ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ЭНГ ЯХШИСИГА МУНОСИБ

“Отанг бозор, онанг бозор”, деганларидек бугунги кунда бир замонлардаги каби эшигига катта қулф осилган дўконларни деярли учратмайсиз. Савдо-сотиқ кеча-ю кундуз авжида. Истаган маҳсулотингни дўкон ва савдо расталаридан, исталган пайтда харид қила оласиз. Энди замон қиёфаси бутунлай ўзгарди. Истеъмолчиларнинг ошиғи олчи, тадбиркорларнинг ҳам, сотувчиларнинг ҳам бозори чаққон. Истеъмолчилар сотувчиларни эмас, аксинча, ишлаб чиқарувчилар ўз харидорларини кутади. Табиийки, маҳсулотларнинг кўпайиши танлаш имконини беради. Кимдир арзон маҳсулотга қаноат қилади, кимдир юқори сифатли маҳсулотлар билан эҳтиёжини қондиради. Аммо, айрим истеъмолчилар сифатни турлича белгилашади… Сифат белгисини белгилаб берувчи маълум сертификатга эга, жаҳон андозаларга мос келадиган маҳсулот ҳамиша маҳсулотлар сарасига киради. Ҳам сифатдан ютасиз… Сифатли ва табиий толали матолардан тикилган кийим-кечаклар болажонлар саломатлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мавзу болажонларимизнинг кийим-кечаги ҳақида кетганда-чи?! Ўйлайманки, катталар ҳеч қандай гап сўзсиз ана шу сифат белгиси ҳақида бош қотирганлари маъқул. Сабаби, болажонларимиз бизнинг келажагимиз, орзу-умидларимиздир. Ҳар бир ота-она ўз фарзандига энг яхши нарсаларни муҳайё қилишга уринади. Аммо, ҳамиша бунинг уддасидан чиқамизми?!

Давлатимиз томонидан олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, 1996 йил 26 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқи, талаби юқори даражага қўйилишига туртки бўлди. Шунингдек, маҳсулотлар аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, атроф-муҳит учун хавфсизлиги ва бир-бирига мос келишини таъминлаш, фан ва техника тараққиёти даражасига кўтаришга хизмат қилади. Аҳолининг ҳамда халқ хўжалигининг эҳтиёжларига мувофиқ ҳолда маҳсулот сифатини ҳамда рақобат қила олиш имконини оширади. Истеъмолчиларни ишлаб чиқарилаётган маҳсулот номенклатураси ҳамда сифати тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот билан таъминлайди. Бундан ташқари ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишига эришиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 августдаги “Ўзбекистон давлат стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тузилмасини такомиллаштириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан “Ўзстандарт” агентлигининг республикамиз иқтисодий ривожланиш талабларига ва халқаро амалиётга мос тузилмаси ташкил этилиши ишлаб чиқарилаётган ва мамлакатимизга кириб келаётган маҳсулотлар сифатини назорат қилишда муҳим қадам бўлди.  

Бозор рақобат майдони ҳисобланади.  Бизнес соҳасида  фаолият олиб бормоқчи бўлган тадбиркор ишлаб чиқараётган маҳсулот “Ўзстандарт” агентлиги Республика синов ва сертификатлаш маркази давлат корхонаси томонидан мувофиқлик сертификатига эга бўлиши лозим. “Ўзстандарт” агентлиги Республика синов ва сертификатлаш маркази давлат корхонаси қошидаги “Lab-test” синов лабораторияси раҳбари вазифасини бажарувчи Хуршида Исахўжаева болаларнинг кийимларига мувофиқлик сертификатини олишда маҳсулотни  синови борасида қуйидагиларга эътибор хусусида шундай дейди:

Яна ўқинг:  ҲАР ТОНГ БАХТ КУЛИБ БОҚАДИ

– Болаларнинг кийим-кечаклари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлда 318-сонли қарорига асосан сертификатлашнинг мажбурий маҳсулот (кийимлар) қаторига киритилган.  Бўлимда юртимизда ҳамда чет элда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар синовдан ўтади. Унга кўра кийимлар маълум меъёрий ҳужжатлар асосида текширилиши белгилаб олинади. Аввало, кийимнинг ташқи кўринишига, унинг чокларига, ёқа ва турли деталларнинг симметрик мос келишига, кийим ўлчами стандарт ўлчамига  мувофиқ келишига эътибор берилади. Сўнг маҳсулот матосининг таркиби, яъни қандай толадан қилинганлиги аниқланади. Маълумки, болаларнинг кийимлари табиий толадан тайёрланган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Чақалоқ туғилганида 28 кунлик бўлгунига қадар юз фоиз табиий толадан, масалан, пахта, жун, ипак кабилардан бўлмоғи шарт. Лабораторияда ўн сантиметрлик мато бир сонияда ўзидан қанча ҳаво ўтказишини махсус ускуналар ёрдамида текширилади. Матода турли кимёвий воситалар ёрдамида ишланган ранглар ҳам муҳим кўрсаткичлардан бири бўлиб, унинг таркиби инсоннинг териси таркибига ўхшаш  кимёвий воситаларнинг мавжудлиги хусусида назоратдан ўтказилади. Мато оқ матога ишқаланиб ранги қанчалик терига юқиши аниқланади. Сўнгра матонинг ишқаланиш ва чўзилишидаги хусусиятлари ўрганилади. Ушбу талабларга жавоб берган маҳсулотгина сифат сертификатига эга бўлади.

Бола организми ҳали мукаммал ривожланамаган, турли хил касалликларга тез чалинишга мойил бўлади. Шу сабабли катталарнинг алоҳида парваришига, эътиборига муҳтождир. Зангиота туманининг марказий поликлиникаси педиатри Моҳира Юнусова бу борада шундай дейди:

– Болалар ўсишда давом этаётган организм бўлиб, ташқи омилларга ниҳоятда таъсирчан бўлади. Бир ёшгача бўлган болалар гўдака ҳисобланади. Шу боис ўзига хос парваришни талаб этади. Дастлабки, 3-4 ойда тери безлари функцияси суст бўлиб, бу иссиқлик идора этилишини ёмонлаштиради, ҳарорат ўзгарганида бола салга иссиқлаб кетиши ёки совқотиши мумкин. Шунинг учун уларнинг кийим-кечаклари юз фоиз табиий толадан таркиб топган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир. Сифат текширувидан ўтмаган маҳсулотлардан  фойдаланиш натижасида болада ножўя таъсир бўлиши мумкин. Баъзи бир ота-оналар бола организмини ҳисобга олмай улар учун мавсумга хос бўлмаган кийимларни танлаш туфайли боласининг баданига турли тошмалар тошиши шикояти билан шифокорга мурожаат қилишади. Бунинг оқибатида бола безовта бўлади, тажанглашади. Бу эса унинг ўсишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ота-оналар имкон қадар болаларга ҳаракатини чеклаб қўймайдиган, ўзидан юз фоиз ҳаво ўтказадиган табиий матодан тайёрланган кийимларни танлаши мақсадга мувофиқ бўларди. Маълумотларга қараганда турли кўринишдаги болаларнинг кийимлари жаҳон миқиёсида белгиланган маълум стандарт кўрсаткичларга  жавоб бермоғи лозим.

Яна ўқинг:  ВАТАНГА МУНОСИБ ҒАЛАБА

Физик-кимёвий кўрсаткич: унда  маҳсулот намликни ўзида сингдира олиш хусусияти, ишқаланганда ўзидан электр ҳосил қилиш хусусияти қай даражадалиги, унинг табиийлиги, турли ранглардан қўлланилиши ҳақидаги маълумот.

Органолепитик кўрсаткич: унда маҳсулотнинг хом ашёси, фурнитураси (тугма, пистон, илгак кабилар) қўлланилган бўёқлар ҳидининг таралиши қай даражада.

Санитар-кимёвий кўрсаткич: унга пентахлорфенол, формальдегид, айрим пестицидлар, қатор заҳарли элементлар, яъни қўрғошин, кадмий, маргумуш, симоб кабиларнинг қўлланилмаган бўлмоғи лозим. (биргина формальдегид элементнинг таъсири натижасида асаб тизими, буйрак, жигарнинг зарарланишига олиб келади. Мутахассисларнинг эътироф этишича бу элементлар биринчи рақамли хавфли ҳисобланади).

Токсикологик-гигиеник баҳо: тирик организмга заҳарли жиҳатларнинг таъсири хусусидаги маълумотни кўрсатиб ўтиш лозим.

Фарзандларимизга биз танлаган маҳсулот салбий таъсирга эга бўлмаслиги мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги Республика синов ва сертификатлаш маркази давлат корхонаси томонидан ишлаб чиқилган ёки хориждан келтирилган маҳсулот мувофиқлик сертификати билан биргаликда ДСЭНМ (Давлат санитария эпидемиология назорат маркази) томонидан маҳсулотнинг бола организмига ҳеч қандай салбий таъсири йўқлиги ҳақида гигиеник  сертификат тақдим этишади.

Тошкент шаҳар ДСЭНМ Стандартлаштириш бўлими мудири Болтабой Алламуротов сертификатлаштириш жараёнида маҳсулотга қуйидаги талабларни қўйиш борасида фикр билдиради:

– Болалар кийими фақатгина табиий матодан тайёрланган бўлиб, бириктирув чоклари кийимни юзаки, танага тегмайдиган тарафда бўлиши лозим. Кийимларнинг конструкциясида боши ва танаси тегиши эҳтимоли бор юзаларида чок ва тугунлар бўлиши керак эмас. Унинг ёрлиқларида “Ишлатилишидан аввал ювиш лозим”, деган ёзуви бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган кўрсатмага биноан янги кийимлар болаларга кийдиришдан олдин ювиш ва дазмолланиши шарт. Шунингдек, рухсат берилган кимёвий ип ва толалардан фойдаланилмоғи лозим. Тайёрланган матонинг ҳаво алмашиниш, намликни шимиш хусусияти инобатга олинади.

Болалар кийимлари хусусида тўхталар эканмиз, албатта, уларнинг оёқ кийимларига ҳам эътибор қаратамиз. “O‘zbek-Turk Test Markazi” қўшма корхонаси “Енгил саноат маҳсулотларини сертификатлаштириш идораси” етакчи мутахассиси Юсуф Зиядуллаевнинг фикри қуйидагича:

– Болалар пойафзалини сертификатлаштириш қатор меъёрий ҳужжат бўйича амалга оширилади. Болалар пойафзалининг ташқи кўриниши ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган намуна эталонга мос бўлиши лозим, яъни модели, таглик ва товон таглиги, қўлланилаётган материаллар, устки пастки детал ранглари, ёрдамчи фурнитуралар, чокларининг текислиги, устки пастки қисмларга берилган ишловлар, пойафзал ёрлиғи, шунингдек болалар пойафзалининг гигиеник сертификати, яъни Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази талабларига мос келиши лозим. Гигиеник сертификатида болалар пойафзалларининг устки ва таг қисмларига қўлланилган маҳсулотларининг инсон соғлиғига кўрсатилган салбий таъсири текширилади. Болалар пойафзали синов баённомасида, пойафзал ўлчамлари, тикилган чок мустаҳкамлиги, олд ва орқа қисмлариниг деформацияси, товон таглигининг мустаҳкамлиги, устки ва пастки қисмларининг бир бири билан бирикканлиги, пойафзал эгилувчанлиги алоҳида эътиборга олинади.

Яна ўқинг:  ЎСМИРЛИК ҒЎРЛИК ДЕГАНИ ЭМАС

Ҳозирги кунда бозорларимизда сунъий чармдан тайёрланган пойафзал маҳсулотлари ҳам мавжуд. Мутахассислар болалар пойафзалларини танлашда уни устки ва остки қисмларининг бир бири билан бирикиш мустаҳкамлиги, ишлатилган хом ашёнинг табиий чармдан эканлигига алоҳида эътибор бериш, бола организми ривожланиш босқичида эканлигини ҳисобга олиб мос ўлчамли пойафзал танлаш лозимлигини таъкидлашади. Баъзида ота-оналаримизнинг болаларига танлаган оёқ кийим ҳар доим ҳам бир хил ўлчам тўғри келмасликдан шикоят қилишади. Бу эса маҳсулотнинг размери стандарт ўлчамига мувофиқ келмаслигидан далолат беради.

Биргина маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки уни хориждан олиб келиб савдо қилишда бир неча жарёндан ўтади. Буларнинг барчаси болаларимизнинг саломатлиги учун қилинаётган саъи-ҳаракатлардир. Болажон ҳамиша серҳаракат бўлади. Унинг фаоллигини кўриб, дунё ғайрати шу жажжи юрагига жо бўлганмикин дейсиз. Шунинг учун бу ғайратини ўзимизнинг ўйламай қилган  танловларимиз сабаб чеклаб қўймайлик. Ҳар қандай чиройли ва бежирим кўринган маҳсулотлар ҳам сифатли бўлавермайди. Уни аслини танлай билинг. Зеро, болаларимиз энг яхшисига муносиб.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: