CОБИТҚАДАМ ҲАМКОРЛИК дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди

Мустақиллик йилларида ўзбек ва корейс халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари янгидан ривож топди. Айниқса, илму фан, маданият ва санъат соҳасидаги алоқаларнинг кўлами кенгайиб бормоқда. Юртимизда Корейс маданияти марказлари, корейс тилини ўрганиш бўйича ўқув масканлари фаолият кўрсатяпти. Ўтган йили пойтахтимизда Корея Республикасининг Инха университети иш бошлагани катта воқеа бўлди.

Маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишида мамлакатларимиз элчихоналари, тегишли вазирликлар, Кореянинг халқаро ҳамкорлик бўйича “KOICA” ташкилоти, Корея Респуб­ликасининг Тошкентдаги таълим маркази, мамлакатларимиз Фанлар академиялари ҳамда таълим муассасалари фаоллик кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги 13 та олий таълим муассасасида талабалар корейс тили ва маданиятини ўрганиб боряпти. Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида корейс маданиятини ўрганиш бўйича махсус кафедралар фаолият олиб боради. Бугунги кунда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида корейс тилини ўрганаётган талабалар сони 1 минг 500 дан ортиқни ташкил қилмоқда. Айниқса, Тошкент давлат шарқшунослик инс­титути томонидан кореяшунослик йўналишида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор.

– Институтимиз кореяшуносликнинг барча асосий йўналишлари – филология, иқтисодиёт, тарих, фалсафа, сиёсатшунослик, таржимашунослик бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрламоқда, – дейди Корейс филологияси кафедраси доценти Виктория Ким. – Кореянинг олий таълим масканлари билан талабаларни алмашлаб ўқитиш амалиёти йўлга қўйилган. Бундай дастурларга асосан ўнлаб ўзбекистонлик талабалар Кореяда, корейс ёшлари эса юртимиздаги олий таълим масканларида илм олишяпти. Кафедрамизда Корея Республикасидан таклиф қилинган 4 нафар мутахассис фаолият юритади. Тадқиқотчиларимиз томонидан мавзуга дахлдор 10 та номзодлик диссертацияси ёқланган. Кореялик олимлар билан бир неча марта илмий анжуманлар ўтказилди. “KoreaFoundation” жамғармаси билан ҳамкорликда Корейсча-русча, Ўзбекча-корейсча ҳамда Ўзбекча-корейсча иқтисодий луғатлар ишлаб чиқилди ва нашр этилди.

Институт томонидан таржимашунослик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида эътиборга ло­йиқ. 2011 йили Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида корейс тилида нашр қилинган “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бир йил ўтар-ўтмай насрий асарлар антологиясини нашр қилишга эришилди. Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб корейс тилида чоп этилган шоиранинг танланган асарлари тўплами кореялик шеърият ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди. Корея адабиётшунослари интернет орқали Зулфия ижодига ўз муносабатларини билдирдилар. Шунингдек, корейс ижодкорларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, уларни юртимиздаги ўқувчилар эътиборига ҳавола қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил май ойида “KOICA” ташкилоти билан ҳамкорликда машҳур корейс ёзувчиларининг танланган асарлари ўзбек тилида нашр этилди. Эътиборли жиҳати, бу борадаги ишларда институт талабалари фаол иштирок этаяпти. Шеърлар, насрий асарлар айнан улар томонидан таржима қилиняпти.

Яна ўқинг:  Ҳушёрлик – касалликка қарши курашишнинг асосий шарти

Институт магистранти Ҳулкар Эрдонова шундай иқтидорли ёшлардан. Яқинда у юзга яқин хорижий мамлакатлар талабалари иштирок этган “Сиз Кореяни биласизми?” халқаро танловида ғолибликни қўлга киритиб, олиб бораётган илмий иши учун грант олишга эришди.

– Сеул шаҳрида бўлиб ўтган танловда Корея тарихи, маданияти, тилининг ўзига хос жиҳатлари ва бошқа турли мавзулардаги саволларга жавоб бердик, – дейди Ҳулкар Эрдонова. – Иштирокчилар билимини юқори савияли мутахассислар, олимлар баҳолади. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан мутахассислар устозларимга алоҳида миннатдорчилик билдиргани, Ўзбекистондаги таълим тизимининг устун жиҳатларини таъкидлаб ўтгани мени, айниқса, қувонтирди.

Корея Республикаси аҳолиси ўртасида ўзбек урф-одатлари, анъаналарига қизиқиш ортмоқда. Мамлакатда мунтазам равишда миллий маданиятимиз, мусиқамиз, кино ва санъатимиз билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Натижада Ўзбекис­тонда ўқиш, ишлаш истагини билдираётган корейс ёшларининг сони тобора кўпайяпти.

– Тўғриси, 2013 йили Ўзбекистонга келганимда беш-олти ой ишлаб юртимга қайтиш ниятида эдим, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик инс­титути ўқитувчиси Квон Сун Хонг хоним. – Бироқ бу ернинг кишилари, табиати, тарихи мени маҳлиё қилиб қўйди. Ўзбеклардек бағрикенг, меҳнаткаш халқ орасида бир умр яшашга ҳам тайёрман. Халқингизнинг яна бир одати менга жуда ёқади. Ўзбеклар ҳеч қачон дўстини сотмас экан. Шундан бўлса керак, сизларнинг дўстларингиз кўп. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларига саёҳат қилдим. Мамлакатда юз бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари, пойтахтдаги янгиланиш­лар ҳар қандай одамни лол қолдиради. Айниқса, ўзбек шеърияти мени ўзига ром қилди. Усмон Носир ижоди билан жуда қизиқиб қолдим. Корейс шоирлари орасида Юн Донг Жунинг тақдири ҳамда ижоди Усмон Носирникига жуда ўхшаш. Насиб этса, иккала адиб ижодининг қиёсий таҳлили бўйича илмий иш бошлаш ниятидаман.

Гулноза МИРЗАЕВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: