БЎЛАЙ ДЕСАНГ СОҒ – ОМОН…

Юракка қувват маҳсулотлар

Халқимизда тўрт мучанг соғлом бўлсин, дея эзгу дуо қилади. Бу бежизга эмас албатта. Зеро, инсон танасидаги ҳар бир аъзо бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, улардан бирининг касалланиши шубҳасиз бошқаларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шу сабабдан саломатликни доимий назорат қилиб бориш узоқ умр гаровидир. Бугун биз юракка қувват берадиган маҳсулотлар тўғрисида сўз юритамиз.

Юракнинг соғлом фаолият юритишида денгиз маҳсулотлари асосий ўрин тутади. Айниқса, балиқда тўйинмаган омега-3 ёғ кислоталари мавжуд. Гўшт маҳсулотлари таркибидаги тўйинган ёғ кислоталаридан кўра тўйинмаган ёғ кислоталари организм учун фойдали. Чунки, бу моддалар юракнинг тож томирлари хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради. Россиялик мутахассис-шифокорларнинг фикрига кўра мунтазам равишда балиқ истеъмол қилиш миокард инфарктининг олдини олар экан.

Қон босими меъёрда бўлишини истаган инсонлар кундалик таомномага албатта бирорта ёрмани киритгани маъқул. Зайтун мойи салатларга қўшиладиган ва энг фойдали ўсимлик ёғи ҳисобланади. Бу ёғ табиий антиоксидантларга бой. Шунингдек, унинг таркибида ёғда эрувчи А ва Е витаминлари мавжуд. Ушбу дармондорилар юрак мушакларини озод радикаллардан асрайди. Яна зайтун мойи таркибидаги ёғ кислоталари организмдаги ортиқча холестериннинг чиқиб кетишига кўмаклашади. Бу эса ўз навбатида атеросклероз (ёғсимон модда (липоид)лар алмашинуви бузилиб, уларнинг артерия ички қаватида тўпланиши ва бириктирувчи тўқиманинг ўсиб кетиши натижасида келиб чиқадиган сурункали касаллик)нинг олдини олади. Аммо зайтун мойи юқори калорияли бўлганлиги сабабли уни бир кунда бир ош қошиқдан зиёд истеъмол қилмаган маъқул.

Мева ва сабзавотлар танти она табиатнинг инсонга катта эҳсонидир десак муболаға бўлмайди. Улар нафақат юрак учун балки организмдаги барча аъзо ва тизимлар учун ҳам фойдалидир. Брокколи карами таркибига кирувчи сульфорпан моддаси атеросклерозга сабаб бўлувчи ёғли тиқилмаларнинг пайдо бўлишининг олдини олади. Бу карам таркибида кўп миқдорда С витамини, лютеин каротиноид, зеаксантин ҳамда бета-каротин моддалари мавжуд. Шу сабабли организмни озод радикалларнинг салбий таъсиридан асраб, эрта қаришнинг олдини олади.

Карам димлаб ёки буғда пиширилса унинг таркибидаги фойдали витамин ва минераллар кўпроқ сақланиб қолади. Шунингдек, саримсоқпиёз ҳам юрак учун фойдали маҳсулотлар сирасига киради. Унинг таркибидаги 70 дан зиёд фойдали микро ва макроэлеметлар ҳамда дармондори (витамин)лар юрак мушаги бўлмиш миокардга ижобий таъсир этади. Бироқ, меъда-ичак тизимида яллиғланиш ва яра мавжуд беморларга бу маҳсулот тавсия этилмайди. Аргентиналик шифокорлар саримсоқпиёзни махсус бўялмаган ёғоч қошиқда эзиб, уни 30 дақиқадан сўнг таом ва салатларга қўшишни тавсия этишади. Шундагина ундаги фойдали моддалар яна фаоллашади, дейишмоқда мутахассислар.

Яна ўқинг:  Овқатнинг ёқимли ҳиди вазн ортишига таъсир кўрсатади

Шунингдек, ёнғоқлар ҳам юрак фаолиятига ижобий таъсир этади. Айниқса, грек ва кедр ёнғоғи, шунингдек, бодом таркибида ҳам балиқ маҳсулотлари каби омега-3 номли тўйинмаган ёғ кислоталари бор. Бу модда эса юқорида таъкидлаганимиздек юрак ва қон томир тизимига ижобий таъсир этади. Бундан ташқари ёнғоқлар таркибида кўп миқдорда калий ва магний элементлари, В, С, РР витаминлари бор. Аммо “асалнинг ҳам ози ширин” деганларидек ушбу ёнғоқлар жуда юқори калорияга ҳам эгалигини унутмаслик керак. Шу сабабли уларни маълум миқдорда истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.

Яна бир юрак ишини яхшилайдиган маҳсулотлар сирасига олмани киритиш мумкин. Чунки, унинг таркибида флавоноид моддаси мўл. Бу модда эса юрак ишемик касалликлари(стенокардия-юрак санчиғи, миокард инфаркти-юрак қон томир касаллиги) ва бошқа шу каби юрак-қон томир касалликларининг олдини олади.

Шунингдек, олма истеъмол қилиш айниқса, унинг яшил туслиси қондаги зарарли холестеринни камайтиради. Яна бу мева таркибидаги кверцетин моддаси нафақат антиоксидант таъсир этади, балки қон томирларда яллиғланишга қарши хусусиятга ҳам эга. Қон томирларда қон лахтаси (тромб) ҳосил бўлишининг ҳам олдини олади. Французлар бежизга “кунда 2-3 дона олма еган одам ёш ва соғлом кўринишга эга бўлади”, дейишмайди.

Ўрик ва унинг қоқиси (туршак) ҳам юрак касалликлари профилактикасида муҳим аҳамиятга эга. Чунки, унинг таркибидаги калий элементи юракнинг ритмик (бир маромда) уришига ижобий таъсир этади.

Туршак шарбатини тайёрлаш:

Туршакни илиқ сувда ювиб, сирли ёки сопол ёҳуд каттароқ чинни идишга солиб, устидан қайнатилган илиқдан иссиқроқ сув қуясиз. Аммо сув шаққиллаб қайнаб турган бўлмасин. Чунки, ҳаддан зиёд қайноқ сув ўрик қоқи таркибидаги фойдали моддаларни парчалаб ташлайди. Ивитилган туршак хона ҳароратида 5-6 соат тиндириб қўйилади. Кейин уни оч қоринга наҳорда илиқ ҳолда кўнглингиз тусагунча ичасиз. Орадан икки соат ўтиб овқатланиш мумкин. Бу шарбат меъда-ичак тизимига ижобий таъсир этиб, қабзият (ич қотиши)ни бартараф этади. Организмни заҳарли ва зарарли токсинлар ва хилтлардан тозалайди. Шунингдек, шифобахш туршак суви юракни бақувват қилади.

Кузнинг хуштаъм, ёқутдек чиройли, донадор меваси анор ҳам табиатнинг яна бир мўъжизасидир. У ҳам юрак-қон томир тизими ишини яхшилайди. Анор таркибида полифенол моддаси мавжуд. Бу модда қон босимини туширади. Қондаги холестеринни меъёрга келтиради. Яна полифеноллар қон томирларида қон айланишини яхшилайди ҳамда уларнинг деворларида холестеринли тиқилмалар пайдо бўлишининг олдини олади. Кун давомида 150 мл. янги сиқиб олинган сархил анор шарбатини ичиш етарли бўлади. Фақат анор ични қотиришини ҳам эътиборга олиш зарур.

Яна ўқинг:  Теран нигоҳлар

Хориждан келтирилган турли-туман цитрус мевалар Ўзбекистон бозорларида ҳам сотилмоқда. Шу каби мевалардан бири авокадо ҳисобланади. У организмда холестерин алмашинувини яхшилайди. Авокадо таркибидаги ферментлар организмда витаминлар ўзлаштирилишини тезлаштиради. Бу эса юрак фаолиятини яхшилайди ҳамда унинг мушакларида юзага келадиган тиклаб бўлмайдиган ўзгаришларнинг олдини олади.

Резавор (бута ҳолида ўсувчи ёки майда) мевалар ҳам фойдали хусусиятлари билан ажралиб туради ва қаришни секинлаштиради. Улар таркибидаги калий организмдаги ортиқча суюқликни ҳайдаб, шишларнинг олдини олади. Калий моддаси юрак ритми бузилганда ва сурункали юрак етишмовчилигида фойдали. Резавор мевалар таркибидаги магний моддаси калий каби танадаги ортиқча суюқликни йўқотади ва қон томирларини кенгайтиради. Натижада беморнинг қон босими меъёрга келади.

Майда мевалар (қора ва сариқ ҳамда қизил қорағат (смородина), малина (хўжағат), маймунжон, чаканда (облепиха), ертут (ёввойи қулупнай) таркибидаги С витамини қон томирлар деворини мустаҳкамлайди. Р витамини эса томирлар деворидаги ўтказувчанликни камайтиради. Агар томирлар деворининг ўтказувчанлиги ошса тўқималарда ортиқча суюқлик йиғилади. Шунингдек, соя ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, жумладан тофу ҳам юрак учун фойдали маҳсулотлар сирасига киради. Соя кўриниши мошга ўхшаш, аммо ловиядан кичикроқ дуккакли маҳсулот.

Бундан ташқари сояда таркиби аёллар жинсий гормонига ўхшаш изофлавонлар бор. Бу модда эса саратоннинг айрим турлари ва юрак-қон томир тизими хасталикларининг олдини олади. Яна нозик жинс вакилларини ёшартиради. Юрак касалликларининг олдини олишда қора, аччиқ шоколоднинг ҳам ўзига хос ўрни мавжуд. Чунки, унинг таркибида 70 фоиз какао бор. Бу эса қон томирларда тромб ҳосил бўлишининг олдини олади. Шунингдек, қоннинг шаклий элементлари бўлмиш қон таначалар сифати ва миқдорини яхшилайди.

Какао донлари таркибидаги флавоноидлар шифобахш хусусиятга эга. Бир кунда 25 грамм қора шоколод истеъмол қилиш Сизни юрак касалликларидан асрайди. Шунингдек, чекиш, ичиш ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, сурункали чарчоқ, уйқу бузилиши ҳамда стресс (руҳий зўриқиш) юракка кучли зарба беришини унутманг. Айниқса, тамаки маҳсулоти таркибидаги заҳарли модда никотин қонни қуюлтириб, унинг кислород билан таъминланишини издан чиқаришини унутманг. Узумнинг барча навлари, қулупнай, малина ва олча, гилос (уларнинг қоқиси ҳам бўлаверади) қонни суюлтиради. Малина ва қулупнай кузда ҳам ҳосил беради. Қандли диабет хасталиги мавжуд беморлар таркибида глюкоза ва углеводлар мавжуд маҳсулотларни фақат шифокор рухсати билангина истеъмол қилишлари керак.

Яна ўқинг:  ИНСУЛИН ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ ҲУЖАЙРА

Shu o‘rinda

Сули ёрмаси, кепакли ун, дуккаклилар, шу жумладан, ловиянинг юрак фаолиятига ижобий таъсир этишининг сири бу маҳсулотлар таркибида ўсимлик клечаткасининг мавжудлигидир. Ўсимлик клечаткаси эса қон томирларини зарарли холестериндан асрайди.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: