ТОМОРҚАДАГИ “ДОРИХОНА”
Табиатдаги ҳар бир ноз-неъматнинг инсоннинг соғлом, бақувват бўлишида ўз ўрни мавжуд. Уларни билиб ва ўз вақтида исътемол қилиш катта аҳамиятга эга.
Масалан, боланинг организмида кальций етишмаса суякларининг ривожланишига салбий тасир қилади.
Д витамини балиқ ёғи, жигар, тухум сариғида мўл бўлгани учун ёш болаларга уларни тановул қилиб туриш тавсия қилинади. Одамнинг ёши ўтган сари унинг организмида кальций камайиб боради. Айниқса, қирқ ёшдан ошгандан сўнг қон томир деворларида ва тоғайларда туз тўпланиши кучаяди. Ундай ҳолатда тоғайлар ўз эгилувчанлигини йўқотади. Одам бўғимларда оғриқларни ҳис қилади. Тананинг бошқа муҳим аъзоларида ҳам туз тўпланиши мумкин. Бундай пайтда гўштни кам, сут, тухум, турли донли ёрмаларни, айниқса С витаминига бой неъматларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. С витамини артерия деворларини юмшатади. У айниқса, карам, картошка, пиёз, помидор, қизил қалампир, қора смородина (қорағат), қулупнай, шовул, апельсин, лимонда кўп.
Хом картошка шарбатини ичиш скелероз касалининг олдини олади. Шунингдек, кўпроқ карам ва таркибида йод ва В витаминига бой бўлган ноз-неъматларни тановул қилиш фойдали. У нўхат, ғалла маҳсулотлари, дуккакли ўсимликлар донида ва ҳайвон маҳсулотлари – жигар, буйрак, юракда мўл бўлади.
Шифокор тавсиясига кўра мунтазам 0, 2 фоизли кальцийнинг сувдаги эритмасидан ичиб туриш керак. Кальций юрак, буйрак ишини яхшилаш билан бирга қон, тўқималар, ҳужайралар ҳамда ўзидан гормонларни ажратувчи эндокрин безлари учун ҳам жуда зарурдир. Агар кальций етишмаса, ички секреция безлари фаолияти бузилади. Натижада барвақт қариш бошланади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, беморлик пайтида одамда кальций жуда кўп сарф бўлади. Йўқотилган кальцийнинг ўрнини доимий равишда тўлдириш керак. Кальций моддаси шунингдек, сут, тухум, шолғом, рангли карам, бодом, хом сабзавот ва меваларда, шунингдек, зайтунда кўп учрайди.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси