Тармоқлараро саноат ярмаркаси

Янги маҳсулотларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади

Айни кунларда пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари комплекси ҳамда Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари комплексининг тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда.

Юртимизда ташкил этилаётган бу каби саноат ярмаркалари мавжуд корхоналарининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, маҳаллийлаштириш дастурини ривожлантириш ва импортни қисқартириш, янги маҳсулотларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2015 йилда мазкур тармоқлараро саноат ярмаркасида тўрт юздан зиёд корхона иштирок этиб, бир ярим мингга яқин, жумладан, эллик турдаги янги маҳсулотларини намойиш этди. Саноат кооперацияси асосида маҳсулот етказиб бериш ва экспорт қилиш бўйича 237 миллиард сўмликдан ортиқ ҳамда 600 минг долларлик шартномалар имзоланган эди.

Жорий йил ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ва бошқа тузилмалар таркибидаги беш юздан зиёд корхона ва ташкилот, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт муассасалари замонавий ускуна ва технологиялар билан жиҳозланмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури самарасида бу жараёнда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Мазкур тадбирда ҳам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги элликка яқин корхона икки юздан зиёд тиббий техника ва технология, буюм ва жиҳозларни намойиш этмоқда.

Пойтахтимиздаги “Магнум медикал сервис” корхонасида ишлаб чиқарилаётган физиотерапия, жарроҳлик соҳасида ишлатиладиган аппаратлар, замонавий бактерицид лампалар, болаларнинг оғирлигини ўлчайдиган тарозилар, лаборатория жиҳозлари бунга мисолдир. 2007 йилда етти турда маҳсулот ишлаб чиқариш билан фаолият бошлаган корхонада бугунги кунда жаҳон тиббиётида кенг қўлланилаётган юздан зиёд асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилиб, амалиётда фойдаланилмоқда.

Мамлакатимиз фармацевтика корхоналари томонидан тўқсонта фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб икки мингдан кўпроқ турдаги замонавий ва шифобахш дори воситалари, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Қирқ иккита корхонада ISO-9001 сифатни бошқариш тизими ва саккизта корхонада GMP халқаро стандарти жорий этилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 11 февралдаги “2015–2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида бу борадаги ишлар кўлами кенгаймоқда.

Яна ўқинг:  ҲУНАР – ХАЗИНА

Ярмаркада таълим ва болалар спорти муассасалари учун ўқув-лаборатория жиҳозлари, спорт инвентарлари ишлаб чиқарувчи хусусий тадбиркорлик субъектларининг павильонлари ҳам гавжум.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спорти изчил ривожланмоқда. Бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарининг 119 таси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг сифати хорижникидан қолишмайди, нархи эса бир неча баробар арзон. Буни ярмаркада намойиш этилаётган спорт товарлари – тўплар, бокс қўлқоплари, кроссовкалар, гимнастика анжомлари, теннис столи, мини-футбол дарвозаси ва бошқа маҳсулотлар мисолида кўриш мумкин.

Андижон вилояти Балиқчи туманида фаолият юритаётган “Mini teks” корхонасида ўттиздан зиёд турдаги спорт кийимлари ва анжомлари ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йилги тармоқлараро саноат ярмаркасида корхона буюртмачилар билан қарийб 2, 5 миллиард сўмлик шартнома имзолаган эди.

Мамлакатимизда енгил саноат тармоғини ривожлантириш, бу соҳада тадбиркорликка кенг йўл очишга йўналтирилган ишлар жамиятимиз ривожида муҳим омил бўлаётир.

Ярмарка доирасида турли семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган.

Ф. ТОЛИПОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: