“Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” нима?

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди.

Бу масала Ички ишлар вазирлиги ва унинг маҳаллий идоралари, прокуратура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи назорат органлари фаолиятининг асоси ва моҳиятига айланмоғи шартлигини таъкидлаб, уни таъминлаш борасида тегишли вазифа ва йўлланмалар берди. Шу билан бирга битта хушхабарни айтиб, биз тартиб-назорат органларида ишловчиларга ғурур, ишонч бағишлади ва зиммамизга янада катта масъулият юклади.

Маърузада биз АҚШдаги ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича фаолият олиб бораётган Галлап институти томонидан 2015 йилда ўтказилган ва эълон қилинган тадқиқот материаллари билан танишдик. Ушбу нуфузли ташкилот “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” деган тадқиқот бўйича жаҳондаги 141 та мамлакатда сўров ўтказиб, катта ёшдаги 142 минг шахснинг фикрини ўрганган. Сўровномада 3 та савол ўртага қўйилган. Биринчи савол – “Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?” Иккинчи савол – “Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми”, cўнги саволи эса “Охирги ўн икки ой ичида сиз ва оила аъзоларингизни пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?” деган мазмунда берилган. Айни шундай саволлар орқали, авваламбор, сўров ўтказилган мамлакатда яшаётган ҳар бир одамнинг кайфиятига, унинг ўзини эркин ҳис қилишига қонунда белгиланган тартибларга амал қилиш қандай таъсир кўрсатаётганини аниқлаш кўзда тутилган.

Бизнинг мамлакатимиз бу сўровнома натижаларига кўра дунёдаги 141 мамлакат орасида 2 ўринни эгаллаганини алоҳида ғурур ва мамнуният билан қабул қилдик. Мамлакатимиз Президенти шундай деб таъкидладилар: “Бу ҳақида гапирганда, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини, энг асосийси, одамларимизнинг ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, бу масала бундан буён ҳам эътиборимиз марказида туришини унутмаслигимиз зарур”, дея таъкидладилар.

Юртимизда тинчликни асраш ва аҳолини ҳимоя қилиш бўйича мана шундай юксак даражага кўтарилганимиз, бу соҳада олиб бораётган ишларимиз халқаро миқёсда кенг эътироф этилгани, ҳеч шубҳасиз, барча ватандошларимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади. Президентимизнинг ишонч ва талаблари биз – мамлакатимизда қонун устуворлиги йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходимга янада катта масъулият юклайди.

Яна ўқинг:  САРАТОННИ АНИҚЛОВЧИ УНИВЕРСАЛ ТЕСТ

Равшан САЪДУЛЛАЕВ,

Чилонзор тумани ИИБ терговчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: