ТАДБИРКОРЛИК КАСБ ТАНЛАМАЙДИ

Сайёра ўша куни севинч ва ҳаяжондан туни билан ухлай олмади. Чунки, эртага унинг тадбиркорлиги орқасида яхши ниятлар билан қуриб битказилган спорт майдончаси Бобур маҳалласида вояга етаётган ёш авлодга топширилади.

Эртаси куни туман ҳокимлиги, туман “Камолот” ЁИҲ Кенгаши, таълим муассасалари раҳбарлари, тиббиёт маскани ва Бобур маҳалласи фаоллари иштирокидаги ёш авлодни соғломлаштириш йўлида бунёд этилган сунъий қопламали спорт майдончасининг очилиши байрамга айланиб кетди.

Мазкур тадбирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Шўрчи туман субфилиали Хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг раиси, ҳамшира Сайёра Абрайқулованинг ғайрат-шижоати, фидойи ва меҳнатсеварлиги ҳақида мамнуният билан сўзлар экан, ўзбек хотин-қизлари орасидан етишиб чиқаётган ана шундай серғайрат, тадбиркор, эл корига мадад бўлаётган хотин-қизларимизнинг кўплигини фахр билан таъкидлади. Ўша куни Сайёра Абрайқулова эл корига ярашликнинг энг катта бахт эканлигини яна бир бор теран ҳис этди.

Ҳа, “Интилганга толе ёр” дейдилар. Сурхондарёлик Сайёра Абрайқулова ҳам суяги меҳнатда қотиб улғайди. Одамларга меҳр қўйиб, катта бўлди. Тўққиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараган, уларни ўқитиб, олий маълумотли ва касб-ҳунарли қилган отаси Йўлдош бобо ва онаси Майсара аянинг ўгит ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлиб ўсди. Ёшликдан оқ халатли шифокорларга ҳавас қилиб, ҳамширалик касбини танлади.

1987 йилда Термиз тиббиёт коллежини тугаллаб, Шўрчи Тиббиёт Бирлашмаси терапия бўлимида ўз фаолиятини бошлаган Сайёра Абрайқулова амалиётлар мобайнида тажрибали шифокорлар – профессор, тиббиёт фанлари доктори Акбарали Маҳмудов, терапевтлар Абдужалил Жумаев, Файзулло Алиқулов, ҳамширалар Пардахол Норбоева, Ҳалима Қаршиевалардан беморларни парваришлаш, тиббий амалиётларни мукаммал бажариш, муомала маданияти ва ишга масъулият билан ёндашиш сирларини ўрганди. Ота-онасининг “Доимо яхшиликнинг бошини тутинглар, фарзандларим!”, – деган ўгитларини қалбида сингдирган Сайёра журъат билан яратувчанлик, бунёдкорлик ва тадбиркорлик ишларига қўл урди.

Ўз ишидан ажралмаган ҳолда 2009 йилда давлат банкидан 14 млн. сўмлик қисқа муддатли кредит олиб, ўзининг “Deymоnd” гўзаллик салонини очди ва уч нафар янги ишчи ўринларини яратди. Уч йилдан сўнг эса яна “Қишлоқ қурилиш банки”дан 70 млн. сўмлик кредит олиб, ёшлар учун соғломлаштириш спорт майдончаси қурилишини бошлаб юборди. Ишлари бароридан келиб, жамоасида ўз ўрнини топди.

Яна ўқинг:  Китоб байрами – байрамларнинг аълоси

Сайёра Абрайқулованинг фаоллиги, касбига бўлган меҳр-муҳаббати, изланишларини эътиборга олган тиббиёт муассасаси раҳбарияти уни Хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг раиси этиб тайинлади. Бундан ташқари ҳар ишда фаоллиги туфайли элга танилиб, Шўрчи туман Халқ демократик партияси томонидан Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига унинг номзоди кўрсатилди.

Қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш, бандлик даражасини ошириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, эл фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиш, туманда спорт тўгаракларини ташкил этиш каби вазифалар дастуридаги эзгу режалардандир. Сайёра Абрайқулованинг номзодлиги ва саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган сайловчилар унинг номзодига якдил овоз бердилар.

Режаларнинг дебочаси сифатида қисқа муддат ичида ишга туширилган спорт майдончаси Бобур маҳалласида вояга етаётган ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларида хизмат қила бошлади. Дастурда яна қўшимча спорт тўгаракларини очиш режалаштирилди.

Ҳа, депутат Сайёра Абрайқулова доимо изланишда. Шу боис у вилоят ва республика миқёсида ўтказилган турли кўрик-танловларнинг ғолибаси бўлди. Жумладан, у 2012 йилда “Йил аёли” ва “Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод Ватан” вилоят кўрик-танловларининг ғолиби, сервис хизмати соҳасида “Энг яхши тадбиркор аёл лойиҳаси” кўрик-танловининг республика босқичида II даражали диплом соҳибаси бўлди.

– Президентимизнинг биз аёлларга, хусусан, тадбиркорларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, яратиб бераётган кенг имкониятлари туфайли мен каби изланишдаги тадбиркорларнинг ишимиз бароридан келиб, эл-юрт олдида юзимиз ёруғ бўлмоқда. Айниқса, туман ҳокимлиги томонидан бизни қўллаб-қувватлаб, кўмак берилаётгани ҳам саъй-ҳаракатларимизнинг самарасига замин ҳозирлаётир. Қолаверса, қилаётган ишларимнинг барчаси шу она Ватанга меҳр-муҳаббатим, касбимга, туғилган она тупроғимга садоқатим, меҳнаткаш халқимизга бўлган ҳурматимнинг мевасидир,– дейди Сайёра Абрайқулова. – Режаларим мўл. Мен ҳали кўплаб аёлларни ўзим каби тадбиркорликка жалб этиб, уларга нафақат маънавий, балки, моддий кўмак беришни ҳам ният қилганман, – дейди у.

Ҳа, яна бир қувончли хабар. Яқинда Сурхондарё вилоят Хотин-қизлар қўмитасининг мутасадди ва масъул ходимлари туманларда янги лойиҳа бўйича қишлоқ аёлларига ижтимоий-маънавий-маърифий ёрдам кўрсатиш “Аёллар саломатлик ҳамда гўзаллик маркази” очилиши бўйича энг масъулиятли вазифани унга ишониб топширишди.

Марям АҲМЕДОВА,

Сурхондарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: