Ўпкадан ташқари сил ҳақида нима биласиз?

Фтизиатр билан ҳамкорлик – бу хасталикка ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш имкони

Беморга сил юққанда тананинг ҳамма аъзо ва тизимлари шикастланиши мумкин. Чунки, бу хасталикнинг шакл ва клиник-морфологик кўринишлари кўп қиррали, умумий келиб чиқиш сабаблари бир хил касалликдир. Сил фақат ўпкада эмас барча аъзоларда учраши аниқланган. Ўпкадан ташқари сил кўпинча буйрак, суяк-бўғим, пешоб-таносил, қорин бўшлиғи аъзолари, лимфа тугунларида бўлиши мумкин. Бундай кўринишдаги касаллик кўпинча клиник жиҳатдан яширин ҳолатда кечади. Хасталикка тўғри ташхис қўйиш учун фақат энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар зарур. Жумладан, ультратовуш текшируви усулларини қўллаш яхши самара беради.

Сил таёқчалари организмга тушгандан сўнг яшовчанлигини узоқ вақт сақлаб қолади. Орадан кўп йиллар ўтиб, иммунитет тушиб кетган организм учун ноқулай шарт-шароитлар таъсирида ўпка, буйрак, лимфа тугунлари, қорин бўшлиғи аъзолари, тери, марказий асаб тизими ва бошқа аъзоларда сил ривожланиши мумкин.

Ўпкадан ташқари сил эпидемик ҳолатнинг ривожланишида ҳам аҳамиятга эга.

Унинг ташхиси мураккаб. Хасталикни замонавий асбоб-ускуналардан фойдалангандагина ўз вақтида аниқлаш мумкин. Ҳозирги вақтда рентген ва радиологик усуллардан ташқари тиббий тасвирларни янги усуллар билан текшириш кенг қўлланилмоқда. Компьютер ва магнит-резонанс томографияси, ультратовуш текшируви шулар жумласидан. Зарарсизлиги, юқори кўрсаткич бериши, нисбатан арзонлиги, кўп маротаба текшириш имкони борлиги билан ультратовуш текшируви тезда тиббиётнинг ҳамма соҳаларига, шу жумладан, фтизиатрияга ҳам кириб келди.

Юрак, қон-томир, қорин бўшлиғи аъзолари, буйрак ва таносил аъзолари, эндокрин безлари, суяк-бўғим ва лимфа тизими касалликларини текширишда ультратовуш текшируви катта имкониятлар очиб беради.

Маълумот учун шуни айтиб ўтиш жоизки, ўпкадан ташқарида учрайдиган сил Европа мамлакатларида 25 фоиз, АҚШда 30 фоиз, Канадада 50 фоизни ташкил қилган.

Бу касаллик ўпкадан бошқа аъзода экани ўз вақтида аниқланмаса, бемор бошқа касалликнинг ташхиси билан нотўғри муолажа олиб юраверади. Чунки, ташхиси тўғри қўйилмаганлиги туфайли даволаниш фойда бермайди. Баъзи беморлар пиелонефрит, цистит, буйрак-тош касаллиги ва бошқа ташхислар билан узоқ вақт урологда даволаниб юришади. Бироқ, уларнинг даволанишларидан ҳеч бир самара бўлмайди. Етук мутахассис замонавий ускуналар ёрдамида бу беморда аслида буйрак сили борлигини аниқлайди. Бемор шу ташхис асосида муолажа қилингандагина тезда шифо топади.

Яна ўқинг:  Эрта никоҳ – хатарли ришта

Худди шундай эркак ва аёл пешоб-таносил аъзолари силида беморлар узоқ йиллар давомида андролог ва гинекологда бепуштлик билан самарасиз даволаниб юришади. Суяк-бўғим тизими силида беморлар остеохондроз, умуртқа чурраси, оқма яралар билан травматолог, невропатолог ва жарроҳларда самарасиз даволанадилар. Қорин бўшлиғи аъзолари силида беморларда кўричак, меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси, ичак тутилиши ва бошқа ташхислар билан жарроҳлик муолажалари ўтказилган ҳоллар аниқланган. Беморлар аҳволи ёмонлашгачгина силга қарши диспансерларга юборилади. Ташқи лимфа тугунлар сили билан беморлар кўпинча онкологларда самарасиз даволанадилар.

Ҳозирги эпидемиологик аҳвол ва сил хасталигининг клиник кечиши натижасида ўпкадан ташқари сил шакллари кўпайиб боряпти. Буйрак, таносил аъзолари, суяк-бўғим тизими аъзолари, лимфа тугунлари сили, қорин бўшлиғи аъзолари сили шулар жумласидандир.

Марказимизда Марказий Осиёда биринчи бўлиб ўпкадан ташқари аъзолардаги силни эрта аниқлашда ультратовуш текшируви кенг қўлланиляпти. Бу усул ёрдамида буйрак, эркак ва аёл пешоб-таносил аъзолари, лимфа тугунлари, қорин бўшлиғи аъзоларидаги деструктив емирилишлар тезда аниқланиб ўз вақтида асоратларсиз даволанади.

Миразим ҲАКИМОВ,

Республика Фтизиатрия ва пульмонология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази катта илмий ходими,

тиббиёт фанлари номзоди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: