ФОТОИЖОДКОР НИГОҲИ “ҚУЁШЛИ ТОМОНЛАРДА”
Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида “Қуёшли томонда…” деб номланган фотокўргазма ташкил этилди.
Мазкур кўргазмада гўзал ва мафтункор, тинч ва осойишта Ватанимизни йилнинг тўрт фаслида ҳам қуёш тафти, таровати тарк этмаслиги фотографиянинг ранг-баранг жанр ва услублари орқали яққол акс эттирилган. Моҳир фотоуста Владимир Жирнов ҳамда шогирдларининг фотосуратларида қалбга яқин манзаралар – қорли чўққилар, мусаффо осмон, гўзал боғ ва хиёбонлар, шарқираган фавворалар, бахтиёр юртдошларимиз, энг улуғ ва азиз байрамларимиз, она Тошкентимиз завқли, ёрқин тарзда ифодаланган.
Кўргазмадан ўрин олган 70 дан ортиқ фотосуратнинг ўзига хос жиҳати – уларда нур ва соя, ёруғлик ва илиқлик, ижодкорларнинг шу табаррук заминга меҳр-муҳаббати, ҳурмат ва эҳтироми, қалб ҳарорати томошабинларга моҳирона тарзда етказиб берилган.
Д. ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod”мухбири