“САЛОМАТЛИК” ПОЕЗДИ АМУ БЎЙЛАРИДА

Сафарга чиқишнинг гашти ўзгача. Айниқса, у она юрт бўйлаб амалга оширилса юрагинг Ватан кенгликларидан ифтихор туяди. Гўзаллигига тасаннолар айтади. Ҳар ҳудуднинг ўзига хос табиати, иқлими, таровати, айниқса, урф-одат ва анъаналари, яшаш тарзи кишини ўзига мафтун этади…

Поезд ойнасидан олисларга боқиб, бобо қуёшнинг заррин нурларидан қувват оламиз. Олтин кузнинг тасвири акс эта бошлаган баланд-паст адирликлар, саҳро оралаб она диёр шамолини сипқорамиз. Табиатнинг мўъжизаларига тасанно айтамиз. Гоҳ юксак-юксакларда парвоз этаётган қушлар бир зум хаёлимизни олса, гоҳ чўл бағрида яшнаб турган турфа гиёҳлар диққатимизни тортади. Ҳа, айтмоқчи бу сафарнинг ўзига хос ҳикмати бор.

“Саломатлик” поезди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик темир йўл компанияси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг олис ва экологик ноқулай бўлган ҳудудлари аҳолисига тиббий ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида ташкил этилади. Бу гал Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Мискин ҳудуди томон йўл олганмиз.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббий-ижтимоий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани, она ва болалар саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътибор бунга ёрқин далилдир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу борадаги вазифаларни кенг йўлга қўйиш мақсадида қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Фонд томонидан жорий йилнинг ўтган даврида чекка ҳудудларда ташкил этилган тиббий лойиҳаларда уч мингдан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганлиги катта аҳамиятга эга.

Қувонч – улуғвор туҳфа

Тозабоғёб овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ёш она Светанинг кўзларида ёш қалқиди. Унинг 11 ёшли ўғли Шерзод Авазмартов болалар церебрал фалажи билан оғриб тўшакка “михланган”. “Саломатлик” поезди унга ҳам чексиз қувонч олиб келди. Энди Шерзодбек ўзига ҳадя қилинган ногиронлик аравачасида сайрга чиқиши, табиат гўзалликларидан баҳра олиш имконига эга бўлди.

– Ҳаётда инсон иродасини ожиз қолдирадиган синовлар ҳам учраб тураркан, – дейди Света. – Ўғлимнинг хасталигидан дунё кўзимга қоронғу кўрина бошлади. Айниқса, у қуёш нуридан баҳра олишни, кўча бўйлаб сайр қилишни ё деразадан ташқарини кўришни истаганида кўнглим безовта бўларди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг кўмаги билан энди бу муаммолардан халос бўлдик. Мана, кўриб турибсиз, бундан ўғлим ҳам жуда хурсанд.

Яна ўқинг:  Санитария-эпидемиология: ҲАЁТ ОСОЙИШТАЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Дарҳақиқат, мазкур хайрия акцияси юртимизда инсон ва унинг манфаатлари нечоғли улуғ эканидан бир нишонадир. “Саломатлик” поезди доирасида амалга оширилаётган тиббий ва инсонпарварлик ёрдамлари мамлакатимизнинг олис ва экологик жиҳатдан шароити ноқулай бўлган чекка ҳудудларида ҳам соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юртимиз келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган баркамол авлодни вояга етказишда муносиб хизмат қилаётир.

“Саломатлик” поездининг малакали шифокорлари Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда фонднинг ҳудудий филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадасининг тажрибали мутахассислари билан бир жамоа бўлиб фаолият олиб борди. Улар аҳолини, жумладан, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатди. Шу муносабат билан Оролбўйида “Саломатлик кунлари” уюштирилди. Унда аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Поездда тиббий кўрикларни юқори савияда ташкил этиш, замонавий тиббий-диагностика воситалари ёрдамида касалликка аниқ ташхис қўйиш, хасталикни эрта босқичларда аниқлаш имконияти мавжуд.

– Ушбу акциямиз давомида 2 минг 138 нафар киши сифатли тиббий кўрик билан қамраб олинди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АКнинг “Саломатлик” тиббий санитария ёрдам поезди шифокори Муборак Агзамова – Тиббий кўрикдан ўтганларнинг 394 нафарини аёллар (улардан 324 нафари фертиль ёшидаги аёллар), 429 нафарини болалар ва ўсмирлар ҳамда 947 нафарини эркаклар ташкил этди. 281 нафари қариялар, 48 нафари эса ногиронлардан иборат.

Тадбир давомида никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, саломатликни асрашга муносабат, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, келажак насллар саломатлигига эътибор мавзуларида суҳбатлар, учрашувлар ўтказилди.

Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис тиббий кўрик давомида аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилади. Жумладан, 268 нафар фуқарога ЭКГ, 735 нафар фуқарога УТТ, ҳамда 356 нафар фуқарога лаборатория текширувлари ўтказилди.

Барчага бирдек меҳр ва эътибор

Тўрткўл шаҳридаги Д. Матчонов кўчасида истиқомат қилувчи Шералижон ва Сабина барча ёшлар қатори орзу-умидлар билан турмуш қурган эди. Тақдирнинг туҳфалари бисёр. Қарангки, улар бир йил ўтиб уч нафар эгизак фарзандларнинг ота-онасига айланди. Зилола, Ҳилола, Зуҳрохонлар ҳадемай бир ёшни қаршилайди.

Яна ўқинг:  Кўзга ҳордиқ зарур

– Улар туғилганида оиламиз қувончи чексиз бўлди, – дейди мамнуният билан қошу кўзи уйқаш жажжи қизалоқларнинг бобоси Рустам Қурбонов. – Уч эгизакнинг дунёга келишидан бошимиз осмонга етди. Уларни парваришлаш, соғлом қилиб вояга етказиш – асосий мақсадимиз. Бу борада ҳукуматимиз томонидан ҳам беқиёс ёрдам бериляпти. Биргина “Саломатлик” поездидан уларга зарур бўлган болалар ваннаси, оёқ кийимлар, санитария-гигиена воситалари, витамин ва дорилар, таглик­лар тақдим этилди.

Мамлакатимизда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ҳамда ёлғиз қарияларга инсонпарварлик, меҳр-мурувват ёрдамларини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига 30, 8 миллон сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак, турли мавзудаги буклетлар, 56 миллион 941 минг 388 сўмга тенг бўлган дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват юклари етказиб берилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Оналик ва болалик” бўлими бошлиғи Жумабек Нуров.

Акция давомида Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё туманларидаги “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйлари, даволаш-профилактика муассасалари, туғруқ комплекслари, имконияти чекланган болалар мактаб-интернатларига тиббий анжомлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бошқа ускуналар тақдим қилинди.

Фонднинг Қорақалпоғистон Рес­публикаси филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари билан ҳамкорликда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё туманларининг узоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига, айниқса, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш билан бир қаторда кам таъминланган, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларга жами 2 минг 674 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, уй-рўзғор анжомлари ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари топширилди.

***

Ҳаёт давомийлигининг асоси бўлган аёлни, наслимиз давомчиси фарзандларимиз саломатлигини асраш – бу миллатни, халқни асрашдир. Бинобарин, кексаларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳамда фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан. Президентимиз томонидан 2015 йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили”, деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассам.

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш бу олис сафаримизнинг олий мақсади эди.

Яна ўқинг:  Бардавом қадриятлар

Фаҳриддин Худойқулов,

Тошкент – Қорақалпоғистон – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: