МУСТАҚИЛЛИК, ТИББИЁТ ВА САЛОМАТЛИК

Мана, бир неча йилдан буён энг улуғ ва энг азиз байрам бўлган мустақиллик куни арафасида халқимиз барча соҳадаги туб ислоҳотларни ўзига хос тарзда яна бир карра сарҳисоб этади. Анъанавий тарзда эълон қилинаётган истиқлол айёмининг бу йилги шиори “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним” дея номланиши ҳам бежиз эмас. Ана шу шиор остида юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қисқача назар ташлашни жоиз деб билдик.

Мамлакатимизда мустақиллик шарофати туфайли барча соҳаларда катта ўзгаришлар бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам самарали ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳада сезиларли натижаларга эришилди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан мамлакатимиз тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш, аҳолининг барча қатламига малакали тиббий хизматдан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашнинг самарали механизмини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди. Юртбошимизнинг 1998 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги фармони ва 2007 йил 19 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада давлат дастурининг қабул килинишидан асосий мақсад ҳам мамлакатимизда тиббий хизматнинг ўзига хос миллий моделини шакллантириш, соҳа ривожи учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, аҳолига жаҳон стандартлари даражасида хизмат кўрсатишдан иборатдир.

Айни дамда мамлакатимиз тиббиётини йилдан-йилга қанчалик шиддат билан юксалиб бораётганини биргина замонавий тиббиёт муассасаси сифатида шаклланаётган бирламчи бўғин ҚВПлар мисолида кўришимиз мумкин. Ўтган давр мобайнида юртимизда 3 мингдан зиёд замонавий ҚВПлар ва оилавий поликлиникалар бунёд этилди ҳамда уларнинг фаолияти янада такомиллаштирилди. 1999 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2” лойиҳалари ташкилотчилари ҳамкорлигида қишлоқ жойларидаги бирламчи тиббиёт бўғини муассасалари инфратузилмаси янада такомиллаштирилди. Мазкур тиббиёт муассасалари замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Энг асосийси, кундан-кунга аҳоли ишончига сазовор бўлаётган бундай пунктларда олий маълумотли умумий амалиёт шифокорлари фаолият юритмокда.

Аҳолига кўрсатилаётган малакали тиббий хизмат, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасидаги чора-тадбирлар туфайли кишиларнинг юқумли хасталиклар билан касалланиши кескин камайди. Чечак, ич терлама, полиомиелит, бўғма, куйдирги, ўлат, вабо каби ва бошқа ижтимоий хавфли ҳамда юқумли хасталиклар батамом тугатилди. Буларнинг барчаси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи даражаси тобора юксалиб бораётганининг ифодасидир.

Яна ўқинг:  Ham ilg‘or, ham iste’dodli

Президентимизнинг 2011 йил 28 ноябрда “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши тиббиёт соҳасида янада жиддий янгиланишлар сари ташланган муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжатда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий талаблар ва андозаларга мувофиқ аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш билан боғлиқ қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Мамлакатда юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ва вилоятларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, хирургия, акушерлик ва гинекология, кардиология, урология, гематология ва қон қуйиш, кўз микрохирургияси, педиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология, дерматология ва венерология, терапия ва тиббий реабилитация, онкология каби ўнлаб ихтисослаштирилган йирик тиббий-илмий марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилди. Улар энг замонавий русумдаги тиббий асбобо-ускуналар билан жиҳозланган. Бугунги кунда мазкур тиббиёт муассасаларининг юксак самарали фаолияти юртимизда аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти андозаларига мос равишда барқарорлигини таъминлаб келмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳомиладор аёллар саломатлигини тиклаш борасида давлатимиз томонидан жуда катта ғамхўрликлар қилинмоқда. Барча вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида Скрининг ҳамда Перинатал марказлари ташкил этилди. Натижада оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида кўрилаётган кенг қамровли ишлар туфайли мустақиллик йилларида оналар ва болалар ўлими уч баравар камайди. Ўтган йиллар мобайнида одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга кўтарилди. Жаҳондаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлган “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) томонидан тузилган жаҳон рейтингида Ўзбекистон болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган 161 мамлакат ичида энг илғор етакчи ўнта давлат қаторидан жой олди.

Мамлакатимиз тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир йўналиши бу – фармацевтика соҳасидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 ноябрдаги “2011 йилгача бўлган даврда фармацевтика тармоғи корхоналарини модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш Дастури тўғрисида”ги қарори фармацевтика тармоғи корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, республика аҳолисининг маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган талаб-эҳтиёжини кенгроқ қондириш мақсадига йўналтирилган. Президентимиз ва ҳукуматимизнинг доимий эътибори туфайли республикамиз фармацевтика саноати 120 дан ортиқ корхонани ўз ичига олган ривожланиб бораётган соҳага айланиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда рақобатбардош дори воситаларининг барча кўриниши таблеткалар, капсулалар, суртмалар, гален препаратлар, инъекцион ва инфузион эритмалар ва бошқа дори шакллари ишлаб чиқарилади. Қолаверса фармацевтика саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлаш мақсадида ихтисослашган хўжаликларда бир қанча доривор ўсимликлар етиштирилмоқда.

Яна ўқинг:  НАВҚИРОН АВЛОД КАМОЛОТИ ЙЎЛИДА

Албатта, бу каби ислоҳотларнинг изчил тартибда олиб борилиши мамлакатимиз тиббиёти соҳасининг янада юксалишига, аҳоли саломатлик даражасининг юқори босқичига кўтарилишига замин бўлади.

Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда аҳолининг нафақат тиббий саводхонлигини оширишда, балки ҳар бир фуқарога ўзининг ва оила аъзоларининг саломатлигига жиддий эътибор қаратиш учун масъулият юклайди. Зеро, соғлом инсонгина она Ватан равнақи ва жамият тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олади.

Мулкия ХИДИРОВА,

Жўрабек ХИДИРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: