Баҳодир лаҳзалар этади давом

Полвон юксаклардан кўз узма бу дам,

Бор ҳали қанотсиз учган отларинг!

Баҳор. Майсалар қулоқ ёзган кўпкари дашт. Олисда юзаси жимир-жимир товланаётган балиқчилик ҳавзалари кўзга ташланади.

Бу ерда қадамига интизор даласидан бир кунгина кўнглини узолган миришкору чўпонтаёғини тин олдиришга қарор қилган чорвадорлар жам бўлишган. Сайҳонликда отлар пишқириғи қайнайди, сон-саноқсиз томошаталабларнинг ғала-ғовури авжига чиқади. Майдонда ўтмиши кўп минг йилга борадиган асл қорабайирларнинг кенжа авлодлари улоқнинг ташланишини кутади. Полвонлар вужудини бемисл шижоатга чулғаётган ҳовурдан маст бўлиб, қурдагиларнинг имосига илҳақ туради. Тулпорларнинг карракдай очилган оғзидан, сарак-сарак қилаётган тумшуғидан паға-паға буғ отилади. Узун чопонига ўраниб олган отбозлар арғумоқларини доира айлантириб, ҳуштак чалиб овутиб совитади. Эндигина тўда кўраётган ғунонлар ўйноқлаб, соат милидек гир-гир айланади.

Осмонида озод турналар арғамчи тортишга чоғланаётган ўлкада тўкинчиликнинг ҳавоси кезади. Қўрага чибич эчкидан туягача жам қилган баковул ўктам овоз билан товушлайди:

– Эрмамат ҳожининг кўпкарисига Саримсоқ буғалтир бир қўй, Ўринбой сандиқчи бир серка, Абдурайим отбоз бир гилам билан бир қўй, Берди раис икки юз минг сўм пул устида бир бухоро чопон, Ғолиб беданачи бир така устида икки палос, Мирзаэсагидан Амир автобусчи бир той, қоракисалик Ҳасан фермер бир той, беш юз минг сўм пул, жияни Ҳазрат даллол бир туя солим айтган…

Солим айтувчиларнинг номма-ном эълон қилиниши ишқибозларнинг сабрини қиёмга келтиради. Четроқда от устида турган кекса полвон:

– Ҳар замонга – бир замон! – дейди шеригига қараб. – Туроб ака, биз ҳам бир пайтлар иккита коса ёки бир жуфт калиш учун тўда суриб “полвонман” деб ўтган эканмиз-да. Бугунги солимларни қаранг, зот катта бўлгандан кейин кўпкарининг шавқиям бошқача бўлади-да.

– Тўғри айтасиз, – маъқуллайди юзини ажин қоплаган оқсоқол. – Замонангга салламно!

– Бугунги йиғинда тўйхонадан ўттиз “тавоқ” бўлади, – баковул тағин даврага юзланади. – Яна солим айтишни кўнгилдан ўтказганлар бўлса келаверсин. Эл олдида бақириб-бақириб эълон қиламан. Ҳо-ов, мана Қирғизтепадан Олтмишбой инимиз келди, унинг номидан бир тана устида уч юз минг сўм пул…

Кун тушга яқинлашавергани сайин солим айтувчиларнинг сафи қалинлашиб боради. Қувмада отларини қизитиш учун бир қўл така тақимлаган донгдор чавандозлар зерикиб, тўда-тўда бўлиб ўтган саргузаштлардан гап суради. Ёш полвонлар пайт келганлигидан айқиришиб, кимўзарга ўзларини галага уради. Тиззабўй куртик оралаб келаётган йилқисеварлар қишлоғининг отларини оғиз тўлдириб мақтайди. Чопағонларини учратса “Ҳей, зотнинг зўрига чоп!”, – деб ғолибликка ундайди. Шаънига дуо қилиб, рағбат учун бир-икки сўм узатади. Жунбуши зўрлари “Туяга ташласанг бир қўй сўйиб меҳмон қиламан”, дея ваъда беради. Қияликларда жойлашган кабобчи ва тоғора кўтарган сомсачилар издиҳомнинг авжини кўриб, савдони хомчўт қилади. Онда-сонда учраб қоладиган шаҳарликлар бўйнини гажак қилиб турган ёки кўкка сапчиётган асов отларни ҳайратланиб томоша қилади.

Яна ўқинг:  Булутларга ёндош осмон остида

Кўҳна ўтмишнинг сиру синоатларини бағрига босиб ётган кенгликларда шаъни баланд аждодларнинг музаффар авлодлари зот талашади, ор-номус талашади. Бу хислат кайвонилар фотиҳасини олиб майдонга тушаётган чавандозларга боболаридан ўтган.

Тарихий манбалардан маълумки, қадимдан туркийлар от илмини жуда яхши билишган. Олимларнинг таъкидлашича, уларнинг бу хислати ўз даврида беқиёс мактаб яратишларига туртки бўлган экан. Яна, баъзиларнинг: “Техника ривожлангунга қадар тараққиёт жилови отлиқнинг қўлида эди” деган гапида ҳам жон бор. Феълимиздаги отга яқинлик кўпмингйиллик ҳодиса. Бўлмаса, йилқини уйнинг жонли аъзоси сифатида қадрлармидик?! Аслида, бу фазилат “Алпомиш” ва “Гўрўғли”даги эпик таҳайюлга сингиб кетган афсонавий отларимиздан мерос.

Яна бир гап. Мозийда шарқу ғарб остоналарини кўз очиб юмгунча босиб ўтган асл зотли қорабайирларнинг бугунги авлодларига биргина улоқ майдонлари қолганидек, ёвқур аждодларимиздан бизга кўпкари майдонларидаги шижоат ва ғолибликка интилиш мерос қолган.

Тепада қуёш чарақлаб турса-да, адирликнинг “ҳур-ҳур” шамоли этни жимирлатади. Зўрларнинг маррани ишғол этишини кутаётган томошаталабларга бу ҳарорат таъсир қилмайди. Улар ич-ичидан кўтарилаётган ҳовур билан полвонларини олқишлайди. Қамчиларнинг визиллаши, чавандозларнинг зардали урҳо-ури, оламоннинг ҳайқириғи кинолардаги жанг симфониясини эслатади.

Гала ҳаракатга келади. Улоқнинг ҳадисини олган отлар тўдадаги сўққи жон-жонидан ўтиб кетса-да, сувлиқ ғижирлатиб чавандозининг такани тақимига олишини кутади.

Баковулнинг гулдирак овози янграйди:

– Боришига – бир қўй-бир серка, келишига – бир қўй-бир гилам билан юз минг сўм пул.

Ниҳоят, шоир битган лаҳзалар бошланди:

Бошида қулоқчин – увада телпак,

Шунқор кўзларида ёнар шижоат,

Давраси гирёну шашти жонсарак,

Чавандоз улоқни ердан узди даст.

Ҳайқириқ, урҳо-ур тутди самони,

Отлар тўдасида сапчиди тулпор,

Елкасига ташлаб эски чопонни

Полвоннинг падари турар бевиқор.

Дулдуллар пишқирар, босар ғалаён.

Бургутлар галаси талашар гўё,

У-чи, бир чеккада шивирлар бу он:

“Ё, Ҳақ мадад бергин ўзинг, илоё!”

Қамчи чатиб ўтди рақиб олдидан,

Кетди ойботарга қарчиғай каби.

“Сен, менинг умримни яшадинг шу дам,

Баракалла!” – дерди падарин қалби.

Силтаб ташлаб ўтди тойнинг улоғин,

Куч бермай шамолдек учади бедов.

Бу, донгли ҳаётнинг шонли сабоғи,

Ҳад билмас умрнинг жиғаси – асов!

Майдон терчилайди, лойланар ҳар ён,

Яна ўқинг:  Ижарага уй олмоқчиман: унинг қонуний асослари қандай?

Баҳодир лаҳзалар этади давом!

Анвар СУЮНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: