КЕНГ ИМКОНИЯТ ВА ЮКСАК САМАРАЛАР
“Ўзбекистон матбуоти” V миллий кўргазмаси очилди
Куни кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон матбуоти” V миллий кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг етакчи даврий босма нашрлари ва нашриётлари иштирок этиб, матбуот ва ахборот соҳасида эришилган ютуқлари намойиш этилди.
Тадбир Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва Вазирлар Маҳкамаси кўмагида ўтказилмоқда. Кўргазма доирасида республикамизда фаолият юритаётган нашриётларнинг босма маҳсулотларини, хусусан, нашр этилган болалар китобларини кенг жамоатчилик орасида тарғиб этиш ҳамда маънавий-бадиий жиҳатдан юксак савиядаги адабиётлар нашр этилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида иккинчи бор “Болалар адабиёти” кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда пойтахтда фаолият юритаётган 30 га яқин нашриёт ва матбаа корхоналари ёшларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган илмий-бадиий адабиётлар билан иштирок этди. Мазкур кўргазма доирасида нашриётлар томонидан сўнгги йилларда чоп этилган янги китобларнинг тақдимоти, уларнинг муаллифлари, таниқли шоир ва ёзувчилар ҳамда ношир ва матбаачилар билан бевосита мулоқот қилиш имкони ҳам яратилди.
Тадбирга ташриф буюрганлар оммавий ахборот воситалари ва етакчи нашриётлар томонидан ташкил этилган кўргазма стендларини томоша қилишди. Даврий босма нашрлар, ноширлар, матбаачилар меҳнати самарасининг тарғиботига бағишланган тадбирларда ўзбек матбуоти ва адабиёти, ноширчилиги ва матбаачилиги ютуқларини таҳлил этиш, босма маҳсулотларга бўлган аҳоли эҳтиёжи, бозор конъюктураси ва маркетинг масалалари борасидаги мавжуд муаммолар ўрганилди, соҳа тараққиёт йўналишлари ва тенденциялари белгиланди.
Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган конститутциявий ҳуқуқларининг янада тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
“Ўзбекистон матбуоти” V миллий кўргазмаси ва “Болалар адабиёти” кўргазмаси доирасида “Йилнинг энг яхши китоби” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маърифат ТОЛИПОВА