ВАТАННИ ШАРАФЛАШ – МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

Мен мамлакатимиз мустақилликка эришган 1991 йилда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида туғилганман. Болалигим ана шу гўзал ва обод маскан билан боғлиқ. Оилада уч ака-уканинг кенжасиман. Отам Шамил Нурудинов – ҳайдовчи, онам Гулчеҳра Нурудинова – шифокор.

Минг шукр, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз осойишта ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимизнинг қайси гўшасига борманг, одамларнинг юз-кўзида бугунидан шукроналик, қалбида эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончни сезасиз. Бобом ҳар сафар бир гапни такрорлайди: “Болам, мус­тақиллик инъом этган неъматларнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Сенга ўз орзу-истакларингни рўёбга чиқариш учун барча имконият яратилган экан, ундан оқилона фойдаланишинг зарур!”.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, халқаро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчи қилиб тарбиялашга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Биз, спортчилар бундай эътибор ва ғамхўрликни ўз ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз мисолида ҳамиша чуқур ҳис этамиз. Қатор давлатларда бўладиган мусобақалар давомида хорижлик спортчилар билан суҳбатлашамиз. Улар мамлакатимизда спорт ривожига қаратилаётган юксак эътиборга, яратилаётган кенг имкониятларга ҳавас қилишини яширмайди. Бундан шу юртнинг бир фарзанди сифатида чексиз ғурурланаман.

Чиндан ҳам сўнгги йилларда ўзбек оғир атлетика мактаби дунёда етакчилар қаторидан жой олганини бугун халқаро спорт жамоатчилиги эътироф этмоқда. Атлетларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда совринларни мунтазам қўлга киритмоқда. Юртимизда ушбу спорт тури бўйича жаҳон ва қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақалар ташкил этилмоқда.

Спортчилик фаолиятимда қандай ютуқларга эришаётган бўлсам, барчаси истиқлолимиз шарофатидан, деб биламан.

Оғир атлетикага меҳр қўйишимда акаларимнинг ҳиссаси катта. Чунки улар ҳам шу спорт тури билан шуғулланади. Беш ёшимда спорт залига бориб, акаларимнинг машқларини ҳавас билан томоша қилиб ўтирардим. Ана шу ҳавас мени саккиз ёшимдан оғир атлетика билан мунтазам шуғулланишимга туртки бўлди. Биринчи устозим Марат Гафаровдан оғир атлетика сирларини пухта ўргандим. Турли мусобақаларда тажриба ва маҳоратимни ошириб бордим.

Халқаро майдондаги илк ғалабам – 2009 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қўлга киритган олтин медалимдир. Кескин ва муросасиз беллашувларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганимда менинг ҳаёт йўлим ҳам, орзу-истагим ҳам ана шу ғалабани бундан-да нуфузли мусобақаларда такрорлаш эканини англадим.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон – чемпионлар Ватани

2011 йили Франциядаги жаҳон чемпионатида кумуш, 2012 йили Жанубий Кореяда ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. Лондон Олимпиадасида кучли тўртликдан жой олдим. Тўғриси, бу натижам менга сабоқ бўлди. Ўз устимда янада кўпроқ ишлашим кераклигини тушундим.

2013 йилги спорт мавсуми мен учун муваффақиятларга бой бўлди. Дастлаб, Осиё чемпионатида учта олтин медалга сазовор бўлдим, июль ойида Бутунжаҳон универсиадасида икки маротаба рекорд ўрнатиб, чемпион бўлдим.

Польшада ташкил этилган жаҳон чемпионатидаги ғалабам ўз куч ва имкониятимга бўлган ишончимни янада оширди. Ушбу нуфузли мусобақага жиддий тайёргарлик кўргандик. Рақибларимнинг имкониятларини, аввалги мусобақаларда эришган натижаларини таҳлил қилиб, шу асосда машғулотлар олиб бордик. Оғир атлетиканинг бутун жозибаси шундаки, неча йиллаб тўпланган куч ва тажриба кўп ёки кам экани штангани кўтараётган бир неча лаҳзада маълум бўлади. Баҳс давомида учта имкониятдан унумли фойдаланган спортчигина ғалаба қозонади.

Вроцлав шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатининг 105 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларида дунёнинг ўн етти мамлакатидан йигирмадан зиёд энг кучли оғир атлетикачи билан рақобатлашдим. Айниқса, россиялик Давид Беджанян ва польшалик Бартломей Войцех Бонк жиддий рақиблик қилди. Лекин, тинимсиз машғулотлар, устозларимнинг маслаҳатлари ва халқимизнинг ишончи менга мадад бўлди, катта куч берди. Мусобақада штангани даст кўтаришда 190, силтаб кўтаришда 235 ва иккикураш якунига кўра 425 килограмм натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлдим.

Шоҳсупага кўтарилганимда мадҳиямиз янграб, давлат байроғимиз сарбаланд бўлганини кўрганимдаги ҳаяжонимни сўз билан таърифлаш қийин. Ўша лаҳзаларда Ўзбекистондек буюк юртнинг фарзанди эканимдан ва унинг шарафини халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳимоя қилиш бахти насиб этганидан қалбимда фахр-ифтихор туйғуси жўш урди. Шу даражага етишим учун барча шарт-шароитни яратиб берган давлатимиз, мени қўллаб-қувватлаб турган ота-онам, мураббийларим, ҳамюртларим кўз олдимдан ўтди, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаганимдан беҳад қувондим.

Давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланганимда қувончу ҳаяжоним икки карра ошди.

Айни пайтда терма жамоамиз билан жорий йилнинг ноябрь ойида АҚШнинг Хьюстон шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати ва 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига ҳозирлик кўрмоқдамиз. Мақсадимиз ушбу нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллашдир. Зеро, халқаро спорт ареналарида Ватан шаънини ҳимоя қилиш – энг муқаддас бурчимиз!

Яна ўқинг:  ҲАЁТИ ИБРАТ, СЎЗИ ҲИКМАТ

Руслан НУРУДИНОВ,

оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони (ЎзА)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: