ОВУНЧОҒИМИЗНИНГ ЎЙИНЧОҒИ
у қандай бўлиши керак?
Акамнинг шунчаки айтган гапи мени ўйлантириб қўйди. Дарҳақиқат, нимага бизнинг болаларимиз аллақандай Бэтмен, Супермен, Ўргимчак одам сингари тўқима образларни билади-ю ўзимизнинг афсонавий ва тарихий қаҳрамонларимиз, атоқли ота-боболаримизни, тузукроқ танимайди.Йўқ, йўқ хулоса қилишга шошилманг мен болаларимизни айбламоқчи эмасман, улар янги экилган ниҳол каби парвариш ва тарбияга эҳтиёжи баланд. Болалик ўзи шунақа, эртаклар олами… беғубор палла. Уларнинг қараши, “кичик олам”и оқу қорани бирдек ўзига қабул қилади. Шу оламни ёлғонга ёки ёд ғоялар гирдобига ғарқ қилиб қўймайлик…
Савол туғилади: нима сабабдан биз катталар уларнинг эртаклар оламини ҳақиқий персонажлар билан, аниқроғи, миллий қаҳрамонларимиз билан бойитмаслигимиз керак?! Нима сабабдан Алпомиш, Гўрўғли, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур сингари боболаримизнинг қаҳрамонликларини болаларимизга эртак сингари айтиб бермаймиз? Хўш, бундай қилишга бизга нима халақит бераяпти? Ҳеч нарса!!! Нима сабабдан ўзимизда шундай катта, барча сифат ва талабларга жавоб берадиган автомобиль ишлаб чиқариш корхоналаримиз бўла туриб болаларимиз гўдаклигиданоқ Мерс, Ауди, БМВ сингари автомобилларга қизиқиши керак? Нима миллий ўйинчоқсозлик соҳасида ўзимизнинг NEXIA, SPARK, LACETTI, EPICA ва CAPTIVA сингари автомобилларимизнинг ўйинчоқ нусхаларини ясашнинг имкони йўқми? Бор албатта! Биз яшаётган юртда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Фақатгина ҳафсала қилсак бўлгани.
Статистика маълумотларига кўра Республикамизда болалар ўйинчоқларига бир йиллик талаб ўртача ҳисобда 23,4 миллион донани ташкил қилади. Аммо ҳозирча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда мавжуд эҳтиёжни қондириш имкони йўқ. Шундай экан энг замонавий технологиялар асосида, давлат стандартларига жавоб бера оладиган, болаларнинг соғлигига зарар етказмайдиган ўйинчоқларни ишлаб чиқарадиган фабрикаларни ишга тушириш вақти келди назаримизда. Чунки, кўплаб ўйинчоқ дўконларидаги маҳсулотларнинг нархи қиммат ва бу нарса ўз-ўзидан уларнинг чет элдан келтирилаётгани билан боғлиқ десак муболаға бўлмайди. Агар ўйинчоқ фабрикаси ўзимизда мавжуд бўлиб, дўконларимизни миллий ўйинчоқларимиз билан тўлдирсак уларга нисбатан талаб ҳам ортади, нарх ҳам мўтадиллашади.
Умуман олганда, ўйинчоқлар бола дунёқарашининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Биринчидан бола ўзи ёқтирган қаҳрамон тимсоли акс этган ўйинчоғни ўйнашни хоҳласа, иккинчи жиҳатдан бола айнан унга ўхшашга ҳаракат қилади. Шундай экан уларга ёшлигидан ватанпарварлик руҳидаги мультфилмларни кўрсатсак, тарихимиз ҳақида ҳикоя қилиб берсак, болаларимиз афсонавий Широқ сингари Ватани учун жонини беришга тайёр мардлар бўлиб вояга етиши аниқ.
Аксинча, Барбини ўйнаб катта бўлаётган қизалоқ бора-бора унга тақлид қилмаслигига ким кафолат беради?! Шу эмасми, биз бугун тиш тирноғимиз билан курашаётганимиз “Оммавий маданият”нинг таъсирларидан бири.
Ўйинчоқ болани ўйлашга, фикрлашга ва шу тариқа дунёни танишга ўргатади. Қизингиз Барби эмас, “Зумрад”ни, ўғлингиз “Бетмен”ни эмас “Алпомиш” ёки “Фарруҳ”ни севиб ўйнаса, билингки у ўзини, ўзлигини таниб оляпти.
Кўпчилигимиз болаларимизнинг ўйинчоқларига унчалик эътибор қаратмаймиз. “Ҳа, бу оддийгина ўйинчоқку, шуни ўйнаб жимгина ўтирса бўлгани” деб ўзимизни овутамиз. Аммо, аслида масаланинг энг эътиборга молик жиҳати ҳам ана шу ўйинчоқда. Ўйинчоқлар бола руҳияти, унинг фикрлаши ва дунёқарашини шакллантиришдаги энг самарали восита эканлиги психологлар томонидан исботланган. Бола ўзи ёқтирган ўйинчоғини ўйнаш баробарида у билан боғлиқ ҳар қандай детални жуда катта қизиқиш билан қабул қилади. Масалан, айтайлик болага Алпомиш тимсолидаги ўйинчоғни олиб бердингиз. Бола ҳар сафар уни ўйнаш жараёнида ўз-ўзидан Алпомиш тўғрисида кўпроқ нарса билишга ва унга ўхшашга ҳаракат қилади. Ва ўз-ўзидан сиз Ватанни севувчи, меҳнаткаш ва жасур фарзанднинг ота-онасига айланасиз. Бунинг учун эса сиз фарзандингизни ана шу қаҳрамонга етарлича қизиқтира олсангиз бас. Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак, деярли ҳар бир қўғирчоқ ва ўйинчоқ маълум фильм ёки мултьфильм қаҳрамонлари эканига гувоҳ бўламиз. Бундан келиб чиқадиган яна бир хулоса шуки, кино ижодкорларимиз ҳам ўйинчоқсозлик саноати билан ҳамкорликда иш олиб боришлари мақсадга эришишнинг янада самарали усули бўларди. Биз бу гапимиз билан болаларимизни бутунлай миллийлик қолипларига ўраб ташлашимиз керак, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Мамлакатимизда ёшларимизнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишлари учун кўплаб имкониятлар яратилган. Фақатгина биз ҳам ана шу жараёнга озми, кўпми ўз ҳиссамизни қўшайлик демоқчимиз.
Фикримизни бошда автомобилсозлик йўналишида айтган гапларимиздан давом эттирсак. Ўша биз эътироф этган Мерс сингари дунёга машҳур автомобилларни ишлаб чиқарувчи Германия давлати автомобилсозлик борасида дунёда энг ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади. Мерседез Бенз, БМВ, сингари автомобил маркалари дунё брендлари қаторидан жой эгаллаганига жуда кўп вақт бўлди. Буни қарангки, унинг бундай мавқеъга эришишида ҳам фуқароларнинг ватанпарварликлари жуда катта рол ўйнаган. Эҳтимол, бу фикрим сизга бироз эриш туюлиши мумкин. Автомобиллар сифати бунинг асосий сабаби дейишингиз ҳам мумкин. Аммо, Германия фуқаролари ўзларига автомобил хариди вақтида асосан фақат миллий автомобилларини сотиб олишган. Бу борада бизда ҳам кўрсаткичлар ёмон эмас. Зеро кўчаларимизни тўлдириб юрган NEXIA, SPARK, LACETTI, EPICA ва CAPTIVA сингари автомобилларимизга ҳам юртдошларимиз орасида талаб ниҳоятда катта. Аммо уларнинг ўйинчоқ нусхаларини яратиш борасида тан олиб айтишимиз керакки анчагина оқсаяпмиз.
Малакатимизда барча соҳада бўлгани каби миллий қўғирчоқсозлик соҳасини ривожлантиришга ҳам жуда катта эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 7 октябрда тасдиқланган “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастури” ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу санъатни ривожлантириш бўйича ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси ва маҳаллий ҳокимиятлар ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Зеро, қўғирчоқларимиз миллий урф-одатларимиз, маданиятимиз, тарихимизни ўзида акс эттирувчи кўзгудир.
Кўплаб якка тартибдаги тадбиркорларимиз миллий ўйинчоқлар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишди. Мамлакатимизда хар йили анъанавий тарзда ташкил қилиб келинаётган “Bazaаr Art” фестивали ҳам миллий қўғирчоқларимизнинг дунё миқёсида кенг оммалашишига сабаб бўлмоқда.
Аммо, ўзимизда ана шу миллий ўйинчоқларимизга талаб у даражада юқори эмаслиги дилимизни бир оз хира қилади. Нима сабабдан болаларимизга ўзимизнинг миллий қадриятларимиз уфуриб турган маҳсулотлар ўрнига Ғарбнинг умуман бизга ёт тушунчаси орқали яратилган ва қирғин, шафқатсизлик ва беҳаёликни тарғиб қиладиган ўйинчоқларни олиб беришимиз керак?
Бир қўшним айтиб берган воқеа менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди. Хуллас, унинг қизига аммаси Америкадан катта қутига солинган Барби ўйинчоғини олиб келибди. Қизалоқнинг қўғирчоққа жуда ҳам меҳри тушиб қолибди ва уни ер-у кўкка ишонмай ўйнашни бошлабди. Бир куни бобоси мехмонга келганда, қўшним қизига:
– Қизалоғим бобонгга “америкалик” қўғирчоғингни кўрсатмайсанми – дебди.
– Йўқ ойижон мен уни ҳеч кимга кўрсатмайман – деб жавоб берибди қизалоқ.
– Нимага кўрсатмайсан?
– Ахир унинг эгнида кийими йўқ-ку. Мен аввал унга узун қўйлак кийдириб кейин бобом ва тоғамга кўрсатаман…
Бутун дунёда “Оммавий маданият” деб аталган миллий менталитетимизга ёт бўлган туйғулар шиддат билан кўпчиликни ўз комига тортиб бормоқда. Ана шундай бир вақтда келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизда миллий қадриятларимиздан бўлган ибо, ҳаё, уят ва каттага ҳурмат тушунчаларининг мавжудлиги мени ниҳоятда хурсанд қилди. Шундай бўлса-да, болаларимизда гўдаклигиданоқ миллий иммунитет тушунчасини шакиллантиришимиз долзарб масала. Зеро, бутун дунёда фахрланишга арзигулик гўзал тарихимиз мавжуд. Ана шу тарихга мос келажакни эса ўзимиз яратамиз. Бунинг учун эса биздан кўп нарса талаб қилинмайди – ўйинчоқларни фақат овунчоқ эмас, тарбиянинг бир қисми деб билсак кифоя. Қадрли дўстим, ўйлаб кўринг, байрамларда болангизга қандай ўйинчоқ совға қилишни маъқул кўрасиз?
Фарҳод ТОЛИПОВ,
“Соғлом авлод” мухбири