САМАРҚАНД БЎЙЛАБ САЁҲАТ
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ташкил этилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар, лойиҳалар кам таъминланган, ўзгалар эътиборига муҳтож болаларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Она Ватан тарихи” шиори остидаги саёҳатларда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари юртимизнинг қадимий шаҳарлари, мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар билан танишиш, ўзларининг билим ва салоҳиятини ошириш имконига эга бўлмоқда.
Пойтахтимиздаги “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди. Қишки таътил кунларида ўқувчилар учун муносиб туҳфа бўлган ушбу саёҳат давомида ўғил-қизлар қадимий ва навқирон Самарқанд ҳақида кўплаб маълумотлар билан танишди.