КЕКСАЛАРГА БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ
Яқинда Тошкент вилояти Қибрай тумани Тузель ҚФЙда 9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса ёшдаги аҳолига байрам дастурхони ёзилди. Йиғинда 200 нафарга яқин етмиш ёшдан ошган нуронийлар иштирок этди.
– Ўзбекистонда ҳар бир инсон эътиборда. Буни амалга оширилаётган кўплаб хайрли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди Тузель ҚФЙ раиси Абдунаби Темирбеков. – Жорий йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниши ҳам ҳукуматимиз томонидан биз кексаларга қаратилган улкан эътиборнинг наъмунасидир.
Байрам тадбирида мактаб ўқувчилари томонидан тақдим этилган ижодий чиқишлар орқали йиғилганларга ёш авлоднинг Ватанимизнинг тарихи ва нурли истиқболи ҳақидаги тасаввурлари намойиш этилди. Дастурхонга палов тортилди.
– Қишлоғимизда истиқомат қилаётган кексаларимизнинг ҳолидан доимо хабар олиб турилади, – дейди “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мўминжон Маҳмудов. – Тадбирлар, шодиёна ва ҳашарларда етти ёшдан етмиш ёшгача барча уюшқоқлик билан иштирок этади. Кексаларимиз эса бу эзгу ишларда ҳамиша бош-қош.
Файзли кеча сўнгида ёши улуғ инсонлар дуога қўл очар экан “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, фарзандларимиз бахтли бўлсин”, дея ният қилишди.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга кўтаринкилик бағишлади.
Ф.ТОЛИПОВ