Эҳтиром кўнгилларни обод этади

Юртбошимиз таъкидлаганидек “Қаердаки кексалар бўлса, уларга эътибор бўлса, шу жойда, файз бор, барака бор”. Дарҳақиқат, кекса отахон-онахонлар уйимизнинг фаришталаридир. Уларнинг панду насиҳатлари ёшлар тарбиясида асосий мезон ҳисобланади. Миллатимизга хос қадриятлар, умуминсоний фазилатлар асрий анъаналар дас­турхонимиз тўрини эгаллаган бобо ва бувиларимиз сабаб илдиз отмоқда. Унинг таг-томири шу қадар мустаҳкамки, бундан баҳра олган келажак ниҳоллар шубҳасиз қулоч етмас чинорларга айланажак.

“ELVISTI” халқаро ахборот маркази томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси узоқ умр кўрувчи мамлакатлар рейтингида 17 та давлат орасида 100 ёшдан ошган аҳолининг умумий сони бўйича Япония, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Италиядан кейин 6-ўринни эгаллаган бўлса, 100 ёшдан ошган кексаларнинг аҳоли сонига нисбати бўйича Буюк Британия ва Япониядан кейин 3–ўринни қайд этди. Бундан кўриниб турибдики юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг чек-чегараси йўқ.

Ўзбекистон республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган ғояни ўзида мужассам этган хайрия тадбири муносабати билан Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Уруш ва меҳнат фахрийлари учун” республика пансионатида бўлганимизда отахон ва онахонлар ана шундай ғамхўрликдан баҳрамандлигининг гувоҳи бўлдик.

Айни вақтда 135 нафар ёлғиз қария ва ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерлар яшаётган мазкур муассаса ҳовлисидаги ям-яшил боғ, чамандек очилиб турган гулу райҳонлар ифори дилга хуш кайфият бағишлайди. Шинам хоналардаги саранжом-саришталик, тоза ва озода жиҳозлар, гигиеник воситалар – буларнинг барчаси нуронийлар учун. Шинам ошхонада пазанда ошпазлар мазали таомлар тайёрлашади. Мавжуд кутубхона, дам олиш хонасида барча шароитлар яратилган. Уларга мунтазам равишда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, муассасадаги имконияти чекланган кексалар протез, ортопедия ва реабилитация техник воситалар билан таъминланган. Муассасадаги кексалар Тошкент тиббиёт академияси шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бир қаторда уларга ҳудуддаги 15-Оилавий поликлиника ҳамда пойтахтдаги нуфузли клиникаларнинг шифокорлари ҳам тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

– 220 ўринга мўлжалланган “Уруш ва меҳнат фахрийлари учун” республика пансионатимиз “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига кўра 2016 йил тўлиқ таъмирлаш режасига киритилган, – дейди биз билан суҳбатда муассаса директори Турсунмурод Эшиев. – Бу ердаги ҳар бир кекса отахон ва онахонга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Улар жорий йилда Самарқанд ва Бухоронинг муқаддас қадамжоларига саёҳатга боришди. Шунинг­дек, азим Тошкентнинг диққатга сазовор масканларини томоша қилиб юртимиздаги буюк ўзгаришлардан баҳраманд бўлишди. Биргина бу эмас, қарияларнинг Геолог дам олиш зонасида соғлиғини тиклаб қайтгани ҳам уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқини янада оширади. Отахон ва онахонлар Улуғбек Зуфаров, Лола Жўраева, Феруза Иноғомова сингари шифокорлар ҳамда Ойгул Муҳаммадиева, Баҳодир Аҳмадов, Ирина Дмитрева, Маҳмуда Гапирова, Дилбар Шомуродова каби таж­рибали ходимлар ардоғида.

Яна ўқинг:  ИККИ АВЛОД УЧРАШУВИ

Дарҳақиқат пансионатдаги нуронийларнинг ўртача ёши 82 ёш. Уларнинг аксарияти спортсевар. Муассасада ҳар бир кексанинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига алоҳида эътибор қаратилган. Спорт-соғломлаштириш, кўнгил очар тадбирлар, кинофильмлар намойиши – буларнинг барчаси отахон ва онахонлар учун кўтаринки кайфият бағишлайди.

Намойиш этилаётган концерт дастурига атлас кўйлак кийиб, ясаниб келган онахоннинг қошидаги ўсмасини кўриб тўғриси лол қолдим. Онахон юришга қийналар экан. Уларнинг қўлтиғидан тутиб ўтиришга кўмаклашаётган муассаса ходимаси елкасидан қучиб, нималардир деганича кулиб қўйди. Ким билсин Сиз бугун энг чиройли буви бўлибсиз, – дегандир. Нима бўлганда ҳам кексалари ҳурматда, кичиклари иззатда бўлган диёрнинг истиқболи порлоқ, иқболи чароғондир.

Жамила ХАЙДАРОВА,

“Sog’lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: