ВАТАНГА МУНОСИБ ҒАЛАБА

Сиз афсонавий Камелотни бунёд қилган, ўша машхур афсунгар Мерлиннинг дўсти бўлган адолатли қирол Артурни яхши биласиз. Мен ҳам уни гўзал бир ривоят қаҳрамони сифатида билардим. Фақатгина афсона қаҳрамони. Яъни, ўйлаб топилган, ҳаётда мавжуд бўлмаган тўқима сифатида… Англия афсонаси, тўқима образи сифатида…. аммо кеча тунда нафақат мен балки бутун дунё, шу жумладан инглизлар ҳам қирол Артурнинг аслида хаётда мавжуд экани ва унинг ЎЗБЕК эканига гувоҳ бўлишди. Ўзбекнинг ўз йўлида ТОЙМАС ўғлони Артур Таймазов яна бир бора Олимпиада чемпиони бўлди. Айнан у бу сафар ҳам олтиннинг таъми қандай эканини барчамизга эслатди. Том маънода афсонага айланди Артур. Зеро, тўрт бора Олимпиада финалига чиқиш ва ундан учтасида кетма-кет ғалаба қозониш ҳар бир спортчининг орзуси десак муболаға бўлмайди. Ёш спортчилар учун эса бу мўъжизадек туюлади.

Артур Таймазов яна бир бора Олимпиада чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлиб ўзининг афсонавий спортчи эканини исботлади. Медаллар шодаси бизга тобора қўл етмас орзу бўлиб бораётган бир пайтда Артур уни ҳақиқатга айлантирди. Кўксимизни тоғ, димоғимизни чоғ қила билди.

Шу куни ўзбекистонлик Артур ҳақидаги афсона бутун Англияни маҳв этди. Артурнинг ўзи эса яна бир бор Олимп чўққисини забт этди.

Дастлаб чорак финалга чиқиш учун германиялик Ник Матюхин билан куч синашган Артур уни катта устунлик билан, аниқроғи 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Шундан сўнг спортчимизнинг чорак финалдаги рақиби эронлик Комил Гашеми бўлди. Осиё чемпионати кумуш медал соҳиби бўлган Гашеми ҳам Артурга жиддий қаршилик кўрсатди. Полвонимиз уни ҳам икки раундда енгиб ярим финал йўлланмасини ҳал қилди. Ярим финалда спортчимиз АҚШлик таниқли курашчи Панамерика чемпиони ва жаҳон кубоги соҳиби Тервел Длагнев билан учрашди. У билан жангда Артур соф ғалабага эришди ва бу билан Олимпиада ўйинларининг финалига чиқди.

Ҳал қилувчи баҳсда жаҳон чемпионати совриндори грузиялик Давид Модзаманашвили билан куч синашган ҳамюртимиз рақибини мағлубиятга учратди ва Лондон Олимпиадасининг олтин медалига сазовор бўлди.

Президентимиз томонидан Ватанимизнинг юксак мукофотлари – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи”, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари ва “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани бежизга эмаслигини Артур Таймазов яна бир бор исботлади.

Яна ўқинг:  Тупроқдан зар топган олим

Беллашувлар олдидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 21 йиллигига Олимпия ўйинлари олтин медалини туҳфа қилишни ният қилган Ватан ўғлони халқимиз ишончини оқлади.

Финал баҳсини томоша қилар эканман Россия, Польша ва яна бошқа кўплаб давлатлар мухлисларининг айнан Артурга мухлислик қилаётганини кўриб очиғи ўзбеклигимдан яна бир бора фахрланиб кетдим. Барчанинг меҳрини қозона олган Артурга чемпионлик учун катта раҳматлар айтамиз. Зеро, бу сафар фақат угина терма жамоамиз хазинаси олтин билан бойишини таъминлади.

Мамлакатимизда спортга берилаётган эътиборнинг самарасини Артур Таймазов мисолида яна бир бор гувоҳи бўлдик. Президентимиз томонидан спортга берилаётган юксак эътибор ўзининг ижобий натижасини бериб келмоқда. Зеро, 2009 йил 5 январда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг ХХХ ёзги Олимпиада ва XIV Паралимпиада ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида”ги Қарорининг самараси бугун Артур Таймазовнинг уч карра Олимпиада чемпиони деган унвонга сазовор бўлганида яққол кўринмоқда. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фармонига биноан Артур Таймазовнинг “ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ” ордени билан тақдирланганлиги ҳам бизда спортга ва спортчиларга Юртбошимиз томонидан нақадар юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганининг ёрқин намунасидир.

Бугун мамлакатимиз ОАВнинг асосий нигоҳи Артурга қаратилган. Бу ҳали бошланиши, ҳали дунёни лол қолдирадиган спортчиларимиз кўплаб етишиб чиқади. Ана шунда биз журналистлар ҳам уларнинг қайси бирлари ҳақида мақола ёзишни билмай шошиб қоламиз. Албатта, шундай бўлади. Спортга, инсон қадр-қимматига бунчалар юксак эътибор бериладиган Ватанда бундай бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Зеро, бу муқаддас Ватанда – азиздир инсон.

Тарихдан маълумки бобокалонимиз Жалолиддин Мангубердининг кўрсатган жасоратидан таъсирланган Чингизхон ҳамма ўғлимни биргина шу йигитга алмашардим деган. Биз рақибларини ҳам қойил қолдирган мардлар авлодимиз, шундай экан биз албатта уларга лойиқ бўламиз. Артур Таймазов буни яна бир бора исботлади. Унинг қозонган ғалабасидан сўнг нафақат биз балки бутун дунё “Ўғлинг бўлса шундай бўлсада. Яшавор, полвон!” деган бўлиши шубҳасиз. Энди Артур афсонаси анчагача дунё кезади.

У тўғрисида яна янги-янги афсоналар тўқишади…

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: