ДЕМОКРАТИЯ ВА ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ МЕЗОНИ

Юртимизда шу кунларда мамлакатимизнинг Асосий Қомуси қабул қилинганлигининг 20 йиллиги кенг нишонланмоқда. Унинг аҳамияти, ҳаётимиздаги ўрни ҳақида Муҳтарам Президентимиз гўзал таъриф берган: “Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қобусномадир. Шу маънода асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради”. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратди, шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётган давлатимиз, миллатимиз рамзидир.

ЎЗБЕКИСТОН РАМЗЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 5-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўзбек давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Байроғи, герби, мадҳияси каби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, рамзидир.

Мамлакатимиз ҳаётини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш Бош Қомусимиз зиммасига юкланади. Конституция давлат ҳокимияти субъектларини ва олий давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи таянч, ҳуқуқий актдир. Унда Республика давлат суверенитети, (I боб), халқ ҳокимиятчилиги (II боб), Конституция ва қонуннинг устунлиги (III боб) акс эттирилган.

Унда мамлакатимизнинг ҳуқуқий ва иқтисодий негизлари(ХII боб), яъни мустақиллиги расман қайд этилди, давлатнинг халқаро ҳамжамият аъзоси сифатидаги мақоми расмийлаштирилди, ҳокимият ваколатларининг бўлиниши тамойиллари аниқлаштирилди. Давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши муҳрлаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилиши белгилаб берилди (ХVI боб).

“Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади” деган нормани Конституциянинг 11- моддасида мустаҳкамлаб қўйилганлиги муҳим кафолатларидан бири бўлиб, умумхалқ манфаатларига хизмат қилади ва бир-биридан мустақил, бир-бирига тобе бўлмаган, лекин бир-бирини назорат қиладиган, ҳокимиятнинг уч тармоғи мавжудлигини ифодалайди.

ИНСОН ЭНГ МЎЪТАБАР МАВҚЕДА

Конституцияда инсон энг мўътабар мавқега кўтарилди. Эътибор қилсангиз, “Асосий принциплар” (I-бўлим)дан сўнг дарҳол “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” (II- бўлим) бошланади.

Шунингдек, асосий қонунимизнинг 60дан ортиқ бандида инсон ҳуқуқлари ифода этилиши юртимизда инсонга берилаётган юксак эътиборни кўрсатади. II- бўлим “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланади. Бу ерда нега ҳам инсон ҳам фуқоро сўзи ишлатилаяпти? Чунки, юртимизда мамлакатимиз фуқароси бўлмаган кишилар ҳам яшайди. Масалан, мамлакатимизга ишлашга келган инсонлар, хорижлик талабалар ҳам бор. Бош Қомусимиз уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ўз ҳимоясига олади.

Яна ўқинг:  BIZ DUNYOGA YUZ TUTDIK

КОНСТИТУЦИЯВИЙЛИК ДЕГАНДА НИМАНИ ТУШУНАМИЗ?

Конституциявийлик мамлакатнинг бош Қомусида белгиланган қоида ва тамойилларга қатъий амал қилинишини тақозо этади. Асосий қонунимизнинг учинчи бобининг 15 ва 16-моддаларида конституциявийлик тамойили ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциявийликни таъминлаш учун олий давлат органларининг фаолиятини Асосий Қонунга мослаштириш ва мамлакатда қонунийлигини ўрнатиш лозим. Демак, конституциявийлик охир-оқибатда қонун устуворлигининг муҳим ифодасидир.

Конституциямиз бугунги кунда мамлакат қонунчилик-ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий манбаси бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг ҳар бир моддасида бевосита ёки билвосита равишда белгилаб берилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурч ва мажбуриятлари парламентимиз томонидан қабул қилинаётган қонунларда ўзининг том маънодаги ҳуқуқий ечимини топмоқда.

Масалан, Бош Қомусимизнинг “Сайлов тизими” деб номланган 23-боб, 117-моддасининг биринчи қисмида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади…” деб белгиланган. Мазкур Конституциявий норма 1994 йил, 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида янада кенгроқ ифодаланган.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасидаги “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деган конституциявий норма “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида (1998 йил, 1-май) очиб берилган.

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНЛАР КАНДАЙ ҚОНУНЛАР?

2002 йил 27 январда ўтказилган референдум якунларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг VIII ва X сессияларида давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асосий тамойилларини белгилаш билан боғлиқ жуда муҳим “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунлар қабул қилинди.

Айнан шу қонунлар асосида, қонунларда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Асосий Қонуннинг 30 та моддасига дахлдор бўлиб, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, яъни Ўзбекистон Парламенти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг конституциявий мақоми ва ваколатларини тартибга солувчи нормалар бўлди.

Яна ўқинг:  ОАВ: ВАЗИФА ВА МАСЪУЛИЯТ

“Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилиниши муносабати билан 2007 йил 11 апрелда киритилган қўшимча ва ўзгартишлар Ўзбекистоннинг кучли ҳуқуқий демократик давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари тамойилни ўзида ифода этади. Унда давлат бошқарувини янада демократлаштириш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи тармоқлари, ҳукумат ва жойлардаги давлат органлари зиммасига Конституция билан юклатилган ваколатларни амалга оширишдаги роли ва масъулиятини ошириш, шунингдек ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг таъсирини кучайтириш мақсади кўзланган.

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, жамиятда қонун устуворлигига эришиш, конституциявийликни таъминлаш, Конституцияда белгилаб қўйилган меъёрларнинг кундалик ҳаётимизда ўз аксини топиши фақатгина давлатга ёхуд ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг фаолиятига боғлиқ эмас.

Балки, фуқаролар конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, фуқаролик бурчларни билишлари, ҳуқуқий билимларга эга бўлишлари, ўз ҳуқуқларини талаб қилиш ва уларни фойдаланиш кўникмаларига эга бўлишлари зарур. Бу эса ташвиқот ва тушунтириш ишларини янада такомиллаштиришни тақозо этади.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: