РУҲ ТАБИБИ
Навоий комил инсон ва шахс сифатида куюнчак қалб эгаси, халқ фидойиси ва инсонпарварлик тимсолидир. У илм-фан, халқ маънавияти равнақига интилган. Тарихнавис олим Хондамирнинг асарларидан маълумки, Навоий кўпгина фанларнинг ривожланишига, жумладан, табиблар ва тиббиёт соҳасига бефарқ бўлмаган.
Бунинг яққол далили сифатида биз, Навоий томонидан асос солинган “Дорушшифо” (Табиблар уйи) масканини кўришимиз мумкин. Ҳиротда ташкил топган бу жойда замонанинг энг билимли табиблари қўним топиб, тиббиёт билан шуғулланганлар. “Дорушшифо”ни Навоий даврининг улкан сиҳатгоҳи сифатида тасаввур этиш мумкин. Чунки, бу ерда узоқ жойлардан келган беморлар ҳам даво топганлар. Уларга Навоий томонидан моддий ва маънавий ёрдам берилган. Навоий замонаси тиббиётининг ҳақиқий ҳомийси бўлган. Шу ўринда савол туғилади. Нима учун шоир тиббиётга бу даражада эътибор берди? Шоир учун бунинг нима аҳамияти бор эди? Бунинг жавоби Навоийнинг халқ аҳволини ҳис эта олиши, соғлиқ энг олий неъмат эканини фаҳм этиши, қолаверса, тиббиёт оламига бўлган қизиқиши эди. Навоий ижодида тиббиётга, инсоннинг ҳам руҳи, ҳам жисмига доир унсурлар кўплаб акс этганини кўриш мумкин.
“Ҳозиқ табиби хушгўй тан ранжиға шифодур,
Омийю тунду бадҳўй эл жониға балодир”.
Бу байтда табиб қанчалик хушмуомала бўлса, беморга шифо бўлиши, бадфеъл табиб эса эл жонига балою офат экани таъкидланади. Шоир табиб зотига хос маданияти ҳақида фикр юритиб, беморнинг соғайишига ширин сўз энг яхши доридир, дейди.
“Ким бўлса табиати муолиж,
Жисмидин этар маразни хориж”.
Аллома айтадики, агар кишининг табиати ўз-ўзини даволайдиган, кучли мизожга эга, яъни муолиж – даволовчи бўлса, унинг жисмидан касаллик чиқиб кетади; яъни, тана қуввати билан бирга бемор касалликдан тузалишни ўзи ҳам исташи ва бундай эзгу тушунчани ўз табиатига сингдириши ҳам даволашнинг бир туридир.
Навоий сўз қадрини билган, сўзнинг қувватидан хабардор инсон. У инсон жисми руҳ билан туташ эканини ва шу туфайли жисм саломатлиги учун руҳ ҳам сабабчи эканини англаб, бошқаларга англатади. Буни биз ҳаммага машҳур бўлган қуйидаги мисраларда кўрамиз:
Жонға чун дермен: “Не ерди ўлмаким кайфияти?”
Дерки: “Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати”.
Бу ғазални навоийшунослар савол-жавоб услубида ёзилганига эътибор беришган. Мазкур ғазалнинг яна бир хусусияти шундаки, бунда Навоийнинг тиббий дунёқараши ҳам акс этади.
Навоий инсон вужудидаги соф биологик ҳолатларни назарда тутиб, шаробнинг зарари ҳақида ёзди:
“Бодаким йиқмоқ сари ўқ майлидур,
Жисм уйиға билки бало сайлидур”.
Шоирнинг бир неча аср аввал айтган бундай фикрлари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятига эга. Навоий орзу қилган комил инсон ҳам маънан, ҳам жисмонан етук бўлиши керак эди.
Навоий ҳам табобат ва наботот, ҳам инсон руҳиятини чуқур билган. Шу билан бирга ҳазрат Навоий асарлари таркибидан ўрин олган инсон вужудига хос барча қирраларнинг билимдони ҳам эди. Буюк олим, табиб Абу Али ибн Сино шундай деган эди: “Шоир тилнинг амири бўлганидек, табиб баданнинг шоҳидир”. Шу маънода Алишер Навоий ҳам шу икки шоҳликни ўзида жамлаган буюк шахс, десак муболаға бўлмайди.
Соҳиба КАРИМОВА,
ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети талабаси