган ҳолда, ичимдан қандайдир куч, бардошни топа оламан. Менимча, ҳар бир инсонда бундай кўз илғамас куч заҳираси мавжуд… Бир йили жиддий жароҳат олиб спортдаги фаолиятимни тўхтатмоқчи эдим. Шунда фарзанд кутаётганлигимни билиб, жуда ҳам севиндим. Энди бўлди, оила ва фарзандим учун яшайман, деган хулосага келган эдим. Ўғлим дунёга келгач эса, ўзимни энг бахтиёр аёлдек ҳис қилдим… Ҳар қандай аёл боласини ҳаммадан чиройли, гўзал деб ўйлаши табиий. Алишер туғилганида шундай бахтли эдим… Умуман олганда, спортчилар узоқ вақт уйда ўтириб, уй юмушлари билан банд бўлишга одатланишмаган. Аста-секин мен ҳам залга келиб, машқ қилишни бошладим. Аввалги жисмоний ҳолатимга қайтишим керак эди. Мусобақаларда иштирок этишни давом эттирдим.

Оксана Чусовитина 1975 йили Бухорода туғилган. 16 ёшида икки карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эди. 1992 йили Барселонада ўтказилган Олимпия ўйинларида жамоа ҳисобида олтин медалга сазовор бўлган. 1996, 2000, 2004 йиллари Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинларида олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритган. Мусобақаларда шунчаки қатнашишни эмас, балки ғолиб ва совриндор бўлишни мақсад қилган ҳикоямиз қаҳрамони бугунги кунда спортда ўз ўрни ва номига эга. Ҳаётда хушчақчақ, спортда ўта жиддий ва талабчан Олимпия чемпионининг мухлисларига сўзлари самимий ва камтарона.

Авваламбор, спорт билан шуғулланиш учун болада катта иштиёқ бўлиши керак. Ота-она қанчалик мажбурламасин, натижа бўлмайди. Боланинг спортга меҳрини шакллантира олиш лозим. Шундагина у машғулотлар залига ўз истаги билан келади. Мураббий спортчини тарбиялаб унда гимнастикага хос сифатларини ривожлантиради. Авваламбор бола меҳнаткаш бўлиши зарур. Баъзан оғриққа, баъзан аламга бардош беришга ўрганиш шарт. Буларнинг бари – ўткинчи. Шундан кейин ёқимли лаҳзаларда қувонч кўз ёшлари келади. Ҳаммаси – спортчининг ўзига боғлиқ. Олдига аниқ мақсад қўйганлар ҳеч нарсага парво қилмай, унинг амалга ошишига интилиши лозим. Шоҳсупага чиқишни орзу қилмаган спортчи топилмаса керак. Аммо энг кучлиларгина ғолиб бўлади. Бунинг учун тинимсиз машқ, метин бардош бўлса, ўйлайманки, муваффақият куттириб қўймайди. Мусобақада менга мухлислар ишқибозлик қилишаётганидан беҳад бахтиёр бўламан. Қўлимдан келганини уларга намойиш қилиб, билдирилган ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

Оксана 2013 йили Францияда ўтказилган жаҳон кубоги босқичида бронза медалга сазовор бўлиб, Германиядаги баҳсларда ғолибликка эришди. Португалиядаги жаҳон кубоги босқичида кумуш медалга лойиқ деб топилди. 2014 йилда Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида шоҳсупага чиқиб кумуш медалга сазовор бўлгани бу аёлнинг ирода ва матонатига яна бир бор таҳсин ўқишга сабаб бўлди. 2016 йил бошидан бери Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Олимпия ўйинлари арафасида икки маротаба жаҳон кубоги босқич баҳсларида олтин медалга сазовор бўлганида кўнглимиз ғурур ва ифтихор туйғусига тўлди. Оксана Чусовитина чорак аср давомида профессионал фаолиятини давом эттириб келаётган спортчидир. Мусобақа жараёнларида у баъзан қизи тенги гимнастикачилар билан баҳслашади. Бунда у ўзининг йиллар давомида тўплаган тажрибаси ёшларнинг шижоати, жисмоний қувватига бас келишини таъминлайди. Ҳаётидан кўнгли тўлган, умрининг зое кетмаётганлигини билган Оксана доим етакчи бўлишга, ўйлаганлари рўёбга чиқишига интилади… Мағлубиятни тан олмайди… Ҳар қандай вазиятда эзгуликка интилиб яшайди. Балки шунинг учун унга доим бахт ёрдир.

Яна ўқинг:  КИЧИК ЙЎЛОВЧИ УЧУН АВТОЎРИНДИҚЛАР

Ҳаётда ҳар бир инсон ўзича бахтиёр. Мен ҳам ўзимни бахтлиман деб ўйлайман. Чунки, оилам, фарзандим бор. Мен ҳеч нарсага муҳтож эмасман. Кимдир автоулови бўлса, кимдир ҳашаматли уйи бўлса бахтли. Мен яқинларим соғ-саломатлиги билан бахтлиман. Ҳаётимда шундай воқеа бўлган эди. Жароҳатланиб, касалхонада даволанаётгандим. Оёғим ниҳоятда оғрир эди. Шу пайт ўзимга – ўзимнинг раҳмим келди. Шу лаҳзаларда уруш ҳақида фильм кўрсатишди. Мен урушнинг бор даҳшатини кўрдим. Оёқсиз, қўлсиз қолган инсонларнинг фожеасини эзилиб кўрдим. Тинч юртда яшаш, соғ-саломат бўлишнинг ўзи катта бахт эканлигини шунда тушиндим. Ҳеч ким ўзини бахтсиз ҳис қилиши керакмас. Ҳамма нарсага ижобий тарафдан қараш керак деб ўйлайман. Ҳар қандай вазиятда имкон, умид топса бўлади. Доим эзгуликка ишониб яшаш лозим.

2012 йилги Лондонда ўтказилган Олимпия ўйинларидаги иштироки Оксана Чусовитинани дунёда ягона олти карра Олимпия ўйинларида иштирок этган спорт гимнастикачи сифатидаги Гиннес рекордлар китобига кириши учун замин ҳозирлади.

Аёл кишининг оиласи билан бирга ижтимоий ҳаётда ҳам муваффақият қозониши осон эмас. Фарзанд тарбияси баробарида спортчи сифатида юксак кўрсаткичга эришган Оксана Чусовитина оилада барча аёллар каби эътиборга, меҳрга муҳтож…

Биласизми, шахс сифатида мен кучлиман. Аммо оилада мен барча аёллар каби заифа, ожизаман. Ҳар қандай аёлнинг оилада таянчи, суянчи бўлиши керак. Уйда у ўзини ожиза ҳис қилишни истайди.

Бу аёлнинг бардоши ва иродасига барчанинг ҳаваси келади. Унинг инсоний фазилатлари кўпчиликка ўрнак бўлади.

Фазилатим – тўғрисўзликни қадрлайман. Ҳазилкаш инсонларни ёқтираман. Ҳазилкашлик хислатим бор. Ҳар қандай мураккаб вазиятда табассум қилиш учун баҳона топса бўлади. Натижаларимдан қатъий назар мен ҳамма каби оддий инсонман. Ўзим тўғри деб ҳисоблаганимдек имкон қадар яшайман. Мен билан фахрланишларини ҳеч қачон мақсад қилмаганман. Шундай, борича яшаяпман.

Суҳбатдош

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: