ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ТЕНГСИЗ ТАРАҚҚИЁТИ
Болам тутсин десанг донолик йўлин,
Кичикликдан тегиз билимга қўлин.
Юсуф Хос Ҳожиб
Истеъдодли ёшлари кўп юрт гуллаб-яшнайди. Юртимизда минглаб, миллионлаб ана шундай иқтидор эгалари камолга етмоқда. Буларнинг барчаси истиқлол берган неъматдир. Мамлaкатимиз мустақиллика эришгандан сўнг ўтган вақт ичида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам амалга оширилган ўзгаришлар улкан муваффақиятларга айланди.
Дарҳақиқат, яқин тарихга назар ташласак, 1991 йилгача республикада 8 минг 214 та мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг 4 минг 689 таси лойиҳалаштирилган биноларда жойлашганди. 2 минг 358 таси мактабга мослаштирилган иншоотларда, 1 минг 167 таси эса ҳашар йўли билан пахса ва хом ғиштдан қурилган, бирорта ҳам меъёрга жавоб бермайдиган объектларда фаолият олиб борар эди. Жумладан, Жиззах вилоятининг 60, Навоий вилоятининг 63, Самарқанднинг 65, Қорақалпоғистоннинг 54 фоиз умумтаълим даргоҳлари шундай аянчли аҳволда бўлган.
Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ таълим тизимига катта эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2004 йил 19 февралда қабул қилинган “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш дастурини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиш асосида барча умумтаълим мактаблари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди ҳамда шу йили “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон ижросига кўра дастур доирасида белгиланган даврда 3 млн. ўринли 8 минг 501 та мактабда қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 351 та янги мактаб биноси қурилди, 2 минг 470 та мактаб капитал реконструкция қилинди, 3 минг 608 та мактаб капитал, 2 минг 72 таси эса жорий таъмирлашдан чиқарилди.
Дастур доирасида қайта тиклаш ишлари амалга оширилган мактабларнинг 1 минг 326 таси шаҳарларда, 6 минг 887 таси қишлоқларда, 288 таси эса бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бўлиб, бу билан шаҳар ва қишлоқ мактабларининг моддий-техник базаси орасидаги тафовут барҳам топди.
Биласизми, мактабга илк борганимда Президент совғаси сифатида ўқув қуроллари тўлдирилган сумка беришганди. Хурсандлигимдан уйга келиб акаларимга мақтандим. Юқори синфда ўқийдиган акаларим “бизларга китоб совға қилишмасмикан, кутубхонада варағи йиртилиб, ёзувлари униққан китоблардан фойдаланиш қийин” дея аямга юзланди. Аям жилмайганча, “албатта янги китоб келади, сабр қил болам” деди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, кутубхонамизга янги китоблар тўплами келтирилди…
Янги қурилган мактабларнинг моддий техник базаси ҳам бойитилди. Қувонарлиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “2005-2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув – методик қўлланмалар нашр этиш дастури тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида дарсликларнинг янги авлодини яратиш, уларни нашр этиш ва ўқувчиларга етказишнинг тизимли механизмига асос солинди.
1991 йилда мактаб ўқувчиларининг дарсликлар билан таъминланиши 55, 4 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилга келиб 99, 4 фоизга етди. Шундан муайян қисм дарсликлар давлат ҳисобидан кам таъминланган оила фарзандлари учун бепул ажратилди. Шу йиллар ичида халқ таълими тизимида 1 минг 073 та Ахборот-ресурс маркази ташкил этилди ва улар зарур техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Мазкур марказларнинг китоб фонди 6 миллион 410 минг 166 нусхани ташкил этади. Бунга қўшимча Ахборот-ресурс марказларида 197 минг 501 дона электрон нашр мавжуд. Республика илмий-педагогика кутубхонасида мавжуд китоб фондининг электрон каталогини яратиш ҳамда республика йиғма электрон каталогига киритиш учун тизимда жами 106 минг 432 электрон ёзув тайёрланган. Шу тарзда ўқувчиларни дарсилклар билан таъминлаш тизими ҳам муваффақиятли йўлга қўйилди.
Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон жамиятнинг чинакам бунёдкори ва эгалари бўлган ёш авлоднинг маънавий камолотига эътибор йил сайин кучайиб бормоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, таълим муассасаси болага фақат таълим берувчи, илму ҳунар ўргатувчи маскан эмас, балки инсон шахсини тарбияловчи, уни ҳар томонлама баркамол этиб шакллантирувчи қутлуғ даргоҳ. Юртимизда жорий этилган таълим-тарбия тизими олдига ёш авлодни нафақат чуқур билим, замонавий дунёқараш эгаси қилиб ўстириш, балки қалбида эзгу туйғуларни парваришлаш, уларни она Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдек масъулиятли вазифа қўйилган.
Бугунги ўқувчилар халқимизнинг асрлар давомида асраб-авайлаб, эъзозлаб келган ўлмас маънавий-маърифий қадриятларини қалби ва онгига чуқур жо қилиш баробарида, дунёда рўй бераётган турли сиёсий вазиятларни ўрганиб, уни таҳлил этиш ва ўз муносабатини эмин-эркин билдира олиш даражасига эга бўлди. Хусусан, 1995-2015 йиллар давомида эса ўқувчиларимиз кимё, биология, физика, математика, информатика ва хорижий тиллар фанларидан халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб, олий ўринларни эгаллаган.
Тошкент шаҳрида 2008 йил май ойида ўтказилган кимё фани бўйича Менделеев номидаги 42-халқаро олимпиадада 15 нафар ўзбекистонлик ёш ўғил-қиз энг юқори натижа кўрсатиб, 13 та медаль – 1 та олтин, 1 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлга киритгани бутун юртимиз аҳлини чексиз ғурурлантирди.
Шунингдек, 2009 йил июль ойида Германиянинг Бремен шаҳрида математика фанидан ўтказилган 50-халқаро олимпиадада ўқувчиларимиз 1 та олтин, 2 та бронза медали билан тақдирланди. 2010 йилнинг июль ойида Остона шаҳрида математика фанидан ўтказилган 51-халқаро олимпиадада ҳам 96 та мамлакатдан йиғилган 517 нафар ўқувчи қаторида иштирок этган 6 нафар ёшлар 4 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
2014 йил 23-26 июль кунлари Корея Республикасининг Тэджон шаҳрида бўлиб ўтган математика фанидан халқаро мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан 14 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Қувонарли жиҳати республикамизнинг умумтаълим мактаби ўқувчилари мазкур мусобақада мувафаққиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритдилар.
Юрт тақдирини ўз зиммасига олган ёшлар масъулият билан эзгу мақсадлар сари одимламоқда. Баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам ўз натижаларини бериши шубҳасиз.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири