МУСТАҚИЛ ЮРТ ОҚШОМИ
Наманган шаҳрининг Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган “Мустақил юрт оқшоми” деб номланган маданий тадбир бўлиб ўтди.
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” эзгу ғояси остида вилоят ҳокимлиги, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда меҳнат фахрийлари, илғор фермер ва тадбиркорлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар иштирок этди.
Иштирокчилар мустақиллик йилларида мамлакатимиз босиб ўтган юксалиш йўли, жумладан, вилоятда эришилган ютуқ ва марралар акс этган кўргазма билан танишди. Шунингдек, “Қадриятлар намунаси” деб номланган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ва тасвирий санъат асарлари кўргазмасида мустақиллик йилларида халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси ўз ифодасини топди.
Тадбирнинг концерт дастурида таниқли санъаткорлар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ижросида янграган Ватан, тинчлик ва ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчиларга янада байрамона кайфият бағишлади.
Миролим ИСАЖОНОВ,
Наманган вилояти