ОРТИҚЧА ВАЗН – МУАММОЛАР ГИРДОБИ
айниқса, болаларни ундан асраш керак
Бола саломатлигининг энг яхши кўрсаткичи, катта бўлган сари тана оғирлигининг бир текис ортиб боришидир. У қатъий белгиланган чегарада бўлиши лозим. Вазннинг камлиги ҳам, унинг ортиқчаси ҳам муаммоларни келтириб чиқаради. Семизлик доимо юракка оғирлик туширади. Организм ортиқча оғирликни олиб юришдан ташқари, ёғ тўқималарини қон, кислород, озиқ моддалар билан таъминлашига ҳам тўғри келади. Ёғнинг ортиб кетиши, тўқималарда сув туриб қолишига сабаб бўлади. Демак, юрак суюқликни кўпроқ ҳайдашга мажбур бўлади.
Қорин бўшлиғидаги ортиқча ёғ диафрагманинг қисқаришига халал беради. Бинобарин, кўкрак қафаси ҳам нафас олаётганида қонни “сўролмай” қолади. Натижада юракнинг қўшимча меҳнат қилишига тўғри келади. Ёғсимон моддалар томирларнинг қайишқоқлигини йўқотиб, унинг деворларига йиғилади. Бу ҳам юрак фаолиятини қийинлаштиради. Семириш (ёғ босиш) ясси товонликка, умуртқа поғонасининг қийшайишига олиб келади. Артериал қон босимининг кўтарилишига сабаб бўлади.
Одам семирганда ички секреция безларининг фаолияти бузилади. Моддалар алмашинуви сустлашади. Асаб тизимида бир қатор ўзгаришлар бошланади. Жинсий ривожланиш кечикади, организмда грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар ва юқумли касалликларга нисбатан қаршилик камаяди. Қанд касаллигига мойиллик пайдо бўлади. Аста-секин гавданинг тузилиши ўзгара бошлайди. Сон ва елкалар юмалоқлашади, қорин, тос ва кўкрак атрофида ёғ қатлами янада ривожланади. Дўмбоқ бола ўтирганида қорин деворида қалин ёғ қатламлари пайдо бўлади. Бундай болалар бесўнақай бўлиб ўсади. Улар улғайганида эса бошқалардан кўра кўпроқ қон босими, юрак ва мия томирларининг атеросклероз, қанд касаллиги билан оғрийди. Улар тез қарийди, ишга ярамай қолади. Семизлик ҳар доим ўзида кутилмаган хавфларни сақлайди.
Кузатишлардан маълум бўлишича, семизлик бола психологиясини ўзгартириб боради. У ҳаракатли ўйинларга, очиқ ҳавода сайр, оммавий ўйин-кулгиларга бефарқ бўлиб қолади. Бундай болалар, одатда, ўтириб бажариладиган машғулотлар – расм солиш, турли буюмлар ясаш ишларини маъқул кўради. Семиз болани дивандан турғазиш, кўчага чиқариш, жисмоний куч билан бошқариладиган бирор иш билан машғул қилиш қийин.
Болалар семириб кетишининг биринчи ва энг муҳим сабаби – иштаҳанинг очилиб кетиши билан боғлиқ бўлган ўта тўйиб овқатланишдир. Келгусида бу ҳолат психологик жиҳатдан ҳам мустаҳкамланади. Бундай болалар учун овқатланиш ўзига хос ҳузурланиш манбаи бўлиб қолади. Болалигидан ҳосил бўлган мазали овқатланишга интилиш стереотипи келгусида ҳам сақланиб қолади.
Семиришга кундалик таомномага киритиладиган муайян маҳсулотлар ҳам имкон беради. Улар оқ нонни, бўтқа ва хамирли таомларни, ёғли гўшт, қуюқ қаймоқ, турли ширинликларни жуда яхши кўришади. Бу маҳсулотларда кислотасимон тузлар кўп миқдорда бўлади. Улар организмга тушиб, моддалар алмашинувини сустлаштиради, сувнинг тутилиб қолишига, тананинг бўшашига ва албатта семиришга замин яратади. Тўла вазнли болаларнинг таом танлаш истагига йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, уларда одатда углевод ва оқсилдан ёғ ҳосил қилиш хусусияти кучли бўлади.
Ортиқча вазнли болаларни биринчи навбатда ҳаддан ортиқ тўйдириб юбормай ва оч ҳам қолдирмай бир маромда шифобахш овқатлантириш билан даволаш зарур. Яъни, уларни кам-кам ва тез-тез овқатлантириш лозим.
Бундай болалар бир кеча-кундуз давомида 6-7 марта овқатлантирилади. Бу иштаҳани камайтиради. Чунки, навбатдаги овқат порцияси меъдани тўлдиради. Олдинги овқатга гўё етиб олади. Аҳён-аҳёнда овқатланиш хавфли ҳисобланади. Бунда киши беихтиёр ўзига керагидан ортиқ овқатни еб қўяди. Ана шунда ортиқча калория ёғга айланади.
Овқатни шошилмай ейиш керак. Бу ҳам иштаҳани бўғади. Бунда гап овқатни майдалаш ва чайнашдангина иборат эмас. Ейилган овқатнинг кўпгина тури кўпчиш, меъдани тўлдириш хусусиятига эга бўлади. Бундай овқат кўпчиб, меъдани шишириб, унинг тўлганлиги ёки одамнинг тўйиб кетганлигини ҳис қилишга сабаб бўлади. Тез овқатланилганда нисбатан йирик, чайналмаган бўлаклардан меъда ўта тўлиб кетади ва овқат кўпчиганда оғирлик сезгиси тўйганликдан устун келади. Шундай қилиб, тез овқатланиш икки ҳисса зарарли ҳисобланади. Биринчидан, овқат етарли майдаланмай, унинг ҳазм бўлиши чўзилади, иккинчидан, тез овқатланиш ҳар доим ортиқча еб қўйишга олиб келади.
Куч сарфлашни оширмай туриб тана вазнини камайтириш ҳақида гапириш ортиқча. Бундай носоғлом турмуш тарзини, одат ва майлни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Болани ўзи ёқтирмаган ишни қилишга ва олдин ўрганиб қолган одатини қилмасликка ўргатиш керак. Кўпроқ пиёда юриш, очиқ ҳавода сайр, жисмоний тарбия, уйда қилинадиган жисмоний меҳнат ортиқча вазнли болаларнинг деярли бутун вақтини эгаллаши лозим. Шундагина ота-оналар ўзлари кутган натижага эришадилар. Яъни, уларнинг фарзандлари хушбичим ва соғлом бўлади.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси
Наргиза ПЎЛАТОВА