Оғиз сути – гўдак таомномасидаги илк озуқа

Болаларнинг ривожланишида оқилона овқатланишнинг аҳамияти хусусида

Фарзандингизни меъда-ичак тизими аъзолари хасталиклари ва бошқа касалликларга дучор бўлмаслиги учун уни тўғри овқатлантириш зарур. “Касални даволагандан кўра уни олдини олиш осон” дейишади донолар. Гўдакни тўғри овқатлантириш уни илк туғилган дақиқаларидан бошланади. Чунки, бола илк бор оғиз сути орқали эмланади. Оғиз сути касалликларга қарши иммуноглобинларга бой бўлади. Ушбу сутни эмган гўдакнинг турли касалликларга чалиниш эҳтимоли анча камаяди. Мабодо бола касал бўлиб қолса ҳам хасталик асоратсиз кечади.

Албатта, оғиз сути қуюқ ва кам миқдорда чиқади. Шунга қарамасдан оналар сабр-тоқат билан фарзандини оғиз сутига тўйдириб эмизишса уни ҳар хил касалликларга чалинишини айниқса, юқумли хасталикларга чалинишининг олдини олган бўлишади. Болалар ва ўсмирлар учун тўғри овқатланишнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Организмнинг ривожланиши учун зарур бўлган барча турдаги микроэлементлар, витаминлар, оқсил ва углеводлар озиқ-овқат маҳсулотлари орқали вужудга тушади.

Кальций, фосфор каби моддалар суяк тўқимасининг асосини ташкил этади. Улар скелет мушаклари фаолияти учун фосфор эса асаб тизими учун жуда муҳимдир. Фосфорга бўлган эҳтиёж кунига камида 1,5 граммдир. Магний элементи эса юрак мушакларига ижобий таъсир этади. Кальцийнинг асосий манбаи сут маҳсулотларидир. Бу модда ёш болалар учун жуда муҳим ўрин тутади. Ушбу модда суяклар ва тишларнинг шаклланиши учун зарур ҳисобланади.

3-7 ёшли болаларга кунига 600 мл. гача сут, қатиқ ёки сузма бериш тавсия этилади. Кальцийга бўлган эҳтиёж бир кеча-кундузда тахминан боланинг ёшига қараб 1-1,5гр.ни ташкил этади. Орга-низмда кальций етишмаса жиддий касалликларга олиб келади. Булардан боланинг ҳаётига хавф солувчи тутқаноқ хуружи – “шайтонлаш” ва суяк тизимидаги салбий ўзгаришлардан “О” ёки “Х” си-мон оёқлар, умуртқа поғонасининг қийшайиши, ясси оёқлик, рахитик чаноқ суяги кузатилиши мум-кин. Бундай ҳолат айниқса, қиз болаларда кузатилса келажакда бўлғуси онада туғруқ жараёни қий-ин кечиши ва ҳаттоки, унда жарроҳлик усулини қўллаш ҳам зарур бўлади.

Боланинг ўсиши ва ривожланишида витаминларнинг аҳамияти

Бош миянинг шаклланишида оқсил, фолий кислотаси ва тўйинмаган ёғ кислоталари керак бўлади. Оқсиллар икки хил бўлади. Яъни, ўсимлик ва ҳайвон оқсиллари гўдаклар организмининг ривожланишида ўзига хос ўринга эга. Чунки, улар организм учун “қурилиш ашёлари” ҳисобланади. Гўшт маҳсулотлари оқсил ва темир элементига бой ҳисобланади. Буларга барча турдаги гўштлар (мол, қўй, парранда, балиқ гўшти) киради. Шунинг учун бола 7-8 ойлик бўлганидан бошлаб гўшт истеъмол қила бошлаши керак. Мош, ловия, нўхат, ясмиқ (чечивица) каби дуккаклилар эса ўсимлик оқсилларига бой бўлиб, уларнинг организм томонидан ўзлаштирилиши осон. Бола таомномасидаги бундай маҳсулотлар ҳам албатта педиатр билан маслаҳатлашган ҳолда берилиши керак. Чунки, улар аллергияга мойил беморларда хасталикни кучайтириб юборади. Организмда оқсилнинг етишмаслиги натижасида камқонлик, вазн камайиши, иммунитет пасайиб кетса оқсилнинг етишмаслиги натижасида тез-тез турли касалликларга чалиниш, хотиранинг сусайиши, жуда оғир ҳолатларда эса шишлар пайдо бўлиши ҳам учрайди.

Яна ўқинг:  Оғиз бўшлиғи касалликлари

В6 витамини танқислиги эса аминокислоталарнинг синтезини сусайтириб, уларни тўқима ҳужайраларига етказиб бера олмайди. Тўқималарнинг кислород билан таъминланиши бузилади. Углеводлар энергия манбаи ҳисобланади. В6 витамини танқислиги эса углеводларнинг энергияга айланишига тўсқинлик қилади. Қон ишлаб чиқариш жараёнини сусайтириб, қонни қуюқлашиб қолишига сабаб бўлади.

В12 витамини етишмовчилиги натижасида ҳужайра ва тўқималарнинг кўпайиш, асаб толаларида импульсларнинг ўтказиш хусусиятини сусайишига олиб келади. Барча турдаги модда алмашинуви пасаяди. Асаб толаларнинг яллиғланиши ва уларнинг оғриққа бўлган сезувчанлиги кучаяди. Қон ҳосил қилувчи тизим фаоллиги пасаяди.

Нотўғри овқатланиш хасталикка сабаб бош омил

Болага ҳар куни фақат бир хил углеводлардан иборат овқатлар берилса гўдак ҳаддан ташқари семириб, хомсемиз бўлиб қолади. Бунга ширин чойга нон тўғраб бериш, шакарли ширгуруч, манний бўтқаси, макаронли овқатлар, меъёридан ортиқча қандолат маҳсулотлари кабилар киради. Семиз болаларда нафас йўллари касалликларига чалинишга мойиллик кўп кузатилади. Уларда касаллик кўпинча оғир шаклларда ва асоратли ўтади. Баъзи оналар кўпинча бувижонлар ҳам боланинг қорни тўқ бўлса кўпроқ ухлайди ва тезроқ семиради деган мақсадда унга пишган думба ёғини шимдириб қўйишади. Ёки юмшоққина деб шу ёғга қилинган атала беришади. Эсингизда тутинг азиз ота-оналар! Думба ёғини ҳазм қилиш нафақат гўдак вужудига балки катталарнинг организмига ҳам оғирлик қилади.

Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яллиғланишига юқорида айтиб ўтилган сабаблар билан бир қаторда овқатланишнинг сифат ва ҳажм жиҳатидан бузилиши ҳам асосий ўринда туради. Буларга ёғли, аччиқ, қовурилган, дудланган, маринадланган (сиркали) озиқ-овқат маҳсулотлари, “чипс”, “кириешка”, ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ овқатлар, турли сунъий бўёқли газли ичимликларни истеъмол қилиш кабилар киради. Ундан ташқари овқатдан кейин ичилиши керак бўладиган дори воситаларини оч қоринга ва наҳорга ичиш ҳам ушбу касалликларнинг ривожланишига туртки бўлади. Яъни, аспирин, парацитамол, гормонлар, антибиотиклар ва бошқа шу каби дори воситалари.

Шунинг учун дори-дармонларни қайси пайтда ичиш лозимлигини аниқ билиб олиб шунга риоя қилсангиз меъда яллиғланишининг олдини олган бўласиз. Болада озиқ-овқатларга аллергия бўлишига қарамасдан аллергия чақирувчи овқатларни ёки цитрус меваларни истеъмол қилишга ундаш ҳам меъда касаллигини келтириб чиқаради. Агар меъда-ичак тизимидаги яллиғланишга ўз вақтида эътибор берилмаса, парҳезни бузиш давом этилаверса беморда бундай ҳолат меъда-ичак яраси касаллигига ҳам ўтиб кетиш эҳтимоли йўқ эмас.

Яна ўқинг:  Шифокорлар: “Кўп сув ичинг” дейиши сабабини биласизми?

Зулхумор УМАРНАЗАРОВА,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: